Ўзбекистон Халқ демократик партияси Наманган вилоят кенгаши биноси билан боғлиқ ҳолат юзасидан расмий баёнот

 

Халқ демократик партияси Наманган вилоят кенгаши биносида бошланган капитал таъмирлаш ишлари билан боғлиқ ҳолат ижтимоий тармоқларда турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда, партия биноси тортиб олинаётгани айтилиб, вазият нотўғри талқин қилинмоқда.

Наманган шаҳар Бобораҳим Машраб кўчаси 2-уйда жойлашган Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши биноси 1980 йилда фойдаланишга топширилган, аммо 40 йилдан ортиқ вақт мобайнида бирон марта капитал таъмирланмаган.

Наманган вилоят партия кенгаши ўз имкониятлари даражасида 2019 йилда бинонинг биринчи қавати ва фасад қисмларини жорий таъмирлаган эди. Аммо бинонинг умумий таъмирталаб ҳолати ундан тўлиқ ва самарали фойдаланиш имконини бермай келмоқда.

Шунинг учун Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши бинонинг фаоллар зали, иситиш тизими, том ва бошқа қисмларини ҳомийлик асосида таъмирлаш масаласида амалий ёрдам сўраб, Наманган вилоят ҳокимлигига мурожаат этган. Мазкур мурожаатга асосан ҳозирги кунда бинода капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Бу йил мамлакатимизда муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўлиб ўтади. Халқ демократик партияси мазкур сиёсий жараёнда фаол ва муносиб иштирок этиш учун изчил тайёргарлик ишларига киришган. Хусусан, партия биноларини ўз фаоллари ва хайрихоҳлари билан бирга учрашувлар, мулоқотлар ўтказишга қулай ҳолатга келтириш учун харакат қилмоқда.

Наманган шаҳар Бобораҳим Машраб кўчасида жойлашган бино билан боғлиқ барча ҳуқуқлар Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгашига тегишли, ҳеч бир ташкилот уни эгаллаб олгани йўқ. Халқ демократик партияси ўз тасарруфидаги биноларни қонунан ҳимоя қила олади.

Шу ўринда партия мулки ва обрўсини ўйлаб, фикр билдирган жонкуяр аъзоларимиз ҳамда юртдошларимизга миннатдорлик билдирамиз.


Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш