Ҳар бир кунини ёки ҳар дақиқасини ўзгалар мушкулини осон қилишга, ўксик қалбларнинг кўнглини кўтаришга бахшида этадиган инсонларни чинакам фидойилар дейиш мумкин. Бундай инсонлар юртимизда кўпчиликни ташкил этади. Бу борадаги ишлар давлатимиз ва ҳукуматимизнинг доимий эътиборида бўлиб келганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Хусусан, сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш борасида кенг миқёсли ишлар амалга оширилди.
Бироқ Тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш муассасалари фаолиятида юзага келган камчилик ва муаммолар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат томонидан ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган вазифаларни тўлақонли ҳал этишга тўсқинлик қилмоқда. Самарали бошқариш тизими етарлича шакллантирилмагани, ногиронликнинг олдини олиш ва тиббийижтимоий реабилитация хизмати сифати лозим даражада эмаслиги, тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника таъминоти базаси эътиборга муҳтожлигини муаммолар сифатида келтириш мумкин. Шунингдек, тиббий-ижтимоий муассасаларда маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар тизимли ташкил этилмаган, ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш тизими бугунги кун талабларига жавоб бермайди, одам савдосидан жабрланганларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий реабилитация чоралари ва психологик қўллаб-қувватлаш сифати етарли даражада эмас.
Ушбу муаммолар давлатимиз раҳбарининг жорий йил 25 мартда қабул қилинган “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги Фармонида таъкидлаб ўтилган. Президент қарори билан ҳужжатда белгилаб берилган мақсад ва вазифалар ижросини таъминлашга масъул бўлган алоҳида, янги ташкилот – Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ташкил этилгани тиббий-ижтимоий соҳадаги муҳим воқеа бўлди.
Ўрни келганда айтиб ўтиш керак, хорижий мамлакатларда ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатиш, бу борада реаблитация масалалари ва ногиронликни олдини олиш ҳамда 3-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни соғлом инсонлар сафига қайтаришда мутлақо замонавий мезонлар асосида иш тутилади. Бу борадаги тафсилотлар, соҳани юртимиздаги аҳволи хусусида узоқ гапириш мумкин. Асосий мақсад эса янги ташкил этилган агентлик олдида турган асосий вазифаларни амалга оширишдир.
Шу боисдан Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг асосий вазифалари этиб кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, тиббий-ижтимоий муассасаларнинг, жумладан, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларининг кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатишда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларга услубий раҳбарлик қилиш, ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий, касбий ва ижтимоий реабилитация қилиш соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказилишини ҳамда мутахассислар тайёрланишини, муҳтож шахсларни протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш фаолиятини ташкил этиш белгилаб берилди. Агентлик тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг самарадорлигини илғор хорижий тажриба ва замонавий ривожланиш тенденциялари асосида таҳлил қилиш ва мониторинг қилиб бориш, тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш фаолиятига ташкилий-услубий раҳбарлик қилиш, одам савдосидан жабрланганларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш ва психологик қўллаб-қувватлаш тизимини мувофиқлаштириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлаш масалаларига ҳам масъул этиб белгиланди.
Агентлик олдида турган вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, биринчидан тиббий ижтимоий экспертизанинг шаффофлиги таъминланишига, ногиронликнинг олдини олиш, реабилитация жараёнининг сифат ва самарадорлигининг босқичма-босқич (ҚВП, ҚОП, КТМП, ВКТТМ, РесТИТИ бириктирилган ҳолда) амалга оширилишига хизмат қилади. “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари тизимидаги шарт-шароитлар замон талаблари асосида ташкил этилади, ушбу муассасаларда хизмат қилаётган ходимларни моддий ва маънавий рағбатлантириш масалалари янги босқичга кўтарилади.
Қизилгул Қосимова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.
"Ўзбекистон овози"