Президент Шавкат Мирзиёев Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Самарқанд филиалида даволанаётган Ўзбекистон Қаҳрамони, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ҳасан Нормуродовни бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Таъкидланишича, Ҳасан Нормуродов узоқ йиллар халқ таълими тизимида ишлаган. Кейинчалик «Нуроний» жамғармасининг Самарқанд вилояти бўлими раиси сифатида меҳнат фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш ишларига катта ҳисса қўшган. Ҳозирги кунда Самарқанд вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари.
Қайд этилишича, 82 ёшли Ҳасан Нормуродов жонкуяр ва самимий инсон сифатида вилоят аҳолиси ўртасида ҳурмат қозонган. 2019 йилда Президент фармонига кўра «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.
Шавкат Мирзиёев фидойи меҳнат фахрийсига мустаҳкам соғлиқ ва бардамлик, узоқ умр тилади.
Ҳасан Нормуродов вақт топиб келгани, юксак эътибор кўрсатиб, қўллаб-қувватлагани учун давлат раҳбарига ташаккур билдирди.
Шу билан Президентнинг Самарқанд вилоятига ташрифи якунланди.
www.daryo.uz