“Демократия”нинг илдизи қаерда?

 

Инсон тарихда ва тарих инсонда мужассам. Улар орасида шундай чуқур ва сирли ўзаро уйғунлик борки, бу алоқадорликни узиб ташлаш амалда мумкин эмас. Ушбу  узвий алоқадорлик миллий характерда ўз аксини топади. Миллий характер миллатни турли бузғунчи ғоялардан асровчи “ҳимоя қобиғи” вазифасини ўтайди. У четдан келаётган турли хил ғояларни ўз “филтр”идан ўтказади. Агар ғоя ижобий бўлса, миллат учун йўл топади. Аксинча бўлгани жамият қаршилигига учрайди.

“Ўзбекистон овози” газетасининг 2020 йил 31 март сонида босилган “Бузғунчи кимсалар тузоғи” сарлавҳали мақолани ўқирканман беихтиёр ушбу фикрлар хаёлимдан ўтди.

Мақола муаллифи Тошкент шаҳрининг марказида бир гуруҳ ёшлар томонидан содир этилган тартибсизликка ўз муносабатини билдирган. Ушбу ҳаракатларни қонунийлик жиҳатидан ҳам, инсонийлик жиҳатидан ҳам оқлаб бўлмайди. Бу ҳолат айримларнинг ҳуқуқий билими пастлиги ва ортиқча ҳиссиётга берилишга мойил эканлигини намоён этмоқда.

Қайд этиш керак, кейинги пайтларда “оммавий маданият”нинг турли кўринишлари мамлакатимизга кириб келаётгани ва уларнинг вакиллари қонунчилигимизда ўзларини камситилгандек кўрсатиб, ўзгаришлар қилишга уринаётгани жамоатчилик муҳокамасига айланди. Фикрлар турли туман. Демократия талаб қилаётганлар гўёки жабрдийда. Аслида ҳам шундайми?

Асло йўқ!

Демократияга тўхталсак. Бу кўпчилик манфатларини жамиятда аксланиши. Аниқроқ айтганда, миллатнинг “мени” халқ ҳокимиятида номоён бўлсагина у ўз тарифига мос бўлади. Аксинча бўлса-чи?

Шу ўринда бир мисол. Олимларининг ҳисоб-китобига қараганда 2050 йилга бориб, Европада истиқомат қилаётган европаликларнинг авлодлари 10 фоизни ташкил этар экан. Албатта, буни бузғунчи ғоялар миллатларнинг миллий характерини емириб боришининг натижаси, дейиш мумкин. Бундай ғояларда бир жинслилик, фарзанд кўрмасликни тарғиб қилиш, бу дунёда шод-хуррам яшаб ўтиш, нимани истаса шу ишни амалга ошириш, ахлоқни инсонлар томонидан ўйлаб топилган бемаънилик сифатида баҳолаш каби хусусиятлар ётади. Бу ғоялар жамиятда устунликни қўлга киритса, миллатнинг кўпайишига, ривожланишига тўсқинлик қилади.

Айримларда юқоридаги каби ғоялар билан яшаётган халқларда тараққиёт юқори,  деган дунёқараш мавжуд. Аслида бу тараққиёт белгиси эмас. Тараққиёт қачонки, миллий қадриятлар, урф-одат, анъаналар халқда уйғун бўлса бўлади. Бу тараққиётмас, балки таназзулдир. Охир-оқибат, бу миллатни йўқ қилувчи ҳодисага айланиши мумкин. Буни тарғиб қилаётганлар эса ўзлари ғоявий жиҳтдан тарбияланмаганлардир.

Хуллас, дунёда нималар бўлаётганини кўриб турибмиз. Ғоялар тўқнашуви палласида биринчи навбатда ёшлар тарбияси муҳим аҳамият касб этмоқда. Шундай экан, фарзандларимизни оилада, таълим муассасаларида илм эгаллашларида эътиборлироқ бўлайлик.

 

Ҳусан АБДУНИЯЗОВ,

ЎзХДП Жиззах вилоят Кенгаши депутати,

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари.

 

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш