ЎзХДП фракцияси Ҳисоб палатаси ҳисоботини таҳлилий кўриб чиқиб, Молия вазирлигига таклиф берди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишда Ҳисоб палатасининг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тингланди. Бу ҳақда Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Б.Турабов ахборот берди.

Ўтган йилда Ҳисоб палатаси томонидан давлат бюджетининг самарали ижро этилишига, молиявий маблағлардан мақсадли фойдаланилишига, иқтисодиёт барча соҳасининг барқарор ривожланишини таъминлаш учун мўлжалланган давлат дастурлари ва минтақавий ривожланиш дастурларининг ижроси ўрганилган.

Фракция аъзолари муҳокама жараёнида ЎзХДП ғояларидан келиб чиққан ҳолда, асосий эътиборни ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга қаратди.

Ҳисоботда давлат дастурлари ва худудий дастурларнинг амалга оширилиши назорат қилингани, бевосита жойларга чиқиб муаммоли масалаларни ҳал этишга ёрдам кўрсатилгани қайд этилган.

Фракция аъзолари маҳаллий бюджетлар даромадларининг прогноздан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан 2020 йилда 4,4 трлн. cÿм маблағ ҳокимликлар ихтиёрида қолдирилгани ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий масалалар ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди.

Ҳисоб палатаси томонидан бюджет тизими ва бошқа бюджетдан ташқари жамғармаларнинг харажатлари самарадорлиги ҳамда қонунийлиги бўйича назорат тадбирлари ўтказилган.

Хусусан, Инқирозга қарши кураш жамғармасидан ажратилган маблағларнинг ишлатилиши юзасидан Молия вазирлиги билан ҳамкорликда доимий мониторинг ташкил этилган. Жамғармадан 69 та ҳолатда мақсадсиз сарфланган 13,9 млрд. сўм маблағ жамғармага қайтарилган.

Жойлардаги ўрганишларда аниқланган камомад ва ноқонуний харажатларнинг 23,8 млрд. сўми, ортиқча молиялаштирилган маблағларнинг 8,4 млрд. сўми жамғармага тикланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг пандемия даврида ижтимоий ҳимояни кучайтириш мақсадида қабул қилган тегишли фармони ва “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланишига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Назорат тадбирлари давомида 2,8 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган. Бу маблағнинг асосий қисми кейинчалик бюджетга қайтарилган.

Пандемия даврида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағларнинг нотўғри сарфланиши билан боғлиқ ҳолатларга Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари қатъий муносабат билдирди.

Эҳтиёжманд оилаларнинг бандлиги бўйича ҳисоботларда Тошкент вилоятида 2878 нафар фуқаро доимий, 4909 нафари мавсумий, Қашқадарё вилоятида 956 нафар фуқаро доимий, 5843 нафари мавсумий иш билан таъминлангани келтирилган бўлса-да, шундан 442 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланганлиги ўз тасдиғини топмагани, 72 нафар фуқаро эса янгидан ишга жойлаштирилган деб нотўғри кўрсатилган.

Депутатлар бу йўналишда парламент ва депутатлик назоратини кучайтириш бўйича тизимли иш олиб бориш зарурлигини таъкидлашди.

Фракция аъзоси Шербек Бўронов давлат бюджети маблағларининг мақсадсиз ёки самарасиз ишлатилгани билан боғлиқ ҳолатлар ҳар йили кузатилаётгани, давлатнинг молиявий назорат тизимини такомиллаштириш зарурати юзага келганини таъкидлади. Молия вазирлигига “Давлат молиявий назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қисқа муддатда ишлаб чиқиш таклифини билдирди.

Ҳисобот ЎзХДП фракцияси аъзолари томонидан қизғин муҳокама этилди. Муҳокамалар давомида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, ЎзХДП фракцияси Ҳисоб палатасининг 2020 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботини маъқуллади.

Фракция йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари ҳам партия дастури ва электорат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш