Венгрия билан ҳамкорликнинг янги даври бошланди

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Венгрия Бош вазири Виктор Орбаннинг мамлакатимизга расмий ташрифи мутахассислар ва кенг жамоатчилик томонидан муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа сифатида қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбари ва меҳмон ўртасидаги учрашув тафсилотлари ҳақида онлайн тартибда мунтазам ахборот бериб турилгани ҳам ташрифнинг давлатимиз учун нақадар аҳамиятли эканини англатади.

Президентимиз икки давлат ўртасидаги алоқаларда янги даврни бошлаб беришини таъкидлади. Виктор Орбан ҳам юртимизга келганидан хурсандлигини билдириб, Венгрия ва Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини қайд этди.

Ташриф билан боғлиқ воқеаларни телевидение орқали кузатиб борар эканман, жаноб Бош вазирнинг фикр ва мулоҳазалари диққатимни тортди. У ўз сўзида биз миллий қадриятларини ва урф одатларини сақлаб қолган мамлакатларни қаттиқ ҳурмат қиламиз, юртингиз шундай мамлакатлардан биридир, деди у. Бу сўзлар халқимизга кўрсатилган катта ҳурмат белгиси бўлди.

Пандемия шароити бўлишига қарамасдан, катта делегация бўлиб келингани Венгрия ҳукумати учун Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниҳоятда муҳим эканининг муҳим белгиси, деб ўйладим.

Кейинги тўрт йилда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси ҳажми салкам уч баробарга ўсгани диққатга сазовор.

Давлатимиз раҳбари мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлашни кўпайтириш, савдо ҳажми мувозанатини тенглаштириш, зарур маҳсулотларни ўзаро етказиб беришни кўпайтриш муҳимлигини таъкидлади. Бу борада Будапештда ташкил этилиши режалаштирилаётган Ўзбекистон – Венгрия савдо уйи имкониятларидан самарали фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.

Самарқанд, Жиззах вилоятларида иқтисодий-ижтимоий соҳаларни модернизация қилиш, қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш, экспорт салоҳиятини ошириш масалаларида Венгрия тажрибасини тадбиқ этиш мўлжалланмоқда. Шу мақсадда Венгриядан юқори малакали экспертлар гуруҳи Ўзбекистонга келибди.

Президентимиз икки мамлакатлар ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш мақсадида ҳар йили Минтақалар форумини ўтказиш таклифини билдирди.

Тошкентда фаолият олиб бораётган илмий марказга Венгриядан илмий ходимлар келгани, улар асосан картошкачиликни ривожлантириш бўйича иш олиб бориши икки давлат ўртасида ҳам ижтимоий-иқтисодий, ҳам илмий-амалий соҳада ҳамкорлик кучайганини билдиради.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш