Топиб айтилган гап, тўғрими? Буни ҳеч биримиз инкор эта олмаймиз. Уйимиз бўлсагина рўзғоримиз бут, кўнглимиз хотиржам. Инсон мўъжазгина бошпана соҳиби бўлса ҳам ҳаётдан рози яшайди. Шу кичкина маконимиз бор экан, топган-тутганимизга барака бўлади. Одам ўз уйидан ташқарида ҳаловат топмайди. Демак, фуқароларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини ҳал қилиш кечиктириб бўлмайдиган масала.
Мамлакатимизда аҳоли сони тобора кўпайиб бормоқда. Бу табиийки, уй-жойга бўлган эҳтиёжни ҳам оширади. Шундан келиб чиқиб, халқимиз ҳаётини янада фаровонлаштириш, фуқароларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида арзон, замонавий, шинам уй-жойлар қурилмоқда. Аҳолини уй-жой билан таъминлаш, хусусан, ёш оилалар, уйга муҳтож фуқароларни уй билан таъминлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Бунда аҳоли даромадларини ошириш, истиқболли дастурларни ҳаётга татбиқ қилиш, уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга турли қулайлик ва имтиёзлар беришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Аҳолининг реал эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда арзон уй-жойлар бунёд этиляпти.
54 МИНГ ОИЛА ҚУВОНЧИ
Таҳлилларга кўра, мамлакатимизда ўтган тўрт йилда давлат дастурлари асосида 140 минг ёки йилига ўртача 35 минг уй-жой барпо этилди. Бу кўрсаткич олдинги йилларда қурилган ўртача уй-жой сонидан 4-5 баробар кўпдир. Лекин шунга қарамай, уй-жойга эҳтиёж катта, ижарама-ижара сарсон-саргардонликда юрган ёки икки-уч оила кичкина уйда тиқилиб яшаётган ҳолатлар ҳали жуда кўп.
Маълумки, ўтган ойда давлатимиз раҳбарининг “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Унга кўра, бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби доирасида кўп квартирали уй-жойлар қурилади. Фармонга мувофиқ, 54 минг оилани уй-жой билан таъминлаш белгиланган.
Янги тартиб доирасида жорий йилда республика бўйича жами 33114 та квартира ва якка тартибдаги уй-жойлар, қишлоқ жойларида 8 336 та квартирадан иборат кўп қаватли арзон уй-жойлар, фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун 3 550 та квартирадан иборат кўп қаватли уй-жойлар қурилади.
Аҳамиятли яна бир томони, янги тартиб асосида эндиликда қурилиш ишлари хусусий пудрат ташкилотлари томонидан амалга оширилади. Демак, қурилиш бозорида рақобат муҳити юзага келади, уй-жойлар маълум даражада арзонлашади.
ИМТИЁЗ ВА ИМКОНИЯТ:
минглаб оилаларнинг оғири енгил бўлади
Яна бир янгиилк, уй-жой қурилиши учун давлат томонидан аҳолига ҳам, қурувчиларга ҳам катта имтиёзлар берилмоқда. Жорий йилда кредитлар ипотека кредитининг энг кўп миқдорларидан ошмайдиган ва дастлабки бадали якка тартибдаги уй-жойни қуриш ишлари қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда, 6 ойлик имтиёзли давр билан 20 йил муддатга ажратилади.
Эндиликда даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқароларга якка тартибдаги уй-жойларга ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки 5 йил мобайнида фоиз ставкасининг 10 фоизлик пунктдан ошган қисмини қоплаш учун Давлат бюджетидан субсидиялар ажратилади. Бу ўз уйига эга бўлиш учун яхши ният билан ишлаб, ҳаракат қилаётган оилаларга уй-жой олиш учун имконият янада кенгаяди деганидир.
Тўғрисини айтиш керак, ўз уйига эга бўлиш қайғусида юрган шундай оилалар борки, бутун умр топган-тутганини уй-жой қуришга сарфлайди. Қанча фуқароларимиз уй қуриш, бошпана учун пул тўплаш мақсадида машаққатли, оғир меҳнатларни қилишга, оиласидан, бола-чақасидан узоққа кетиб, ишлашга мажбур бўляпти. Яшашга ва уй-жой масаласида ҳаловати бўлмаган инсон ҳеч бир соҳада муваффақиятга эриша олмайди. Жорий йилдан бошлаб аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида берилаётган имтиёз ва имкониятлар орқали муҳтож қанча оилаларнинг оғири енгил бўлади. Емай, ичмай, йиллар давомида мисқоллаб пул йиғаётган юзлаб, минглаб оилаларнинг ташвиши камаяди.
ДЕПУТАТ НИМА ДЕЙДИ?
Ислоҳотлар ҳақида узоқ гапириш мумкин, уларнинг самараси хусусида ҳам кўпдан-кўп мисоллар келтирса бўлади. Бугун шароит, имконият катта, имтиёзлар кўлами кенг. Ишлайман, уй-жой қиламан, яхши яшайман, турмушим обод бўлади, деган киши учун барча қулайликлар бор. Ҳаммамиз буни ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз, атрофимиздагилар, қўни-қўшнимиз ёки қариндошимиз, таниган, билганларимиз мисолида ҳам гувоҳи бўляпмиз.
Кечагина уй-жой қайғусида ўйланиб юрган қадрдонимиз, дўстимиз ёки танишимиз бугун шинамгина, обод ва озода бўлган ўз уйига меҳмонга чақиряпти. Неча йиллар давомида ижарама-ижара юриб қийналган ошнамиз имтиёз орқали энди ўз уйига, маконига эга бўлди. Кунинг иссиғини иссиқ, совуғини совуқ демай, ўчоқ бошидан нари кетмаган минглаб ўзбек аёлларининг ҳам кўксига шамол тегди. Энди улар замонавий, барча шароит ва қулайликларга эга уйларнинг бекаси бўлмоқда. Булар ҳақида қанча гапирсак оз, ислоҳотлар бўй кўрсатаётгани, самара бераётгани тўғрисида, унинг ҳаётимиз, турмушимиздаги ўзгаришлари ҳақида қанча ёзсак ҳам кам...
Лекин, жараён ҳақида тўхталганда, тизимда ечимини кутаётган муаммолардан ҳам кўз юма олмаймиз. Депутатларнинг сайловчилар билан учрашувларида ҳам айнан ушбу масалада муаммолар борлиги аён бўляпти.
Дилором Имомова, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:
– Сайловчилар билан учрашувларда уй-жой масаласида кўп мурожаатлар бўлади. Айниқса, кам даромадли, кўп болали оилалар бу масалада қийинчиликларга дуч келмоқда.
Учрашувлар чоғида келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили аҳолини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлашда кўплаб муаммолар борлигини кўрсатмоқда. Ушбу масала ўрганилганда, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган камчиликлар кўзга ташланди.
Масалан, шаҳарларда арзон кўп квартирали, қишлоқ жойларида янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар белгиланган муддатларда қуриб битказилмаяпти. Айрим жойларда эса шошма-шошарлик билан сифатсиз қуриб кетилган, шунингдек, қурилиш материалларидан белгиланган меъёрлар асосида фойдаланмаслик ҳолатлари ҳам кўп. Мазкур уй-жойлар атрофида зарур инфратузилма шаклланмаган, ижтимоий объектларни барпо этиш масалалари эътибор марказидан четда қолмоқда.
Шунингдек, мавжуд уй-жойларни олишда ҳам таниш-билишлик, коррупция ҳолатлари кўп кузатиляпти. Ўзига тўқ фуқаролар уй-жойларга эгалик ҳуқуқини қўлга киритяпти.
Бундай ҳолатларга нисбатан жиддий назорат олиб бориш, назорат қилувчи ва қурилиш объектларини қабул қилиб олувчиларнинг масъулиятини янада ошириш керак, деб ўйлайман.
Уй-жой масаласида қонунчиликка қандай ўзгартириш киритиш керак?
– Маълумки, уй-жой муносабатлари уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳамда архитектура ва шаҳарсозлик соҳасидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Шарофиддин Назаров. – Шу ўринда айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодекси 1998 йилда қабул қилинган бўлиб, бугун қўйилаётган вазифа ва талабларга тўлиқ жавоб бермайди. Шу боисдан амалдаги кодекс билан тартибга солинадиган муносабатлар, фуқаролар, юридик шахслар, давлат бошқарув органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бугунги кун тартибидаги масалалар бўйича муносабатлари, шунингдек, турар-жойларга мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқининг юзага келиши, амалга оширилиши, ўзгаришига оид тегишли моддалар қайта кўриб чиқилиши керак.
Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилашда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини тақдим этилиши Ўзбекистон Республикасининг 2006 йилда қабул қилинган “Ипотека тўғриси”даги қонунининг: уйлар ва квартиралар ипотекаси тўғрисидаги қоидаларнинг қўлланилиши (61-модда); кўп квартирали уйдаги квартиралар ипотекаси (62-модда); қурилаётган уйлар ипотекаси (63-модда); банк ёки бошқа кредит ташкилотининг кредити ҳисобига олинаётган ёки қурилаётган уйлар ва квартиралар ипотекасига (64-модда) оид нормаларини такомиллаштиришни талаб этади.
Бундан ташқари, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож оилаларни ижтимоий ва молиявий қўллаб-қувватлашда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, пудрат ташкилотлари томонидан тендерларни ютиб олиш ва улар қураётган уй-жойларнинг сифатини назорат қилиш борасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан жойларга чиқиб кузатувлар ўтказилади. Шунингдек, маҳаллаларга бориб, уйма-уй юриб, аҳоли яшаш шароити билан танишиш ва фикр-мулоҳазаларини ўрганиш ишлари тизимли ташкил этилади.
Лазиза ШЕРОВА,
“Ўзбекистон овози” мухбири.