«Маҳаллабай» ишлаш самараси

 

Партиямиз электорати вакилларини қийнаётган муаммоларга ечим топишда «маҳаллабай» ишлаш тизимини изчил йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ташаббуси билан жойларда қатор тадбирлар ташкил қилинмоқда.

Партия Марказий Кенгаши раиси, партиямизнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси раиси Улуғбек Иноятов ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фирдавс Шарипов Термиз туманидаги қатор маҳаллаларда бўлиб, кексалар, ёшлар ҳамда хотин-қизларни ўйлантираётган масалаларни атрофлича ўрганишди.

— Ҳудудда 78 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, — дейди Ўзбекистон ХДП Термиз туман Кенгаши раиси Тўра Зойиров. — Уларнинг 7 минг 345 нафари “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган. Демак, электоратимиз вакилларини ижтимоий ҳимоялаш бўйича қиладиган ишларимиз кўп.

Партия ташкилоти ҳамда депутатлик гуруҳи ҳамкорлигида жойларда учрашувлар ташкил қилинмоқда. Сайёр ва кўчма қабуллар ўтказаяпмиз. Масалан, жорий йилнинг ўтган даврида “Гулбаҳор”, “Айритом”, “Халқобод”, “Сабзипоя” ва бошқа маҳаллалардаги 200 га яқин хонадонда бўлдик. Одамларни бандлик, кредит олиш, уй-жой, электр энергияси, тоза ичимлик суви ва бошқа масалалар қийнаётгани аниқланди. Ўрганишлар давомида 20 дан ортиқ муаммо жойида бартараф этилган бўлса, қирққа яқин мурожаат тегишли тартибда назоратга олинди.

Маълумки, юртдошларимизнинг асосий қисми қишлоқ жойларида истиқомат қилади. Кўпчиликда томорқа бор. Янги иш ўринлари яратиш учун иссиқхоналар ташкил қилиш, боғдорчиликни ривожлантириш, асаларичиликни йўлга қўйиш, чорва молларини кўпайтириш талаб этилади. Шунингдек, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га кирганлар “Устоз-шогирд” анъанаси асосида корхоналарда иш ўрганса, ўйлайманки, албатта, кўзланган мақсадга эришамиз.

Депутатларимиз иштирокида очиқ ва самимий руҳда ўтган тадбирларда “Бунёдкор”, “Меҳнат гузари”, “Ат- Термизий” маҳаллаларида истиқомат қилаётган ўнга яқин кам таъминланган оилага иситиш мосламалари, ногиронлик аравачалари топширилди.

— Яхшилик ва эзгулик асло унутилмайди, — дейди “Бунёдкор” маҳалласида истиқомат қилувчи Нодира Қўчқорова. — Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъуллари ва депутатлар Наврўз байрами кунлари ҳолимиздан хабар олганидан хурсанд бўлдик. “Темир дафтар” ва “Аёллар” дафтари”га кирган бир гуруҳ юртдошларимизга совғалар берилгани эса барчамизнинг кайфиятимизни кўтарди. Ташаббускор ва олийҳиммат инсонларга раҳмат.

— Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилининг ўтган икки ойи давомида вилоят, шаҳар ва туманлар партия ташкилотлари масъуллари ҳамда депутатлик гуруҳлари томонидан “Аёлларга кўмак”, “Ёшларга кўмак” лойиҳалари доирасида қатор ишлар амалга оширилди, — дейди Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят кенгаши Хотин-қизлар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш сектор мудири Феруза Болтаева. – Жумладан, 111 нафар хотин-қиз касб-ҳунарга ўқитилиб, 50 фоизидан кўпроғининг бандлиги таъминланди. 26 нафар кишига кредит олишда амалий ёрдам кўрсатдик. 20 га яқин хонадонда тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш соҳалари йўлга қўйилди. 11 нафар кишининг уй-жойлари таъмирланган бўлса, 9 та ногиронлик аравачаси тарқатилди.

Аҳоли турмуш даражасини яхшилаш — келажакка қўйилган мустаҳкам пойдевор. Шундай экан, бу борадаги хайрли ва эзгу ишлар мунтазам давом этади.

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш