Президент ташаббуслари дўстликни янада мустаҳкамлайди

 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистон ташқи сиёсатида катта ўзгаришлар ва ислоҳотлар амалга оширилиб, ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий алоқаларга ихтисослашган вазирлик ва идораларнинг фаолияти такомиллашди, элчихоналар ва дипломатларнинг иш услублари янгиланиб, масъулияти оширилди.

Бундай ижобий ўзгаришлар ташқи сиёсатда қисқа муддатларда муҳим тарихий ютуқларни қўлга киритилишига асос бўлди. Давлатимизнинг халқаро жамиятдаги нуфузи ошди, дўстлари кўпайди, Марказий Осиё ва минтақа атрофида йиғилиб қолган қатор долзарб масалаларга ечим топилди, қўшни, яқин ва узоқ мамлакатлар билан мутлақо янги – соғлом сиёсий ва иқтисодий алоқалар йўлга қўйилди.

Қатор мамлакатлар билан, шу жумладан, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатлар - Озарбайжон, Туркия, Қирғизистон ва Қозоғистон билан ҳам алоқаларимиз мустаҳкамланди. Ҳамкорлигимизнинг янги йўналишлари, янги механизмлари шакллана бошланди. Мазкур ўлкалар билан стратегик шерикчилик муносабатлари ўрнатилди, улар билан ҳамкорлигимиз икки томонлама форматлардагина эмас, балки кўп томонлама тузилмаларда ҳам ривож топмоқда.

2019 йил 14 сентябрь. Ҳа, шу куни давлатимиз раҳбари яна бир муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган ҳужжатни имзолади. Бу “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битимини (Нахичеван, 2009 йил 3 октябрь) ратификация қилиш ҳақидаги” Ўзбекистон Республикаси қонуни эди.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши халқаро ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, фаолиятининг асоси туркий тилли мамлакатлар ўртасида дўстлик ва қўшничиликни мустаҳкамлаш, ҳудудда ва жаҳонда тинчликни сақлаш, хавфсизлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қаратилган.

Ҳақиқатдан ҳам бу тарихий қадам ташқи сиёсатимизнинг ютуқларидан бири бўлиб, юртимиз учун муҳим аҳамият касб этди.

Куни кеча бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг видеоанжуман шаклидаги норасмий саммити ҳам мамлакатимиз ташқи сиёсатида иқтисодиёт, савдо, транспорт соҳаларидаги кўп қиррали амалий ҳамкорликни ҳамда маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин эгаллади. Саммитда Давлатимиз раҳбари қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Давлатимиз раҳбарининг саммитдаги нутқини оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб борар эканман, бир жиҳат жуда қувонтирди. Президентимиз томонидан айтилаётган ҳар бир таклиф ташкилот аъзолари томонидан ижобий қабул қилиниб, бу таклифлар ҳамкорликнинг янги жабҳаларини очиб бериши билан аҳамиятли экани эътироф этилди.

Бундан икки йил муқаддам, 2019 йил октябрда Бокуда (Озарбайжон) бўлиб ўтган саммитда давлатимиз раҳбарининг илм-фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларини, шунингдек, туркий дунё бирлигини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган атоқли шахсларни рағбатлантириш мақсадида халқаро мукофот таъсис этиш ҳақидаги таклифи маъқулланиб, ушбу мукофот Мир Алишер Навоий номи билан аталгани давлатимизга бўлган ҳурмат-эътибор ва ишонч намунасидир.

Бу саммитда ҳам Президентимиз тарихий ташаббуслар билан чиқди. Хусусан, “Туркий дунё нигоҳи – 2040” концептуал ҳужжати асосида ҳозирги ва пандемиядан кейинги вазиятни инобатга олган ҳолда, аъзо давлатларга хос, яқин ва ўрта истиқболга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегиясини тайёрлаш таклиф қилинди.

Ушбу ҳужжатда глобал инқирознинг салбий оқибатларини бартараф этиш, савдо, инвестиция, саноат, транспорт алоқаларини тиклаш ва янги шароитларда ривожлантириш, электрон тижорат ҳамда рақамли технологияларни кенг жорий этиш, бизнес ва ҳудудлараро ҳамкорлик имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Мазкур стратегик таклиф Кенгашга аъзо барча давлатларнинг етакчилари томонидан фаол қўллаб-қувватланди.

Давлатлар ва халқлар ўртасидаги дўстлик маданий-маърифий алоқалар билангина ривожланиши қийин. Бугунги глобаллашув даврида иқтисодий муносабатларда изчиллик ва ўзаро уйғунликка эришиш ҳамкорликнинг кенг истиқболли бўлишига хизмат қилади. Шу жиҳатдан давлатимиз раҳбарининг ташаббуси узоқ муддатли стратегияга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.

 

Аброр Қурбонов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи

 
← Рўйхатга қайтиш