Улуғбек Иноятов Вобкент туманида “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларнинг муаммоларини ўрганди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов жойларда аҳоли билан ишлашнинг “маҳаллабай”, “фуқаробай” тизими ҳамда “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” бўйича амалга оширилаётган ишларни Бухоро вилоятига бориб бевосита ўрганмоқда.

Дастлаб Вобкент тумани марказий поликлиникасида тиббий муассасанинг моддий-техник базаси, касалликларни эрта аниқлаш, тўғри ташхислаш ва даволаш услублари билан танишилди. Беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда муассаса ходимларига яратилган шароитлар ўрганилди.

Муассаса ходимлари билан бўлган суҳбатда У.Иноятов аҳоли саломатлигини сақлаш, тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий этиш, тиббий профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш орқали жамоат саломатлигини таъминлаш борасида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан тизимли ишлар йўлга қўйилаётгани, соҳадаги ислоҳотларнинг самарадорлиги кўп жиҳатдан тиббиёт ходимларининг фидойилигига ҳам боғлиқ эканини таъкидлади.

Аҳоли муаммоларини ҳал этиш, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартиришда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жорий этилгани ижобий натижалар бермоқда. Бу борада Вобкент туманида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган. Ушбу дафтарларга киритилган фуқароларнинг муаммоларини ўрганиш, уларга амалий ёрдам кўрсатишга Халқ демократик партияси депутатлари ҳам ҳисса қўшмоқда. Уларнинг бевосита кўмаги билан “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган аёллардан 30 нафари иш билан таъмиланган.

У.Иноятов камбағалликни қисқартириш ишларидаги сусткашлик ва камчиликларни таҳлилий-танқидий ўрганиб, зарур ҳолатда туман Кенгаши сессиясига олиб чиқиш бўйича маҳаллий депутатларга тавсиялар берди.

“Аёллар дафтари”га киритилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар – “Сариосиё” МФЙда яшовчи М.Эргашева, “Қурувчи” МФЙда истиқомат қилаётган М.Мирсаидоваларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга зарур ёрдамлар кўрсатилди. Шунингдек, I гуруҳ ногирони Б.Эргашевга, хасталикдан сўнг имконияти чекланиб қолган Ҳ.Қутлиевага махсус аравачалар топширилди.

“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар билан ўтказилган мулоқотларда кўтарилган 10 дан ортиқ масалани ҳал этиш бўйича чоралар кўриладиган бўлди.

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш