Сўз эркинлиги шарафи ва масъулияти

 

Яқинда бир ҳамкасбимиз Европа марказидаги мамлакатлар ва АҚШнинг кўчаларидаги тўс-тўполонларни кўриб, “нима бало, демократия инқирозга учраяптими?” деган эди. Қизиқ савол, вазият ҳам қизиқ-да. Ҳар ҳолда, инсон онги ривожланиб, демократия тамойиллари дунёга кенг ёйилиб боргани сайин тўс-тўполон, ур-сур кучайиб кетаётгандек...

Бу жараёнлар сабабини сиёсатшунос олимлар тушунтирмаса, англаш қийин кечаяпти. Худдики демократия билан анархия бир-бирига чатишиб кетаётгандек. Эҳтимол, бугунга келиб сўз эркинлиги меъёр билмас эркинликка айланиб кетяптими? “Хоҳлаган гапимни хоҳлаган жойда хоҳлаган одамга айтаман”, дейдиганлар кўпайиб боряптими? Сўз эркинлиги аввало катта масъулият экани хаёлимизга келмаяптими? Хаёлга келса-да тан олишни истамаяпмизми? Буни тан олиш шахсий манфаатимизга мос эмасми? Ёки ўзимизни қаҳрамон қилиб кўрсатиш учун чумолидан фил ясагимиз келяптими, аламзадалигимиздан бир камчилик устига ўнтасини миндириб айтаяпмизми? Камчиликларни тузатиш учун эмас, балки улардан шахсий мақсадимиз йўлида фойдаланиш учун шов-шув кўтараяпмизми?..

Биламиз, фикр айтиш ҳеч кимга тақиқланмаган, чекланмаган. Бироқ ўз фикрини ифода қилаётиб, кимнингдир шахсига тегиш ёки кимнидир ҳақорат қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас. Асоссиз ахборот тарқатиб, одамларни чалғитиш, уларда нотўғри фикр уйғотиб, жамият тинчлигига путур етказишга ҳам ҳеч кимга ҳуқуқ берилмаган. Демократияни, сўз эркинлигини ниқоб қилиб олиб, бузғунчилик билан шуғулланаётган “сиёсатчи”ларнинг ҳаракатлари қандай оқибатларга олиб келишини узоқ-яқиндаги қатор мамлакатлар мисолида кўриб турибмиз.

Бу давлатлардаги ур-йиқит, тўс-тўполон, урушлар, аввало, ғаразли мақсадларни кўзлаб тарқатилган бузғунчи ахборотлардан бошланди...

Демократияни кўр-кўрона рўкач қилиб, жазавага тушишлар, бақириқ-чақириқлар, бир-бирини ҳақоратлашлар, одамларни кўчага чиқишига даъватлар, депутатларнинг мажлисхоналардаги ўзаро муштлашувлари кўпайгандан-кўпайиб, охир-оқибатда катта фожиаларга олиб келмадими...

Ўша воқеалар ташкилотчилари, иштирокчилари ўзларини халқпарварлар қиёфасида кўрсатишган эди. Бугун ҳам бунақа ўйинларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Уларнинг тарғиботлари ур-йиқитларга, тўс-тўполонга, кимлардир жароҳатланиши, қамалиши ёки нобуд бўлишига олиб келмоқда. Давлат ва жамиятга нафақат моддий, балки катта маънавий зиён ҳам етказмоқда.

Бир кун жанжал чиққан жойдан қирқ кун барака қочади, деган мақол қанчалик тўғрилигини оила мисолида ўйлаб кўрайлик. Эр-хотин ёки болалар ўртасида ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат йўқолиб, улар бир-бирига ташланиб яшаса, бу оилада тинчлик бўладими, барака бўладими? Носоғлом оиланинг ҳеч қачон бири икки бўлмайди. Ҳеч ким хотиржам яшай олмайди. Жамият ҳам катта оила. Унинг тинчлиги, ободлиги одамларнинг бир-бирига ўзаро ҳурматига, меҳр-оқибатига, маданиятига боғлиқ.

Сўз эркинлиги шиори остида тарқатилаётган ғаразли, ёвуз мақсадли ахборотлар одамларга фақат кулфат келтиради. Чин маънодаги сўз эркинлиги, оммавий ахборот воситалари эркинлиги жамият тинчлиги ва осойишталигига сира ҳам рахна солмайди, қайтага жамиятни хавф-хатардан асрайди, мустаҳкамлайди. Сўз эркинлиги, оммавий ахборот воситалари эркинлиги чекланган жамиятда эса табиийки, камчилик ва муаммолар ҳақида гапириш ҳам чекланган бўлади. Бунинг оқибатида коррупция илдиз отиб, камчиликлар газак олиб, муаммолар катталашиб бораверади, одамлар норозилиги кучайиб, давлат инқирозга юз тутади.

Сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситалари эркинлиги кимларга ёқмайди? Ўз кирдикорлари очилиб қолишидан чўчиган раҳбарларга, ноқонуний йўллар билан бойлик топаётганларга. Ўз фаолиятидаги камчиликлар, сохта обрўси ошкор бўлишидан қўрққан арбобларга. Жамиятдаги хато ва камчиликлар ўз вақтида очиқ айтилса, бартараф этилса, давлат ривожланади, одамлар яхши яшайди. Шунинг учун ҳам демократик давлатда сўз ва матбуот эркинлиги қўллаб-қувватланади, қадрланади ва рағбатлантирилади, бундан бутун жамият манфаатдор бўлади. Аммо асоссиз, қасдан айтилган, туҳматдан иборат ёки кимнингдир шаънига тегадиган ҳақоратомуз гапларни сўз эркинлиги билан адаштирмаслик керак.

Узр сўраб бир гапни айтмоқчиман. Мен Ўзбекистон матбуоти, оммавий ахборот воситаларининг сўнгги 60 йиллик фаолиятидан бирмунча хабардорман. Узоқ муддат цензура деган ташкилот назорати остида ишладик. Кичикроқ бир идора раҳбарини ҳам танқид қилиш осон эмасди. Бунга журъат этган журналист бошига ёнғоқ чақиларди. Худо ёки пайғамбар сўзларини ёзиш, айтиш, мен ўзбекман, турк халқи деб таъкидлаш тақиқланган эди. Мустақилликка эришилгач, цензура йўқ қилинди. Аммо матбуот, журналистика нималигини умуман тушунмайдиган турли даражадаги раҳбарлар узоқ вақт оммавий ахборот воситалари фаолиятига асоссиз равишда аралашиб, юрагимизни қон қилиб, асабимизни емириб келишди.

Ёдимда, 2017 йил баҳорида бўлса керак, раҳбарият таклифи билан биз – матбуот ва оммавий ахборот воситалари раҳбарлари Ўзбекистон миллий телерадио компанияси мажлислар залида тўпландик. Ўша йиғилишда бундан буён журналистик фаолиятимизга ҳеч ким аралашмаслиги, камчилик ва муаммоларни бемалол кўтариш мумкинлиги, фақат танқид холис ва асосли бўлиши айтилди. Бу янгилик бизни қувонтирди, албатта. Аммо кўнглимизнинг бир четида шунчаки гап эмасмикин, эртага танқид бошланса, яна жиловни тортишмасмикин, деган ҳадик ҳам бор эди. Матбуотда эҳтиёт бўлиброқ танқидий мақолалар берила бошланди. Бугун нафақат давлат телевидениеси, балки хусусий телевидение, радиоэшиттиришлар ва газеталарда исталган мавзуда танқидий-таҳлилий материаллар эмин-эркин ёритилмоқда... Бунинг устига, блогерлар жамоаси шаклланиб, ривожланиб тобора фаоллашиб бормоқда. Тўғри, ҳозир ҳам танқид кимларгадир ёқмайди. Танқидни қабул қилолмай, турли баҳоналар билан ўзини оқлаб, журналист ёки блогерни ёмонотлиқ қилишга уринаётганлар учраб туради. Буни вақтинчалик жараён, деб қабул қилмоқ керак ва бундайлар сони қисқариб бораверишига ишончимиз комил. Чунки, бугун мамлакатимизда бошланган очиқлик, ошкоралик, чин маънодаги сўз эркинлиги ортга қайтмас тус олди. Бунинг устига, Президент журналист ва блогерлардан дадил бўлишни талаб қилмоқда. Мен сизнинг ҳимоячингизман, демоқда.

Бундай қўллаб-қувватлаш бизга куч-қувват, ғайрат-шижоат, ўзимизга ишонч бағишлайди, албатта. Аммо айни чоғда чуқур билимга эга бўлиш, тинмай ўқиб-ўрганиш, ҳалол ва холис бўлиш талаб этилади. Афсуски, сўз эркинлигини суиистеъмол қилиш, сўз айтиш масъулияти ва маданиятига амал қилмаслик ҳоллари кўпайиб бормоқда. Айримлар худди бир-бирига еттиёт бегонадек, азалий ёвдек муносабатда бўлмоқда. Хаёлга келганини гапириш, ҳурматсизлик, шаънга тегиш, ҳақоратлар оддий ҳолга айланиб бормоқда. Бундай нохуш, ғайри қонуний, ғайри маданий қилиқлар ҳеч кимга ҳурмат-иззат ҳам, фойда ҳам келтирмайди. Қайтага миллий қадриятларга путур етказади, ёшлар тарбиясини бузади, миллатнинг обрўсини тўкади.

Биз ўзбекларда ёши улуғларга, устозларга, ҳамкасбларга, қўни-қўшниларга муносабатнинг ёзилган, ёзилмаган минг йиллик қоидалари бор. Она тилимизда андиша, ҳаё, ор-номус деган сўзлар борки, уларни бошқа тилларга таржима қилиш ҳам мушкул. Аждодларимиздан бизга қолган энг қимматли мерослардан бири айнан шу – бир-биримизни ҳурматлаш, қадрлаш, сўзимизни маданият билан айтиш. Билмадим, яна қайси халқда бор, боласини сизлаб гапириш фазилати. Ёки қайси халқда бор, ўз қозонидаги овқатидан қўшнисига илиниш одати. Қайси халқда бор, таниса-танимаса, югуриб бориб, кимнингдир тобутини елкасига олишдек хусусият, таълимот, эътиқод...

Халқимизнинг юксак маънавияти, маданияти, маърифати, буюк тарихи дунёга маълум. Ўзимизгагина хос бўлган ана шундай бебаҳо миллий қадриятлар билан яшасак, нодемократ бўлиб қоламизми? Демократ бўлиш учун бақириб-чақириб, бир-биримизнинг ёқамиздан олишимиз керакми? Юзи-кўзинг демай оғзимизга келган гапни айтишимиз керакми? Ёки шовқин-сурон кўтариб, фикр айтиш демократиянинг қоидасими? Бундай ёндашув савод ночорлигини билдирмайдими? Фикр айтиш айб эмас. Фикр баҳсли-мунозарали бўлиши мумкин. Лекин ҳар қандай фикр ўйлаб, масъулият ва маданият билан айтилса, ўзбекона бўлади, миллий қадриятларимизга мос келади. Бақириб-чақириб, дўқ-пўписа, ҳақорат билан айтилган гап ҳеч кимга ярашмайди, самара ҳам бермайди. Ундан кўра, оғир-босиқлик, маданият билан айтилган танқид кучлироқ таъсир қилишини кўпларимиз ўз ҳаётимиз мисолида ҳам биламиз.

Сўз эркинлигидан фойдаланиб, ўпкасини қўлтиқлаб югураётганлар тоифаси ҳар хил, албатта. Кимдир ёшлик, тажрибасизлик қилиб, ўйламай гапириши мумкин. Кимдир шахсий муаммосини жамият муаммосига айлантириб айюҳаннос солади. Кимдир нимадандир, кимдандир аламзадалиги сабабли ошириб-тошириб камчиликлардан нолийди. Кимдир тирикчилик учун шов-шувли гапларни ўйлаб топади.

Бироқ улар орасида ўта маккор ва ёвуз тўда ҳам борки, бу қора ниятли кучлар Ўзбекистондаги тинчликни кўролмайди. Ўзбекистон қанча тинч бўлса, уларнинг кўнгли шунча нотинч бўлади. Ўзбекистоннинг ютуқлари эса уларнинг умрини қисқартиради...

Ишсизлик, уйсизлик, камбағаллик, газ, электр таъминотидаги узилишлар ҳаммамизга беш қўлдек маълум ва буларни бартараф этиш учун кимлардир кеча-ю кундуз ҳаловат билмай кураш олиб боряпти, қарорлар, фармонлар, қонунлар қабул қилиняпти, маблағ ажратиляпти. Аммо тан олиш керак, уларнинг ижросини таъминлаш осон бўлмаяпти. Чунки ҳокимлар, вазирлар ёки бошқа раҳбарларнинг савия даражаси ҳар хил... Бунинг устига, муаммолар йиллар давомида тўпланиб қолган.

Бугун ҳаммага маълум бўлган камчиликларни қайта-қайта такрорлаш билан иш битмайди. Уларни тугатиш учун аниқ таклиф айтиш, дастур тақдим этиш талаб этилади. Бунинг учун эса билим, тажриба керак бўлади. Сафсата сотиб, ўзича ақл ўргатадиган ёки Ўзбекистоннинг бирорта ҳам ютуғини эътироф этишни истамай, фақат “танқидчилик” билан шуғулланаётганларнинг асл мақсади нималигини яхши биламиз. Бизга юртдош ҳам, қариндош ҳам бўлмаган бегоналар, халқаро ташкилотлар вакиллари, ҳатто хорижий давлатлар раҳбарлари Ўзбекистондаги бугунги ўзгаришларни эътироф этяпти, аммо ўзимиздан чиққан шоввозлар буни инкор қилгилари келади, уларга ёқмайди бундай гаплар, чунки бундай ёндашув уларнинг мақсади ва манфаатига мос келмайди. Шунинг учун ҳам улар бугунги ютуқлар ҳақида ўйлашни ҳам хоҳлашмайди. Ўзбекистон олдинга эмас, орқага кетяпти, инқирозга юз тутяпти, деб тамоқ йиртиб, одамларни чалғитишни хоҳлашади.

Уларга ёқмаса ҳам ўзимиз ўйлаб кўрайлик, бугун юртимизда хаёлимизга келмаган қанчалаб ташаббуслар, саховатли ишлар қилинмоқда, одамлар, айниқса, оддий одамларга, ёши улуғларга, қандай меҳр-оқибат, мурувват кўрсатилмоқда. Ёки ҳисоблаб кўринг, тўрт йил илгари ўртача маош қанча эди, бугун қанча? Ҳеч бўлмаса, кўзимизга кўриниб, рўпарамизда турган бунёдкорликларга қарайлик... Холис фикр юритайлик. Биламиз, бундай гаплар ҳам кимларгадир ёқмайди, сизни дарҳол маддоҳликда айблашади.

Она юрт ютуқларидан қувониб, фахрланиб гапириш маддоҳлик бўлса, юртдаги ўзгаришлардан эмас, балки кўнгилсизликлардан, юз берган фалокатлардан хурсанд бўладиганларни ким деб аташ мумкин? Ўз юрти муваффақиятларини эмас, фақат камчиликларини дунёга ёйишни ёқтирадиганларни нима деб аташ мумкин?

Аламзадаларми, ичиқораларми, сотқинларми?.. Душманларми?.. Улар ўз бузғунчиликларини ниқоблашни ҳам ўйлаб топишган. Нима эмиш, Ўзбекистон ютуқларини гапириш душманлик, камчиликларини айтиш дўстлик эмиш. Бу алмисоқдан қолган сафсата эканлигини биз тушунмаймизми? Ўзбекистондаги ислоҳотларни бузиб талқин қилиш дўстлик эмас, ёлғон гаплар тарқатиб, бошқаларда Ўзбекистонга нисбатан ишончсизлик уйғотиш яхши амал эмас.

