Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланади

 

Сўнги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Жумладан, меҳнат соҳасига оид янги қонунлар, бир қатор халқаро ҳужжатлар ратификация қилинмоқда.

Бугунги кунга келиб, Ўзбекистон Республикаси томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасида 70 та халқаро-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан Халқаро меҳнат ташкилотининг 17 та конвенцияси ратификация қилинган.

Президентимизнинг 2020 йил 22 июндаги Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 73-бандида “Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисида”ги 187-сонли конвенциясини ратификация қилиш масаласини кўриб чиқиш белгиланган.

2021 йил 12 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан “Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасининг ҳуқуқий асослари: муаммо ва ечимлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда депутутлар, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси, Санитария гигиена ва касб касалликлари илмий тадқиқот институти мутасаддилари, экспертлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирда Халқаро меҳнат ташкилотининг(ХМТ) “Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисида”ги 187-сонли конвенциясини Ўзбекистон Республикаси томонидан миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиш имкониятларини ўрганиш натижалари атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Халқаро меҳнат ташкилотининг 187-сонли Конвенцияси 2006 йил 31 майда Халқаро Меҳнат Ташкилоти Бош конференциясининг 95-сессиясида қабул қилинган. Мазкур конвенциянинг асосий мақсади ишлаб чиқаришда шикастланишлар, касбий касалликлар ва инсонлар ўлимининг олдини олиш учун доимий равишда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини такомиллаштиришдан иборатдир. 187-сонли Конвенция ХМТнинг устувор конвенцияларидан бири ҳисобланиб, унга биноан миллий қонунчиликда иш берувчилар ва ишчиларнинг энг эътиборли ташкилотлари билан келишган ҳолда миллий сиёсат, миллий тизим ва миллий дастур ишлаб чиқиш орқали касб касалликлари, ишлаб чиқаришдаги шикастланишлар ва инсонлар ўлимининг олдини олиш мақсадида меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини доимий равишда такомиллаштиришга кўмаклашиш назарда тутилади.

Ҳозирги кунга қадар, ХМТнинг 187-сонли Конвенцияси 49 та давлат, шу жумладан МДҲ мамлакатларидан Қозоғистон Республикаси ва Россия Федерацияси томонидан ратификация қилинган.

Депутатлар қайд этганидек, конвенция қоидаларининг аксарияти миллий қонунчилигимизга имплементация қилинган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 211-моддасига биноан барча корхоналарда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратилган бўлиши кераклиги белгиланган бўлса, бундай шароитларни яратиб бериш иш берувчининг мажбуриятига юклатилган. “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасида иш берувчининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгилаб берилган.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги "Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида"ги ва 2010 йил 20 июлдаги "Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорлари билан тасдиқланган дастурларга асосан 300 га яқин меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва нормалари қабул қилиниб амалиётга жорий этилган.

Тадбир иштирокчилари эътироф этганидек, Ўзбекистон ХМТнинг 187-сонли Конвенциясини ратификация қилишга тайёр ва бу келгусида меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга замин яратади.

Тадбирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси, Санитария гигиена ва касб касалликлари илмий тадқиқот институти мутасаддилари Ўзбекистонда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси талабларига риоя этилиши ҳолатлари, ютуқлар ва мавжуд муаммолар тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, мазкур конвенцияни ратификация қилиниши бу борадаги ишлар самарадорлигини янада ошишига хизмат қилишини билдирдилар.

Ўзбекистон Республикаси томонидан 187-сонли Конвенцияни ратификация қилиш миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришга, Халқаро меҳнат ташкилоти ҳужжатларида белгиланган, меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асосларига тааллуқли бўлган принципларни ҳисобга олган ҳолда меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси соҳасидаги халқаро стандартларни самарали жорий этишга, шунингдек халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан муносабатларда мамлакатимизнинг ижобий имижини шакллантириш учун хизмат қилади.

Тадбир якунида Халқаро меҳнат ташкилотининг 187-сонли Конвенциясини ратификация қилиш масаласини ўрганиш натижалари юзасидан қўмитанинг ҳулосасини ҳукуматга тақдим этишга келишиб олинди.

 

www.parliament.gov.uz

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш