Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат ҳимояси кучайтирилади

 

Ҳар қандай жамиятнинг демократик, адолатли тамойиллар асосида ривожланиши, албатта, аҳолининг барча қатламларига тенг шароит ва имкониятлар яратиш вазифасини қай даражада бажараётгани мезони билан баҳоланади. Кечагина Ўзбекистон Президенти томонидан қабул қилинган икки муҳим ҳужжат ватанимизда ана шу ижтимоий адолат талабларга риоя этилиши катъий назоратга олинганидан далолат беради.

Маълумотларга кўра, дунё аҳолисининг қарийб 15 фоизида у ёки бу даражада жисмоний нуқсон кузатилмокда ва бу кўрсаткич йиллар давомида ўсиш тенденциясига эга. Бу ҳолат инсоният умри давомийлиги узайиб бориши, сурункали касалликларнинг ортиши, техноген омиллар кўпайиши билан изоҳланади.

Ўзбекистонда кейинги тўрт йил давомида ногиронлиги бўлган шахсларга муносабат тубдан ўзгарди дейишга ҳақлимиз. Бундай фуқароларга ижтимоий ёрдамни яхшилаш, турли имтиёзлар бериш ҳақидаги Президент қарорлари ва фармонлари аҳолимизнинг маънавиятига, асл миллий қадриятларимизга қайтишимизга катта ижобий туртки бўлди.

Кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ваколатли давлат бошқаруви органи ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 мартида “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Таъкидлаш жоизки, фармонда кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя ва тиббий-ижтимоий ёрдамнинг замонавий механизмларини амалга ошириш белгиланмоқда.

Ўзбекистонда кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш ошиб бормоқда. Жумладан, санаторийларда соғломлаштирилган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар сони 43 минг нафарни ташкил этиб, 20 фоизга ортди, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга бепул тақдим этиладиган асосий озиқ-овқат ва гигиена воситалари сони 15 тадан 19 тагача оширилди, ногиронлиги бўлган шахсларга бепул бериладиган протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларининг рўйхати 22 турдан 27 тагача кўпайтирилди.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш борасида кенг миқёсли ишлар амалга оширилди. Хусусан, охирги тўрт йилда 27 та тиббий-ижтимоий муассасаларда 267,2 миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари бажарилди ва замонавий талабларга мос бўлган 1327 та ўринлар фойдаланишга топширилди.

Шунинг билан бирга, узоқ вақт давомида, тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш муассасалари фаолиятидаги камчилик ва муаммолар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат томонидан ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган вазифаларни самарали ҳал этишга тўсқинлик қилиб келмоқда эди. Жумладан, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга қулай шароитлар яратиш бўйича тиббий-ижтимоий муассасалар моддий-техника базаси ҳолатида бир қатор муаммолар мавжудлиги, ногиронликнинг олдини олиш ва тиббий-ижтимоий реабилитация хизмати сифати лозим даражада эмаслиги, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида давлат қарамоғига олинган шахсларга тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатишни самарали бошқариш тизими етарлича шакллантирилмаганлиги ва асосийси тиббий-ижтимоий муассасалар ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш тизими бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги каби ҳолатлар жуда мушкул масалалардан эди.

Президентимиз қабул қилган фармон билан мамлакатда кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш учун зарур институт яратилди.

У ҳам бўлса, шу бугунги кунгача фаолият олиб борган соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди.

Бу кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишни белгилаб беради.

Жумладан, “Саховат” интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатида яшовчи ёлғиз пенсионерларга шахсий сарф-харажатлари учун камида тўланадиган ойлик пенсия миқдори 10 фоиздан 20 фоизгача оширилди.

“Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларидаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг озиқ-овқат, шахсий гигиена ва дори воситалари таъминоти учун ажратиладиган маблағ миқдорини 2022-2024 йилларда босқичма-босқич ошириш, шунингдек, 2021 йилда маҳаллий бюджетдан қўшимча маблағ ажратиш ҳисобига “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларидаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни шахсий гигиена воситалари билан тўлиқ таъминлашни молиялаштириш чоралари кўрилади.

Даврий равишда уйда яшовчи, ўзгалар ёрдамига муҳтож ёлғиз кексалар ва фахрийлар ҳолидан хабар олиш ҳамда уларга ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш чоралари кўрилади.

2021-2024 йилларда туман (шаҳар) тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлимларида ишловчи ижтимоий ходимларнинг олий маълумот олиши учун республика олий таълим муассасаларида мақсадли квоталар ажратилади.

Мазур агентлик кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатишда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиради ва уларга услубий раҳбарлик қилади. Жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий, касбий ва ижтимоий реабилитация қилиш, муҳтож шахсларни протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш, тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг самарадорлигини илғор хорижий тажриба ва замонавий ривожланиш тенденциялари асосида таҳлил қилиш ва мониторинг қилиб бориш каби бир қатор ҳаётий муаммоларни ўз ичига олади.

Ўзбекистон ХДПнинг сайловолди дастурида устувор вазифа сифатида белгилангани каби кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя ва тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишда янги ёндашувларни жорий этиш назарда тутилмоқда.

 

Мақсуда Ворисова,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш