ХДП лойиҳалари аҳоли муаммоларини ҳал этмоқда

 

Ўзбекистон ХДПнинг “Депутат маҳаллада” ва “Аёлларга кўмак” лойиҳалари туфайли кўплаб юртдошларимизнинг ҳаётига нур кирди. Улар жамиятнинг, ислоҳотларнинг фаол иштирокчиларига айландилар. Қувонарлиси, кечагина эҳтиёжмандлар, ишсизлар қаторида бўлган бундай фуқаролар бугун бошқаларни иш, доимий даромад манбаи билан таъминламоқда. Наманган вилояти, Тўрақўрғон туманидаги Тошкент МФЙда яшовчи Гулбаҳор Қосимова улардан биридир.

Айни пайтда Гулбаҳор ташкил этган тикувчилик цехида мактаб ўқувчилари учун уст-бошлар, хизмат кийимлари тикилиб, буюртмачиларга етказиб берилмоқда. Корхона барқарор ишлаб турибди, даромад ҳам шунга яраша. Хўш, Гулбаҳор қандай қилиб ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсдан, ижтимоий фаол шахсга айланди?

– “Аёллар дафтари”да рўйхатда турардим, 1 нафар ногирон фарзандим бор. Бизнесимни йўлга қўйишда Ўзбекистон ХДП масъуллари ва депутатларининг хизмат катта бўлди. Уларнинг ёрдами билан қайта касб-ҳунарга ўқидим, кейин “Микрокредитбанк”дан 33 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиб тадбиркорлик фаолиятимни бошладим. 6 та иш ўрни яратдим, ишчиларимдан 4 нафари “Ёшлар дафтари”га, 2 нафари “Аёллар” дафтарига киритилган хотин-қизлар. Улардан бири Этибор Акбарова 1-гуруҳ ногирони. Буюртмаларни сифатли, ўз вақтида тайёрлаб беришга ҳаракат қиляпмиз. ХДП депутатлари тез-тез келиб хабар олиб туришади ва бунинг учун улардан миннатдорман, – дейди бу ҳақда Гулбаҳор Қосимова.

Яқинда партиямиз томонидан туманимизда ўтказилган “Депутат маҳаллада” ва “Аёлларга кўмак” лойиҳалари доирасидаги тадбирлар жараёнида маълум бўлдики, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги хотин-қизлар кўпчиликни ташкил этади. Бу борада улар қўллаб-қувватланса, тўсиқ бўлаётган муаммолари ҳал этилса бўлди, янги корхоналар очилади, янги иш ўринлари яратилади, одамлар доимий даромад манбаига эга бўлади. Тумандаги “Ермачит” МФЙда яшовчи “Аёллар дафтарига” киритилган Сайёра Холиқованинг режалари ҳам худди шундай. Тадбирда тикув машинасига эга бўлган малакали тикувчи яқин кунларда тадбиркорлик фаолиятини бошлайди.

Партиямиз ташаббуси билан “Халқ банки”нинг туман филиали томонидан “Умидли келажак” мономарказида қайта ўқитилиб касбга ўргатилган олти нафар ишсиз хотин-қизлардан бири қуёнчилик, яна бири қандолатчилик, бошқа бири тикувчилик йўналишларида ўз ишларини йўлга қўйиш арафасида. Тадбирда уларнинг барчасига имтиёзли кредит олиш учун сертификатлар топширилди.

Электорат манфаати йўлида амалга оширилаётган бу каби хайрли ишлар яна давом эттирилади.

 

Равшан Қосимов,

Ўзбекистон ХДП Тўрақўрғон туман кенгаши раиси.

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш