Аҳолини уй-жой билан таъминлаш соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилади

 

Аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида давлат томонидан қўшимча чоралар белгиланиши туфайли субвенциялар тақдим қилиш ҳамда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари ажратиш орқали фуқароларнинг уй-жой шароитини яхшилаш механизмлари такомиллаштирилмоқда. Ушбу йўналишдаги чора-тадбирлар ижросини бекаму кўст таъминлаш Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари зиммасига ҳам масъулият юклайди.

Маълумки, уй-жой муносабатлари уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳамда архитектура ва шаҳарсозлик соҳасидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Шу ўринда айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодекси 1998 йилда қабул қилинган бўлиб, бугун қўйилаётган вазифа ва талабларга тўлиқ жавоб бермайди. Шу боисдан амалдаги кодекс билан тартибга солинадиган муносабатлар, фуқаролар, юридик шахслар, давлат бошқарув органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бугунги кун тартибидаги масалалар бўйича муносабатлари, шунингдек турар жойларга мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқининг юзага келиши, амалга оширилиши, ўзгаришига оид тегишли моддалар қайта кўриб чиқилиши керак.

Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилашда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини тақдим этилиши Ўзбекистон Республикасининг 2006 йилда йилда қабул қилинган “Ипотека тўғриси”даги қонунининг: уйлар ва квартиралар ипотекаси тўғрисидаги қоидаларнинг қўлланилиши (61-модда); кўп квартирали уйдаги квартиралар ипотекаси (62-модда); қурилаётган уйлар ипотекаси (63-модда); банк ёки бошқа кредит ташкилотининг кредити ҳисобига олинаётган ёки қурилаётган уйлар ва квартиралар ипотекасига (64-модда) оид нормаларини такомиллаштиришни талаб этади.

Бундан ташқари, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож оилаларни ижтимоий ва молиявий қўллаб-қувватлашда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, аҳолига субвенцияларни тақдим қилишда адолатли ёндашиш, пудрат ташкилотлари томонидан тендерларни ютиб олиш ва улар қураётган уй-жойларнинг сифатини назорат қилиш борасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан жойларга чиқиб кузатувлар ўтказилади. Шунингдек маҳаллаларга бориб, аҳоли хонадонларига уйма-уйга кириб, уларнинг яшаш шароити билан танишиш ва фикр-мулоҳазаларини ўрганиш ишлари тизимли ташкил этилади.

Бу каби чора-тадбирлар фуқароларнинг шахсий уй-жойга эга бўлишдек муҳим ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришга, қурилиш-таъмирлаш, ипотека бозори соҳаларида қонунийликни таъминлашга, мухтасар қилиб айтганда, аҳолининг ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилади.

 

Шарофиддин НАЗАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш