Эзгулик ва тарбия бешиги

 

Давлатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги нишонланадиган тарихий ва улуғвор йилда биринчи марта нишонланган «Маҳалла тизими ходимлари куни» байрами ҳар биримизнинг кўнглимизда туғилиб ўсган ота маконга муҳаббат, бир-биримизга ҳурмат-иззат, халқимиз қадриятларига садоқат ҳиссини янада мустаҳкамлади.

Шу муносабат билан давлатимиз раҳбари ўз табригида: «Маҳалла – асрлар оша миллий урф-одат ва анъаналаримизни безавол сақлаб, халқимиз учун эзгулик ва тарбия бешиги, яхши қўшничилик ва ҳамжиҳатлик маскани бўлиб келмоқда. Биз маҳалла деганда, дунёда камдан-кам учрайдиган, инсонни жамият билан уйғун бўлиб яшашга ўргатиб, бағрикенглик руҳида тарбиялайдиган, халқ билан давлат ўртасидаги ишончли кўприк вазифасини бажарадиган ноёб тузилмани тушунамиз», деб алоҳида таъкидлаб ўтди.

Бугун барча ҳудудларда, шаҳар ва туманларда ишлар маҳалла кесими тизимида ташкил қилинган бўлиб, секторлар ва бошқа масъул ташкилотларнинг раҳбарлари, фуқаролар йиғинларида аҳоли муаммоларини уйма-уй юриб ўрганиб, иш ўринлари яратиш ва тадбиркорликни ривожлантириш, шу орқали камбағалликни қисқартириш чоралари кўрилмоқда.

Яқинда мен ўзим депутат бўлиб сайланган Нукус шаҳридаги «Жийдали Бойсун» сайлов округида фуқаролар билан учрашганимда, ҳар бир сайловчининг ҳаётга нуқтаи назари, онг-тафаккури, юртимизда бўлаётган янгиланишларга дахлдорлиги нақадар ортганлигининг гувоҳи бўлдим. Улар ҳар бир депутат ўз ҳудудидаги халқнинг муаммосини ечишда жонкуярлик кўрсатиши, халқнинг дардини тинглаши зарурлиги, шунда ўз сайловчиларига берган ваъдасининг устидан чиқиши, халқнинг ишончига эришиши нақадар муҳимлигини қайта-қайта эътироф этдилар.

Мен депутат бўлиб сайланган округ ҳудудида 2 та МФЙ жойлашган. 13 минг аҳоли яшайди. Шундан 1120 нафақахўр, 90 та боқувчисини йўқотган, 65 та кам таъминланган, 140 та моддий ёрдамга муҳтож оилалар яшайди. Темир дафтарга 960 фуқаро, аёллар дафтарига 110 нафар аёл киритилган. Ишсизлар сони 550 нафарни ташкил қилади.

Сайловчилар маҳалла фуқаролар йиғинларида шароит давр талабида эмас, компьютер ва ахборот технологиялари билан таъминланмаганлиги, ўз идоралари йўқлиги, бу эса турли ноқулайликлар туғдираётганини айтдилар. МФЙ ҳудудидаги инфратузилма замон талаблари даражасида эмаслиги, ҳудудда 10 километрдан ортиқ йўл ҳолати таъмирталаб, электр таъминоти тизимида ҳам нуқсонлар борлиги, ичимлик суви тизимида 3,5 километр сув қувурлари ва тармоқлари таъмирга муҳтожлиги, канализация тармоғи умуман йўқлиги тўғрисидаги муаммолар ўртага ташланди.

Ҳозир «Жийдали Бойсун» фуқаролар йиғини ҳудудида 2021 йилда инвестиция дастури асосида 4 километр масофага янги ичимлик суви тармоғини қуриш, 2 та кўча электр тармоғида трансформаторларни янгилаш режалаштирилиб, ишлар бошлаб юборилган. Шунингдек, «Қият қалъа», «Қият қалъа ўткали» ва «Геологлар» кўчасида 450 метр ерга шағал ётқизилди, «Жийдали Бойсун» гузарида 2 та автомобиль ювиш шохобчаси, «Наўпир жағис» кўчасида дорихона очилди, «Бахт» кўчасида халққа хизмат кўрсатиш ва савдо-сотиқ маркази, «Дулдул отлаган» кўчада новвойхона ташкил этилди.

«Амударё» фуқаролар йиғини ҳудудида 24-умумтаълим мактаби ва 39-мактабгача таълим муассасаси тўла таъмирдан чиқарилди, 7 кўча текисланиб, шағал тўшалди, 3 кўча сув тармоғи, 2 трансформатор пункти таъмирланиб, 6 кўчанинг газ трубалари алмаштирилди.

Булар бир маҳаллада олиб борилаётган ишлар. Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида Президентимизнинг «2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган чора-тадбирлар асосида республикада кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилаётганлиги тўғрисида сайловчиларга тўлиқ маълумотлар келтириб ўтганимизда, улар ўзлари кўтариб чиқаётган муаммолар ҳам албатта ҳал бўлишига ишончлари ортди.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилган жами 1359 та инвестиция лойиҳасидан 734 таси ишга туширилиб, 4535 та янги иш ўрни яратилади. Шунингдек, 2021 йилнинг биринчи чорагида 45 та лойиҳа, йил якунига қадар 711 та лойиҳа ишга туширилиб, 22 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.

Ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси паст бўлган Бўзатов, Тахтакўпир ва Шуманай туманларида 105та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 750 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Шароити оғир тоифадаги 45 та маҳаллада 302 та оила «Темир дафтар»га, 3261 нафар хотин-қиз «Аёллар дафтари»га, 3 минг 464 нафар ёш «Ёшлар дафтари»га киритилган.

Мазкур маҳаллалар учун қарийб 3 трлн. сўм маблағ йўналтирилган бўлиб, бугунги кунда 437 та объектда иш олиб борилмоқда. Хотин-қизларнинг 296 нафарига амалий ёрдам кўрсатилди, 198 нафарининг бандлиги таъминланди, 50 нафари касб-ҳунарга ўқитилди ҳамда 69 нафарига тадбиркорлик учун кредит ажратилди.

Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси ташаббуси билан Тахтакўпир туманидаги шароити оғир тоифага киритилган «Қўнғиротовул» ҳудудида қиймати бир миллиард 200 миллион сўмлик, соатига 5 куб метр сувни тозалайдиган ва чучуклаштирадиган сув иншооти ўрнатилди.

Бу ижобий натижалар, албатта. Юртимизда камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринлари яратиш, уй-жой таъминотини яхшилаш, сув, газ, тармоқларини кенгайтириш ҳар бир кўча, хонадонларнинг обод ва фаровон турмуш кечиришларига замин яратилиши сўзсиздир. Халқимиз давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистоннинг келажаги, унинг равнақига катта эътибори, қорақалпоқ халқига меҳри ва ғамхўрлигини ҳамиша сезиб, ишониб яшамоқда, унга ишонмоқда.

Мен депутат ва сенатор сифатида ўтган давр мобайнида 11 марта сайловчилар билан учрашув ўтказдим, оилалар, ёшлар билан суҳбатлар давомида 43 та ёзма ва оғзаки мурожаатларни ўрганиб, уларни ҳал қилиш юзасидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб боряпман. Масъулиятни ҳис қилиб, зиммамиздаги белгиланган вазифаларни бажаришда барчамиз якдиллик билан иштирок этсак, тараққиётнинг янги марраларига эришиш, аҳоли турмуш даражасини ошириш йўлидаги ишларимиз янада самарали бўлишига ишончимиз комил.

 

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

“Ўзбекистон овози”

 

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш