Қонун лойиҳасида маҳаллий Кенгаш ва ижро ҳокимияти ваколатлари очиб берилмоқда

 

Куни кеча парламент қуйи палатасида “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган ишчи гуруҳи  йиғилишида ушбу ҳужжатнинг долзарблиги, аҳамиятли жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.

Дарҳақиқат, қонун лойиҳаси 1993 йилда қабул қилинган бўлиб, унга 23 марта қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, бу ҳужжат ҳозирги ислоҳотлар шиддатига, давр талабларига тўғри келмайди. Шу боис уни янги қонун сифатида қабул қилишни замоннинг ўзи тақозо этмоқда.

Қайд этиш жоиз, сўнгги йилларда маҳаллий Кенгаш депутатларига давлатимиз томонидан жуда катта ваколатлар билан бирга, катта ишонч ҳам бериляпти. Бунга етарли асосларимиз бор.

Хусусан, мактаб директорларини маҳаллий Кенгаш депутатлари лавозимга қўйиши ва лавозимидан озод этиши, секторлар раҳбарларининг Кенгаш олдида ҳисобдор эканлиги, фермерларга ер бериш ва уларнинг тугатилиши ёки бўлмаса, туман ҳокимининг ўринбосарларини ишдан озод қилиш ва уларни лавозимга қўйиш каби амалиёт жорий этилди.

Қолаверса, яқинда котибият ташкил қилиш бўйича қонун қабул қилинди. Бугун жойларга, округларимизга борганимизда дастлабки натижаларни кўряпмиз. Авваллари туман Кенгаши депутати ишини туман ҳокимининг кадрлар билан ишлаш бўлими ташкиллаштирар, сессияга масала тайёрлаш ҳам улар зиммасида эди. Кадрлар бўлими ходимларининг шундоғам иши кўп, улар хоҳласа ҳам депутатлар ишини жонлантиришга жисмонан вақти етмасди.

Ҳозирда котибият ташкил этилгандан буён бу борадаги саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда. Бунинг амалий ифодаси сифатида Узун туманидан янги ташкил этилган котибиятнинг ижтимоий тармоқда ўз телеграм каналини очганини келтириш ўринли.

Айтиш керак, қаерда депутатлар орасидан жонкуяр котибиятлар фаолияти йўлга қўйилган бўлса, ўша жойда ишлар  самарали ташкил этилмоқда. Чунки туман ҳокими битта, унинг бир вақтнинг ўзида бир нечта вазифани бажаришга улгуриши қийин. Бундан кўриниб турибдики, депутатлар  ҳокимларнинг қўли, оёғи, кўзи бўлиши керак, назаримда.

Қонунчилик палатаси ташаббуси билан қисқа муддатда ишлаб чиқилган “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам ўз муносабати, таклифларини билдиришаётгани эътиборга молик. Зеро, ушбу ҳужжат маҳаллий Кенгашлар фаолиятини самарали ташкил этишга зарур шарт-шароит яратади.

Сабаби, амалдаги қонун кўпроқ умумийликдан иборат бўлиб, давлат ижро ҳокимиятига кўпроқ ваколат берилган. Қабул қилиниши кўзда тутилаётган лойиҳада эса Кенгаш ваколати билан ижро ҳокимиятининг ваколатлари алоҳида-алоҳида бобларда очиқлаб берилган. Айниқса, эътиборимизни тортгани ҳокимнинг ўринбосарлари ваколати ва вазифалари қонун билан аниқ мустаҳкамланиб қўйилмоқда.

Биргина мисол, ўз иш тажрибамдан келиб чиқиб, гапирадиган бўлсам, 6 йилга яқин ижро ҳокимиятида ҳоким ўринбосари сифатида фаолият юритдим. Топшириқлар кўп бўларди. Ҳокимнинг фақат 3 та ўринбосари бўлиб, қўйилган вазифани бажаришга вақт ҳам, имкон ҳам етмасди. Ҳозир эса ҳар бир тизимнинг ўз эгаси бор. Ҳокимнинг еттитагача ўринбосарлари лавозими жорий этилган. Масалан, ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий маърифий ишлар, қишлоқ ва сув хўжалиги, капитал қурилиш, коммунникациялар ва коммунал хўжалиги, инвестициялар ва ташқи савдо, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, тоғ кон соҳалари йўналишларида алоҳида-алоҳида ўринбосарлар лавозими жорий этилди.

Маҳаллий бюджетдан тушаётган маблағлар туманда қолмасди. Ҳозир эса туманнинг ўзида қолаётган маблағлар ҳудуднинг ривожланиши учун сарфланаётгани эътиборга молик. 

Бир сўз билан айтганда, ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида вазифалар, ваколатлар аниқ белгилаб берилмоқда. Уларнинг ҳаётга татбиқ этилиши жамият тараққиёти учун хизмат қилади.

 

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш