Иш ўрни яратилишини қўллаб-қувватлаш раҳбарлар фаолиятининг бош мезонига айланиши зарур

 

Давлатимиз раҳбари бошчилигида 8 апрель куни тадбиркорликни ривожлантириш ва жорий йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси бўйича танқидий видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда баъзи бир раҳбарларнинг ўзини қийнаб, масаланинг ичига кирмаётганлиги, жойларда тадбиркорларнинг муаммолари бўйича тизимли ишлар амалга оширилмаётганлиги қаттиқ танқид қилинди.

Халқимиз манфаатларини кўзлаб жуда муҳим ҳужжатлар қабул қилинмоқда, лекин уларнинг ижроси етарли даражада таъминланмаётгани афсусланарлидир. Йиғилишда бу борадаги вазият чуқур таҳлил этилди.

Бундан буён назорат қаттиқ бўлиши, ўзини қийнамаган, тизимли ишни амалга оширмайдиган раҳбарлар қаттиқ огоҳлантирилди. Ҳудудларга назорат-таҳлил тадбирларига чиққанда кўряпмиз, айрим мутасаддилар ҳали ҳам уйғонмаган, фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиш масаласига юзаки ёндашиш ҳолатлари оз эмас.

Айниқса, иш ўрни очаман, одамларга даромад манбаи яратаман, деган тадбиркорларнинг муаммосини ҳал этмасдан, улардан нимадир кутаётган раҳбарлар ҳам борлиги ачинарли ҳолат. Бундай мутасаддиларга қатъий чоралар қўллаш орқалигина вазиятни ўзгартириш мумкин. Халқимиз, жамоатчилик буни тўғри тушуниб турибди, деб ўйлайман.

Йиғилишда узоқ чекка ҳудудларда жойлашган ер участкаларнинг бошланғич нархини 50 фоизгача чегирма билан сотувга қўйиш ваколатини маҳаллий Кенгашларга бериш таклифи билдирилди. Бундан ташқари, унумдорлиги паст бўлган ва фойдаланилмаётган қишлоқ хўжалиги ерларида ҳам кичик саноат зоналари ташкил этиш мумкинлиги айтилди. Бу топшириқларнинг ижроси, албатта, ишсиз аҳолининг бандлигини таъминлашга қаратилган муҳим чора-тадбирлардан биридир.

Электр қувватининг пастлиги натижасида Янгиҳаёт туманидаги 24 та корхонада 2.5 мингта иш ўрни ва экспортдан йилига 25 миллион доллар йўқотилаётгани ҳақидаги маълумот одамни чуқур ўйга толдиради. Бундай ҳолат республикамизнинг кўплаб ҳудудларида кузатилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бу муаммони ҳал этиш ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий нуқтаи назардан стратегик аҳамиятга эгадир.

Шу боис жорий йилда саноат зоналарини инфратузилма билан таъминлаш мақсадида 2 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда. Бундан кўриниб турибдики, қанча-қанча тадбиркорларнинг электр энергияси, газ, сув, йўллар борасидаги муаммолари ечилади.

Йиғилишда қўйилган вазифалар тўлиқ бажарилиши халқимиз турмушини яхшилашда, ижтимоий масалаларни ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун биз, депутатлар округларга чиққанда, кўриш, ўрганиш билан чекланмасдан, маҳаллий раҳбарларнинг олдига қатъий масала қўйишимиз зарур, деб биламан.

Тадбиркор бўлиш истагини билдираётганлар ва ишини бошлолмай турганларга, ишга жойлаша олмаётганларга яқиндан кўмак берсак, бугунги ислоҳотларга мос ҳаракат қилган бўламиз.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш