Бугун парламентдаги ЎзХДП фракцияси аъзолари ҳудудларга чиқиб, аҳоли вакиллари билан ишлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Депутат илгари жойлардаги ҳақиқий ҳолатни чуқур англамай туриб таклиф тайёрлаган бўлса, бугун вазият умуман бошқача. У ҳудудлардаги реал вазиятни ўз кўзи билан кўриб, ҳар бир масалага таҳлилий ёндашса, шунга яраша қонунчилик ҳам такомиллашади, асосли ва ўткир таклифлар, кескин ва қатъиятли фикрлар, муносабатлар кўпаяди. Демак, ҳамма гап сайловчилар билан юзма-юз бўлиш, улар билан елкама-елка туришда...
Мулоҳазаларимизни узундан-узоқ фикрлар билан изоҳлаш ниятидан йироқмиз. Мавзуга ҳамоҳанг тарзда депутатларнинг сайловчилар билан мулоқотлари, мурожаатлар, муаммолар таҳлилига, уларнинг ечимига қаратилган амалий ҳаракатлар самарасига қаратамиз.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Анвархон Темиров Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси Косонсой туман бўлими билан ҳамкорликда сайёр қабул ўтказди. Депутатнинг қайд этишича, сайёр қабулда фуқаролардан 11 та мурожаат келиб тушди. Кўтарилган муаммоларни маҳаллий ҳокимият органлари билан биргаликда жойида ҳал этиш чоралари кўрилди. Натижада, банк-кредит ва тадбиркорлик масалалари юзасидан тушган 9 та мурожаат жойида ҳал этилди. 2 та мурожаат эгаларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
– Шунингдек, учрашувлар давомида аҳоли томонидан бўлган мурожаатлар асосида тумандаги “Янгийўл” МФЙда жойлашган 25-сонли мактабгача таълим ташкилоти фаолияти ўрганилди. 140 ўринга мўлжалланган муассасада 200 нафар бола таълим олмоқда. “Янгийўл”, “Янги шаҳар” маҳаллаларидаги 3-7 ёшли болалар сони 988 нафарни ташкил этади ва мактабгача таълим муассасаларига навбат юқорилиги боис, қўшимча ўринларга эҳтиёж катта. Янги боғча қурилиши учун бўш ер аниқланди. Шундан келиб чиқиб, тегишли идоралар ҳамда мактабгача таълим ташкилотига муаммо кўриб чиқилишини сўраб депутат сўрови жўнатиш режалаштирилди, дейди А.Темиров.
ХДП фракцияси аъзоси Фирдавс Шарипов «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида Денов туманидаги «Юрчи» маҳалласида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганди. Маҳалладаги 4-сонли мактабгача таълим ташкилотининг фаолияти билан танишди. Депутатнинг айтишича, муассаса таъмирга муҳтож ҳолга келиб қолган бўлиб, инвестиция дастури асосида мукаммал таъмирланиши зарур.
Шунингдек, «Янгиариқ» маҳалласида жойлашган Денов тумани тиббиёт бирлашмаси 2-сон болалар бўлими фаолияти билан танишилди. Маълум бўлишича, ушбу тиббиёт муассасаси биноси 1982 йилда қурилган, шундан буён таъмирланмаган. Мазкур масала бўйича масъулларга депутат сўрови юбориш режалаштирилди.
– Сайловчилар билан мулоқот давомида мурожаатлар ечими бўйича ахборот ҳам берилди, – дейди Фирдавс Шарипов. – Аввалги учрашувларда «Буюк ипак йўли» маҳалласидаги аҳоли томонидан ички йўлларга тош ётқизиш, футбол мактабини замонавий тарзда бунёд этиш учун туман марказидан ҳамда «Лағмон ота» маҳалласи болалари учун хусусий боғча қуриш учун тадбиркорга ер ажратиш, «Дунё тепа» маҳалласида яшовчи, ёлғиз она А.Шерқобилова ва «Янги ҳаёт» маҳалласидаги Н.Турдиеванинг уй-жой масаласида, «Юрчи» маҳалласи фуқароси М.Раҳматуллаеванинг «Аёллар дафтари»га киритишни сўраган мурожаатлари туман ҳокими иштирокида кўриб чиқилиб, ижобий ечим топди.
Таъкидлаш жоизки, айни кунда «Ўртабўз» қишлоғи аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласидаги депутат сўрови натижасида 7,2 км. янги тармоқни қуриш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Натижада «Буюк ипак йўли» маҳалласи аҳолиси марказлашган ичимлик суви билан 96 фоизга таъминланади.
Фракция аъзоси Шербек Бўроновга Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги “Тортувли” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси марказлашган тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласида мурожаат қилган эди.
Депутат ушбу мурожаатдан келиб чиқиб, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси номига сўров юборган. Ушбу депутат сўровига асосан “Тортувли” МФЙ аҳолисини ўйлантираётган масала ечими учун 1,7 млрд. сўм маблағ йўналтириладиган бўлди.
Депутат бугун мазкур маҳаллада ўтказган учрашувда 10 км. ичимлик суви тармоғини қуриш мақсадида лойиҳа смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича туман мутасаддиларига кўрсатма берди. Лойиҳа амалга оширилгунига қадар ҳудуд аҳолисига ичимлик сувни “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖнинг Нарпай тумани бўлими томонидан махсус техникалар орқали етказиб бериш йўлга қўйилди.
Шунингдек, депутат Нарпай туманидаги 14-сонли “Иттифоқ” поликлиникаси ва “Тотувли” маҳалласидаги оилавий шифокорлик пункти фаолияти билан танишиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларга тавсиялар берди.
Албатта, бу каби назорат-таҳлил тадбирлари давомида қабул қилинаётган қонунларнинг фуқаролар ҳаёт тарзига нечоғлик ижобий таъсир этаётгани, яна қандай ҳуқуқий масалаларга талаб борлиги ўрганиб борилади. Парламент одамларга янада яқин бўлиши уларнинг дардини эшитиш, жойлардаги ижро ҳокимиятининг масъулиятини янада оширишга хизмат қилади. Бу жойларда ҳал этилиши лозим бўлган масалаларни чуқурроқ ўрганиш, уларни ўз вақтида бартараф этиш, қабул қилинадиган қонунларнинг халқчиллигини таъминлашга, энг муҳими, уларнинг ижроси самарадорлигини оширишга олиб келади.
Лазиза ШЕРОВА
“Ўзбекистон овози”