Фикр билдиринг, аммо ҳақорат ёки туҳмат қилманг

 

Бугунги замон шиддати ҳаётимизни интернет ёки ижтимоий тармоқларсиз асло тасаввур этиб бўлмаслигини намоён этмоқда.

Мамлакатимиз ва дунё миқёсида содир бўлаётган ўзгаришлар, воқеа-ҳодисалар, янгиликлар тўғрисидаги маълумотлар барча ижтимоий тармоқларда акс этиб боряпти.

Буларнинг бари ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар учун ўз фикрлари, қарашлари ва туйғуларини баён қилишда тенгсиз имконият эканлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун ҳам ижтимоий тармоқлар ҳар қандай ёшдаги одамни ўзига «мафтун» қилиб туради.

Бироқ, ижтимоий тармоқлар орқали қабул қилаётган хабарларимизнинг ҳаммаси ҳам биз учун манфаатли эмас. Баъзи каналлар ўз обуначилари сонини кўпайтириш мақсадида одамда ҳаяжон уйғотадиган, асосланмаган хабарларни, гарчи бу хабарлар бефойда ва тутуруқсиз бўлсада, тарқатишади. «Хайрли кун»ни «хайрли тун»га улаб, кун давомида манфаатсиз маълумотлар билан обуначиларини «баҳраманд» қиладиган каналлар ҳам анчагина.

Кейинги пайтларда миш-миш, ёлғон, уйдирмалар, тарафкашлик, фақат ўзларининг фикрларини ҳақ деб, бошқаларнинг фикрини менсимаслик ҳолатлари, айниқса, кимнидир ҳақоратлаб, қоралаб чиқишлар сони ортиб бормоқда.

Тўғри, сўз эркинлиги бор жойда, албатта, бу табиий жараён. Ҳар кимнинг ўз фикри бор. Лекин кимнидир ҳақоратлаш ёки унги туҳмат қилиш масаласи жиддий мулоҳаза юритишни талаб қилади.

Ғийбат, туҳмат, асоссиз миш-миш тарқатиш, ёлғон сўзлаш, ҳақорат қилиш, чақимчилик, иғво, бўҳтон ва сохта гувоҳлик бериш – буларнинг барчаси тилимиз орқали содир этилади ва энг катта гуноҳлардан ҳисобланади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмонга мусулмоннинг номуси, моли ва қони ҳаромдир. Тақво шудир. Мусулмон биродарини ҳақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далилдир» (Термизий ривояти).

Кейинги пайтда ижтимоий тармоқларда турли ҳолатларнинг юзага келиши, халқимиз хоҳиш-иродасини намоён қилиб, овоз бериб сайлаган Президентини ҳақорат қилиш, унга туҳмат қилиш каби ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Халқ сайлаган, айни жараёнда ўзи ҳам ёқлаб овоз берган Президентни қандай ҳақорат қилиш мумкин?..

Конституциямизга кўра, Президент Ўзбекистон Республикасида давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди. Шундай экан, Президентни ҳақорат қилиш ҳалқни ҳақоратлаш билан баробардир.

Шу боисдан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига айрим қўшимчалар киритилди. Унга кўра, Ўзбекистон Президентини телекоммуникация тармоқлари ёки интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди.

Шунингдек, Кодексга оммавий тартибсизликларга ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга омма олдида даъват қилганлик учун жавобгарлик киритилди.

Мазкур қилмишни содир этган шахслар БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишига олиб келади.

Ўша ҳаракатлар бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёки ОАВ, телекоммуникациялар тармоқлари, интернетдан, шунингдек, матнни кўпайтиришнинг босма ёки бошқа усулларидан фойдаланган ҳолда содир этилган бўлса, БҲМнинг 300 бараваридан 400 бараваригача жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бошқаларни ҳақоратлаш ахлоқий разолат бўлиши билан бирга жамиятда ўзаро нафрат ва адоват уйғотади. Халқимизда бир нақл бор: “Аввал ўйла, кейин сўйла”. Бу муборак пандларни ҳаётга татбиқ этиб, иложи борича яхши ишлар устида бўлайлик.

 

Аброр Қурбонов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи

 
← Рўйхатга қайтиш