Ҳаёт ҳақиқатларидан маълумки, муаммоларга дуч келган одам ҳар кимдан нажот кутади, ҳар кимга ишонгиси келади. Қайсидир муттаҳам бу вазиятдан фойдаланиб, ўзини авлиё қилиб кўрсатгиси келади. Агар мен фалон .... бўлсам, ундай қилардим бундай қилардим, деб одамларнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб, умидвор қилади. Аслида у муаммони ҳал қилмоқчи эмас, ҳал қилиш қўлидан ҳам келмайди. Эчкига жон қайғуси, қассобга ёғ қайғуси, деганларидек у вазиятдан ўз мақсади йўлида фойдаланиб қолмоқчи, сафсата гаплар билан оддий одамларни алдамоқчи.

Қани, муаммоларни ҳал этиш, давлатни қудратли, одамларни бой қилиш учун қандай таклифларинг бор, деб сўраб кўринг, пистанинг пўчоғидек чақиб ташланган, такрорланавериб, сийқаси чиқиб кетган гапларни қайтаради. Ҳой инсон, бу гаплар неча йил олдин қайта-қайта айтилган, бугун янги таклифлар билдирилаяпти. Аниқроқ бир гап айт, десангиз саволга жавоб бермай қочади.

Биз ҳам биламиз, камчиликларни айтиш зарурлигини, биз ҳам севамиз ватанни. Бироқ камчиликни ҳам, ютуқларни ҳам айтишда холис бўлмоқ керак эмасми? Сўз айтишнинг масъулияти бор, маданияти бор. Буни тан олмасликнинг ўзи сўз эркинлиги талабларини инкор этиш-ку…

Асоссиз ва ёлғон ахборотнинг сўз эркинлигига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ёлғон ахборот тарқатиш, аввало, одамларга ҳурматсизлик ҳисобланади. Аҳолидан ахборотни яширмаслик, аҳолини ахборот билан ўз вақтида таъминлаш керак, деймиз. Лекин ахборот асосли бўлишини нега тан олгимиз келмайди? Кимгадир нисбатан асоссиз фикр айтиш, кимнингдир шаънига тегиш, ҳақоратли сўзларни ишлатиш умуминсоний қадриятларга ҳам зид ҳаракатлар ҳисобланади. Ҳар бир инсон сизу биздек инсон. Унинг ҳам шаъни-ҳуқуқлари, ҳимоя қилиниши шарт. Акс ҳолда адолатсизлик бўлади, ур-сур бошланади.

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ва ҳужжатларига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди. Унда жиноят ва маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга, “Ахборотлаштириш тўғрисида” ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Бу ўзгартишлар, аввало, фуқаролар ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилмоқда. Иккинчидан, аҳолини ёлғон, асоссиз ахборотлардан ҳимоя қилиш кўзда тутилган. Шунингдек, бу қонун лойиҳаси сўз айтиш, ахборот тарқатиш масъулияти ва маданиятини оширишга хизмат қилади. Асосли ахборот тарқатилишининг талаб этилиши сўз эркинлигига тўсиқ бўлолмайди, журналистлар ва блогерлар ҳуқуқларини ҳеч қанақасига чекламайди. Қайтага жамиятда ҳақ сўз, асосли ахборот тарқатилишини таъминлайди ва журналист ҳамда блогерларга нисбатан халқ ишончини янада оширади...

Қонун лойиҳасида ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик, оммавий тартибсизлик ва зўравонликларга даъват этиш, оддий қилиб айтганда, мамлакатимиз тинчлиги, осойишталигига путур етказувчи, фуқаролар ҳуқуқларини бузишга олиб келувчи ҳаракатлар учун жазо чоралари белгиланаяпти. Бу тартиб кимларга ёқмайди? Тўғри сўз айтиш масъулиятини бўйнига олишни истамайдиганларга, тўғри сўз айтиш машаққатига чидай олмайдиганларга, Ўзбекистонга яхшиликни соғинмаганларга. Улар бу қонун лойиҳасини ҳам бузиб талқин қилиб, “ана, кўрдингларми, сўз эркинлиги чекланяпти”, дея шовқин кўтариб, одамларни чалғитиб, ўз ғаразли мақсадларини ниқобламоқчи бўлишяпти.

