Ёшлар тақдирига ҳар биримиз дахлдор бўлишимиз лозим

 

Ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар масаласи бугуннинг энг долзарб, давлат аҳамиятига молик масаласи эканлиги, бу ишни асло ўз ҳолига ташлаб қўйиб бўлмаслиги таъкидланди.

Йиғилишда айтиб ўтилганидек, айримлар ёшлар масаласи нечоғли муҳим ва долзарб эканлигини тушунмаяпти, ёшларга ёрдам бериб, елкадош бўлишни хоҳламаяпти. Айни шу мавзу бўйича ўтган уч ой мобайнида Президентимиз томонидан икки маротаба видеоселектор йиғилиши ўтказилишининг боиси ҳам мана шунда.

Давлатимиз раҳбари ишсиз ёшларни тадбиркорликка ўқитиш ишлари сусткашлик билан ташкил этилганини танқид қилди. Хусусан, “1+1” дастури доирасида 100 минг нафар ёшларни ўқитиб, кейин уларга имтиёзли кредит ажратиш вазифаси қўйилган бўлсада, бироқ ўтган 3 ой давомида атиги 21 минг ёш ўқитилган.

Кун тартибидаги масаланинг аҳамияти ва долзарлигидан келиб чиқиб, ёшлар билан ишлайдиган муассасаларга имкониятларни кенгайтириш чора-тадбирлари белгиланди, мутасаддиларга ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасидаги имкониятларни янада кенгайтириш ва бандлигини таъминлаш бўйича халққа ҳам, ташкилотларга ҳам маъқул бўладиган бир қанча имтиёзларни мужассам этган янги механизм жорий этиш вазифаси қўйилди. Жумладан, ёшларни ишга қабул қилган корхона ва компанияларга ушбу ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ қайтариб берилиши, “Ёшлар дафтари”га кирган талабалар корхона ва компанияларда амалиёт ўтаганда, уларга 500 минг сўмгача субсидия ажратилиши, биринчи марта ишга кирган касб-ҳунар марказлари битирувчилари 6 ойгача даромад солиғини тўлашдан озод этилиши, “Ёшлар дафтари”га кирган 5 нафардан ортиқ ишсизлар бандлигини таъминлаган тадбиркорларга давлат мулки ижараси учун 50 фоизгача имтиёз берилиши, “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, бир ойлик ҳарбий хизматни ўташ харажатлари бюджетдан тўлаб берилиши каби бир қатор имтиёзлар жорий этилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, жорий йилнинг 1 июнига қадар ҳудудларда 77 та ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ишга туширилади. Республика бўйича 21 та туманда 2 мингдан 4,5 минг нафаргача ёшларга деҳқончилик учун ер ажратилади. “Ёшлар дафтари”га кирган ва деҳқончилик қилаётган ёшларга уруғлик ва кўчат харид қилиш учун 2 миллион сўмгача субсидия берилади. Ижарада яшаётган 130 мингдан зиёд олийгоҳ талабаларига 1 майдан бошлаб ижара пулининг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади (дастлабки босқичда ушбу тизим орқали 60 минг нафар ёшлар қамраб олинади).

Бу рақамлар шунчаки рақамлар эмас, уларнинг ортида қанчадан-қанча ёшларимизнинг тақдири турганини ҳис этишимиз, мен ёшларнинг илм олиш, касб-ҳунар эгаллаши, бандлиги таъминланиши учун нима қилиб бера оламан деб, ўзимизга савол беришимиз ва фаолиятимизни шу асосда йўлга қўйишимиз лозим.

Биз, депутатлар авваламбор чекка, олис қишлоқ ҳудудларига бориб, ёшлар билан учрашиб, уларнинг рўйхатларига аниқлик киритиб, дардларини эшитиб, уларни илм, касб-ҳунар олишга, бандлигини таъминлашда, белгилаб берилган янги тизим орқали иш бошласак, шундагина, ёшларимиз давлат томонидан яратилган юқоридаги имтиёзлардан баҳраманд бўлади. Энг асосийси, бунёдкор, ташаббускор ва тадбиркор, илмга чанқоқ ёшлар сони кўпаяди. Бундай ёшлар эса ҳар қандай халқ ва давлатнинг бебаҳо бойлигидир.

 

Ўрол Ўразбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш