Нукусдаги Мурувват уйида хайрия ярмаркаси

 

Инсон қўли гул, деб бежизга айтишмаган доно халқимиз. Ҳақиқатан ҳам, инсон қўли билан гўзалликлар яратиши, йўқдан бор қилиши мумкин. Нукусдаги Мурувват аёллар интернат уйи тарбияланувчилари орасида мана шундай қобилият эгалари талайгина.

Яқинда мазкур интернатда Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши ҳомийлигида хайрия ярмаркаси ташкил этилди. Ярмаркадан муассаса тарбияланувчиларнинг қўл меҳнатлари ва ижодий ишлари ўрин олди.

– Ярмаркага қўйилган маҳсулотлар тарбияланувчиларимизнинг қўл меҳнати асосида яратилган, – дейди муассаса директори Лида Ким. – Уларнинг бирон-бир фойдали иш билан машғул бўлиши, энг муҳими, қўл меҳнати асосида ўзи нимадир яратиши руҳиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Рақсга, шеър ёзишга иштиёқи баланд тарбияланувчиларимиз ҳам бор. Биз уларнинг ҳар бир меҳнатини эътибордан четда қолдирмасдан, меҳнатларини баҳолаб борамиз.

– Ярмаркани кузатиб, шуни англаб етдим, бу муассасанинг тарбияланувчилари руҳиятида нуқсони бўлгани билан, уларда ҳаракат бор. Бу ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди, – дейди Тошкент педиатрия институти Нукус филиали 3-босқич талабаси  Айзада Бекмуратова. – Масалан, иплардан тўқиб ҳар хил қўғирчоқлар, сувенирларни яратиш кишидан катта қунт ва меҳнатни талаб қилади.

Хайрия ярмаркасига келган меҳмонлар ўзларига манзур бўлган маҳсулотларни харид қилди. Мурувват уйининг хайрия қутичасига хайр-эҳсонларини илинишди.

Ярмарка давомида муассаса тарбияланувчиларидан иборат рақс гуруҳининг чиқишлари иштирокчиларга байрамона кайфият улашди.

Ўзбекистон ХДП  Қорақалпоғистон Республика кенгаши

Ахборот хизмати.

Теглар

Лойиҳаларимиз
← Рўйхатга қайтиш