Улар ўзларини нима деб аташмасин, сохта ахборотлар тарқатиш замирида турли ғаразли муддаолар яширинлигини яхши биламиз. Асосий мақсад – одамларни, айниқса, ёшларни чалғитиш, уларнинг онги ва қалбини заҳарлаб, бугунги ислоҳотларга ишончсизлик уйғотиш. Сўнгра “нега жим турибсизлар, кўчага чиқинглар”, деб даъват қилишади. Ўзбекистонда ҳам худди бошқа жойлардагидек тартибсизлик тўқнашувлар бошланиб, магазинлар, машиналар ёндирилса, кимлардир жароҳатланса, нобуд бўлса, кимлардир қамалса, улар байрам қилишади. Мақсадларига етган бўлишади.

Шунинг учун ҳам ёвуз мақсадли кимсаларнинг иғволари билан ҳақиқий сўз эркинлигини аралаштирмаслик ва адаштирмаслик керак бўлади.

Бугун дунёда шиддатли глобаллашув жараёни кетаётган, геосиёсий манфаатлар тўқнашуви ҳар қачонгидан кескин тус олаётган бир шароитда ахборот қудратли қуролга айланди. “Демократия” шиори остидаги турли ўйинлар, ёшлар тарбиясига, мамлакат тинчлигига таҳдид солмоқда. Кимлардир бошқа юртларда бўлаётган воқеа-ҳодисалар Ўзбекистонда ҳам бўлишини хоҳлайди. Бизни улардан “ибрат” олишга даъват этишади.

Ҳар кимники ўзига. Ахлоқ-одоб, ўзаро муносабатлар бобида бошқалар тажрибасига зор эмасмиз. Биз миллий қадриятларимиз билан ўзбекмиз, кучли-қудратлимиз. Ота-онани сизлаб, эъзозлаб, энг азиз зотлар, деб улуғлаймиз. Ота ўтирган уй томига чиқишни отага ҳурматсизлик, деб улуғлаймиз. Жаннат оналар оёғи остидадир, деб онани муқаддас биламиз. Ота-она дуосини олишни ўйлаймиз. Устозни отадек кўрамиз. Устоз ўтирган ўриндиққа ўтиришни одобсизлик ҳисоблаймиз. Ёшимиз олтмишда бўлса-да, бир муҳим ишни бошлашдан олдин саксон-тўқсон ёшдаги ота-онамиздан маслаҳат сўраймиз, оқ фотиҳа оламиз. Ёши улуғлардан олдин гапирмаймиз. Ўғил-қизларимизни жондан азиз биламиз... Етим-есирга, ёрдамга муҳтожга раҳм-шафқатлимиз, меҳр-оқибатлимиз.Уятни ўлимдан афзал биламиз. Туғилган еримизга руҳан тани-жонимиз билан боғланганмиз...

Бу каби қадриятлардан узоқлашиб бораверсак, эрта бир куни қандай миллат бўламиз? Нималарга суянамиз? Бошқаларнинг урф-одати билан яшаймизми? Миллийлигимиз, ўзлигимиз нима бўлади?..

Бугун ахборот технологиялари тезкорлик билан ривожланиб, ахборот тарқатиш имкониятлари кенгайиб бераётган бир даврда турли кўринишдаги таҳдидларга қарши дадил ҳаракат қилинмаса, миллий қадриятлар емирилиб бораверади. Сўз эркинлигини ниқоб қилиб олиб, иғвогарлик билан шуғулланаётганларга жиддий хавф-хатар, деб қарамасак, соддалик қилган бўламиз, вақти келиб, бунинг жабрини тортамиз, бунақа хатоларни тузатиш қийин бўлади.

Сўз айтиш эркинлиги улуғ неъмат, юксак шараф, унинг масъулияти ҳам шунга яраша бўлмоғи керак. Сўз эркинлигини ҳимоя қилишни, қадрлашни истасак, унинг қонун-қоидасига амал қилмоқ лозим бўлади. Ўшанда сўз эркинлиги ўз хосиятини, шарофатини, куч-қудратини кўрсатади.

 

Сафар ОСТОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

“Ўзбекистон овози”

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш