Раҳбарлик ва лавозим инсонга берилган синов

 

Давлатимиз раҳбари сўнгги ойларда ёшлар бандлигини таъминлаш борасида деярли ҳар бир чиқишларида тўхталиб ўтмоқда. Навбатдаги йиғилишда ҳам ёшлар билан боғлиқ муаммолар бугунги куннинг энг муҳим, энг долзарб масаласи сифатида кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, республикамиз бўйича 648 минг нафар ишсиз «Ёшлар дафтари»га киритилган бўлса, биринчи чоракда улардан 283 минг нафарининг бандлиги таъминланган. Хусусан, 175 минг нафар ёшларга 45 минг гектар ер майдони ажратилди, 76 минг нафар ёшлар доимий ва жамоат ишларига жойлаштирилди, 33 минг нафар ёшларга тадбиркорлик фаолияти учун жами 800 миллиард сўм кредит, 6 минг нафарига субсидия ажратилиб, бандлигига кўмаклашилган.

Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида 36 мингта қўшимча турли тўгараклар ташкил этилиб, 874 мингга яқин ёшлар жалб этилган.

Лекин негадир, ёшлар масаласига жойлардаги айрим мутасадди раҳбарларнинг эътиборсизлиги одамни ҳайрон қолдиради. Шу ўринда доноларимизнинг бир мақоли ёдга тушади: “Қорни тўқнинг, қорни оч билан нима иши бор?”

Бугунги сиёсатимиз асосан, ёшлар ва аёллар муаммоларини ҳал этиш билан боғлиқ экан, бу масала, албатта бугунги кун раҳбарининг кундалик иш режасига киритилиши ва ёшлар ва аёлларимизнинг биронта мурожаати эътиборсиз қолмаслиги керак.

Шу ўринда, хизмат сафари билан Фарғона вилоятига кетаётган вақтимда тадбиркорликни ният қилган бир ёш йигит билан ҳамсуҳбат бўлганимизни эслашни жоиз деб билдим. У иссиқхона қуриш учун банкка кредит олиш масаласида мурожаат қилган. Банкда эса унга ҳатто кредит фоизлари, имтиёзлар ҳақида тушунчалар ҳам берилмаган. Энг кам кредит 25-28 фоиз, деб берилган маълумот эса, тадбиркорликни бошламоқчи бўлган ҳар қандай инсонни ўзидан қочиради. Ваҳоланки, тадбиркорликни бошламоқчи бўлган ёшларимизга қанчадан қанча имтиёзлар ва субсидиялар берилмоқда.

Қайси соҳада хизмат қилмайлик, хоҳ у банк хизматчиси бўлсин, хоҳ у масъул идора ва ташкилот раҳбари бўлсин, кўмак сўраб келган ҳар бир инсонга ёрдам қўлини чўзиб, муаммосини ҳал этиб берсаккина, давлатимиз раҳбари талаб қилаётган натижага эришишимиз мумкин.

Йиғилишда ёшларни қишлоқ хўжалигига жалб қилиш ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ва деҳқончилик қилаётган ёшларга уруғлик ва кўчатлар хариди учун 2 миллион сўмгача субсидия берилиши айтиб ўтилди. Бу эса озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича натижаларга эришишимизга ва нарх-навонинг пасайишига омил бўлади. 

Яна бир долзарб масала. Бугунги кунда мамлакатимизда COVID-19 билан касалланиш ҳолати яна аҳолимизни безовта қилмоқда. Бу эса ўз навбатида ҳар бир маҳалла ва хонадонни сифатли тиббий хизматлар билан қамраб олиш учун малакали ўрта бўғин тиббиёт ходимларини кўпайтиришни талаб эмоқда эди. Жорий йилда қўшимча 20 минггача ўрта тиббиёт ва ижтимоий ходимлар штати ташкил этилиб, қўшимча иш ўринлари яратилиши эса, тиббиёт коллежларини тамомлаб, бугунги кунда иш тополмай юрган йигит-қизларимизга катта имконият демакдир. 

Шунингдек, туризм ва спортни ривожлантириш бўйича Президентимизнинг фармони қабул қилинди. Соҳани ривожлантириш мақсадида имтиёзлар ва катта маблағлар ажратилди. Жойларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш, хусусий спорт иншоотлари, мини-футбол, фитнес заллари барпо этиш орқали аҳолини оммавий спортга кенг жалб қилиш масалалари билан бирга жуда кўплаб иш ўринлари яратилади.

Дунёда иш билан банд аҳолининг ҳар ўнинчиси ушбу соҳада фаолият юритмоқда. Мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини тубдан ошириш, туризм хизматларининг ташқи ва ички бозорларини ривожлантириш, зиёрат туризми, экологик туризм, этнотуризм, ишбилармонлик туризми, спорт, гастрономик, тиббий, таълим ва илмий туризмни ҳамда уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш орқали ҳам ёшлар учун йилига камида 30 мингдан зиёд иш ўрни яратиш мумкин.

Раҳбарлик ва лавозим инсонга берилган синов. Ана шу синов даврида халқими, юртимиз равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилиб ҳурмат, эътибор қозониш энг катта шарафдир.

 

Дилбархон Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш