ХОТИН-ҚИЗЛАРНИНГ СИЁСИЙ ЖАРАЁНЛАРДАГИ ИШТИРОКИНИ КЕНГАЙТИРИШ МУҲИМ МАСАЛА

Президентимиз 2019 йил 21 июндаги Олий Мажлис Сенатининг 20 ялпи мажлисидаги нутқида хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш кераклигини алоҳида уқтириб, сиёсий-ижтимоий ҳаётимизда хотин-қизларнинг ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлаш мақсадида бир қатор устувор вазифаларни белгилаб берган эди.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят кенгаши хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий билимини мустаҳкам, бўлажак сайловларда уларнинг иштирокини кенгайтириш мақсадида жойларда тадбирлар ташкил этмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Олтинсой туманида бўлиб ўтди.

Тадбирда дастлаб давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқининг мазмун моҳияти батафсил тушунтирилди.

Шундан сўнг фаол аёлларнинг фикр мулоҳазалари тингланиб, депутатликга номзодлар рўйхатини шакллантиришда лидер хотин-қизларнинг номзодларига эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Маърузаларда, миллий қонунчилигимизда белгиланган хотин-қизларнинг сайлов ҳуқуқлари, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, бу борадаги қонунчиликда белгиланган ҳуқуқлари юзасидан маълумот берилди.

Мутахассислар келгуси сайловларда партиядан кўрсатилган номзодларнинг яхши натижага эришиш, сайловчилар ишончини қозониш учун тарғибот тадбирларининг таъсирчанлигини ошириш юзасидан кўрсатмалар беришди. Номзодларга малакали мутахассислар томонидан сайлов қонунчилиги, аҳоли ўртасида олиб бориладиган тарғибот-ташвиқот ишлар юзасидан билим ва кўникмаларини шакиллантириш, номзоднинг имиджи, аҳоли ўртасида маҳорат билан нутқ сўзлаш каби амалий тавсиялар беришди.

Қайд этилдики, партия сайловолди дастурий мақсадларини амалга ошириш жараёнида сиёсий технологиялардан кенгроқ фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга. Хусусан сайлов жараёнларида аҳоли ўртасида катта ҳурматга эга бўлган шахслардан ишончли вакил сифатида фойдаланиш, сайловчилар билан учрашувларда ўз сайловолди дастурини ўта маҳорат билан таништириш, номзод ўз имиджини тўғри шакллантириши лозим.

Ўзбекистон ХДП Олтинсой туман кенгаши раиси Рўзибой Лапасов сўзга чиқиб, бўлажак сайловларда сиёсий фаол хотин-қизлар номзодларини илгари суришни, уларнинг сиёсий билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида ўқувлар ташкил қилиш муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлади.

Олтинсой туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Солия Ортиқова сўзга чиқиб, жойларда хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, депутатликга номзоди кўрсатилиши мумкин бўлган аёллар ҳақида жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш кераклигини шунингдек, аҳоли яшаш жойларида янги Сайлов кодекси мазмун моҳиятини кенг кўламда тушунтириш лозимлиги тўғрисида тўхталиб ўтди.

Баҳс-мунозара, савол-жавобларга бой тарзда ўтган мазкур тадбирда хотин-қизлар сайловлар, сайлов жараёнлари ва унда иштирок этиш, ғалаба қозониш бўйича янги билим ва малакаларга эга бўлишди.

Айтиш керакки, Ўзбекистон ХДП томонидан бундай ўқув-семинарлар республикамизнинг барча минтақа ва ҳудудларида ўтказилади. Бу эса хотин-қизларни сиёсий жараёнларда фаол иштирокини таъминлайди ҳамда депутат аёллар сафининг кўпайишига хизмат қилади.

 

Феруза БОЛТАЕВА,

ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгаши

Мафкура ва тарғибот-ташвиқот масалалари бўлими мудири.

← Рўйхатга қайтиш