Ўзбекистон Халқ демократик партияси тизимида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнида партия ташкилотлари ва депутатлар иштирокини кучайтиришга, жумладан, аҳоли билан ишлашни “маҳаллабай” тизими асосида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолиятини халқимиз ҳаётидаги муаммоларни ҳал этишга йўналтириш бўйича 6 та йўналишда 44 та вазифани ўз ичига олган “Йўл харита”си қабул қилинди. Шу асосида партия фаоллари, барча даражадаги депутатлар маҳаллаларга кириб бормоқда, сайловчилар билан очиқ, самимий суҳбатлар ўтказмоқдалар.
Шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят Кенгаши ҳамда Иштихон туман Кенгаши ташаббуси билан ўтказилди. “Аёлларга кўмак” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда оилалар фаровонлигини ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, вақтинча ишсиз бўлган аҳоли, хусусан, хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, одамларни боқимандалик кайфияти ҳамда камбағалликдан чиқаришда кўмак бериш каби бир қатор масалаларга эътибор қаратилди. Хотин-қизлар учун яратилаётган имтиёз ва имкониятларнинг жойларда қай даражада бажарилаётганлиги устидан депутатлик ва жамоатчилик назорати ўрнатилди.
Иштихон туманида “Аёллар дафтари”га киритилган 3343 нафар хотин-қизнинг муаммоларини ҳал этиш бўйича кўрилган чора-тадбирларнинг натижадорлиги ўрганилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди. “Аёллар дафтари”га киритилган Гулҳаё Нормуродова, Зайнаб Омонова, Фатима Мирзиярова, Назира Тўраеванинг яшаш шароитлари билан танишилди. Н.Тўраеванинг мурожаати ижобий ҳал этилиб, унга ўз ишини йўлга қўйиши учун имтиёзли кредит олиш учун сертификат топширилди.
Тумандаги “Намуна” МФЙда яшовчи 1-гуруҳ ногирони Г. Нормуродовага ногиронлик аравачаси, Қўчқор Қаршиев МФЙда яшовчи З.Омоновага озиқ-овқат маҳсулотлари олиб берилди. Бундан ташқари, ижтимоий кўмакка муҳтож М.Шодмонованинг оиласи тиббий ёрдамга муҳтожлиги аниқланиб, муаммо туман тиббиёт бирлашмаси ёрдами билан ҳал этилди.
Тадбир доирасида тумандаги 2-сон касб-ҳунар мактабида бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди. Ярмаркада 7 нафар хотин-қизга мутахассислиги бўйича ишга жойлашиши учун йўлланма берилди. Касб-ҳунарга ўқитиш курсларини тамомлаган 10 нафар аёлга банклардан имтиёзли кредит олиш бўйича сертификатлар топширилди. Яна 3 нафар аёлга кредит олиш борасида амалий ёрдам кўрсатилди. Ҳомийлар ёрдами билан С.Тўйчиева ва М.Жулиевага тикув машиналари олиб берилди.
Ўрганишларда аниқланган барча муаммолар чуқур таҳлил этилиб, умумлаштирилади ва таклифлар тайёрланади. Аниқланган муаммолар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига кўриб чиқиш учун тақдим этилади ва депутатлик гуруҳи, доимий комиссия ҳамда сессия кун тартибига киритилади, хотин-қизларни ўйлантираётган масалалар тегишли соҳа мутахассисларига ҳал этиш учун юборилади.
Исломбек Умиров,
Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят Кенгаши сектори мудири.