Миллат қаҳрамонлари Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди

 

Мамлакатимизда ёшлар камолоти, спорт ривожи учун пухта замин яратилган. Юртимизнинг барча ҳудудлари, шаҳар ва қишлоқларида бир-биридан кўркам ва замонавий спорт иншоотлари фаолият кўрсатиб келмоқда.

2019-2023 йилларда жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш концепцияси ҳам изчил амалга оширилмоқда. Профессионал спортчиларнинг машғулотлар ўтказиши, маҳоратини мунтазам ошириб бориши учун замонавий шароитлар яратилмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ мамлакатимиз спортчиларининг қўлга киритаётган натижалари ҳам салмоқли бўлмоқда. Ўтган қисқа вақтда спортчиларимиз бир нечта турнирларда ва халқаро мусобақаларда иштирок этиб, улкан ютуқларни қулга киритдилар.

Жумладан, жорий йилнинг 14-22 сентябрь кунлари Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтган юнон-рум кураши бўйича жаҳон чемпионатида  мамлакатимиз терма жамоаси 4 та медаль билан 2 чи ўринни эгаллади. Энг асосийси, совриндор спортчиларимиз 2020 йилги Токио Олимпиадасига ҳам йўлланма олдилар. 20-25 сентябрь кунлари Тошкентда дзюдо бўйича халқаро Гран-при турнири юқори савияда ўтказилди. Унда 71 мамлакат спортчилари 14 вазн тоифасида  қатнашди. Юртимиз терма жамоаси эса 6 та медаль билан 2-ўринни эгаллади.

Жорий йилнинг 6-22 сентябрь кунлари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида  бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон  чемпионати спортчиларимиз учун янада мувоффақиятли кечди. Саксонга яқин мамлакатдан энг кучли чарм қўлқоп усталари иштирок этган  ғоят кескин беллашувларда терма жамоамиз 3 та олтин, 1 та кумуш, 1 та бронза медалини қўлга киритди. АҚШ, Куба, Россия, Қозоғистон, Англия, Ҳиндистон каби бокс бўйича етакчи мамлакатларни ортда қолдириб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади. Жамоа сардори Баҳодир Жалолов эса чемпионатнинг “Энг яхши боксчиси” деб эътироф этилди.

Мамлакатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев Кўксарой қароргоҳида Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида юксак натижаларга эришган бир гуруҳ спортчи ва мураббийларга давлатимизнинг юксак мукофотларини тантанали равишда топширди.

Юртимизда жисмоний тарбия ва спортга, хусусан, бокс соҳасига  кўрсатилаётган эътибор, яратилаётган зарур шароитлар рўёби, аввало, мана шундай ютуқларда кўринади. Айни шу кунларда бутун мамлакатимиз спортчилари келгуси йилда Токиода бўлиб ўтадиган Олимпиада  мусобақаларига қизғин тайёргарлик ишларини олиб боришмоқда. Мукофотларни топшириш маросимида сўзга чиққан боксчиларимиз давлатимиз раҳбарига мазкур олимпиада мусобақаларида ҳам юқори натижаларга эришиб юртимиз байроғини юқорига кўтаришга ваъда бердилар.

Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, спортчилар ва уларнинг мураббийларини ҳар томонлама қўллаб-қўвватланаётганлиги туфайли ютуқларимиз ҳам салмоқли бўлмоқда, бу эса мамлакатимиз нуфузини янада ортишига хизмат қилмоқда.

Абуғаффор Қирғизбоев,

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси,

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси.

Теглар

Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш