Қишлоқда яшайдиган одам учун беморлик оғриқларига чидашдан кўра, шаҳарга келиб тиббий хизматдан фойдаланиш масаласи кўпроқ қийинчилик туғдирса керак.
Тиббиётнинг бирламчи бўғинида тиббий ёрдам тўғри ташкил этилмаслиги, касалликларнинг эрта аниқланмаслиги беморларнинг марказий шифохоналарга мурожаат қилишларига сабаб бўлади.
Шу боисдан давлат раҳбарининг кейинги йилларда қабул қилинган соҳага доир ҳужжатларида ихтисослашган малакали тиббий ёрдамни аҳолига яқинлаштириш вазифаси қўйилди.
Бу борадаги чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони асосида қабул қилинган 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясида, “Репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладор ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш ва кўламини янада кенгайтириш тўғрисида”ги қарори ҳамда “Биламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармониида аниқ кўрсатиб берилган.
Аммо давлат раҳбарининг топшириқлари ҳар доим ҳам бекаму кўст ижро этилмоқда, деб айта олмаймиз. Масалан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан кўп тармоқли туман марказий поликлиникалари, оилавий поликлиникалар, қишлоқ шифокорлик пунктларининг тиббиёт ва бошқа ходимлари учун ишлаб чиқилган штат меъёрлари юқорида кўрсатилган вазифаларни тўлиқ бажаришга имкон бермайди.
Мисол учун, кўп тармоқли марказий поликлиникаларда тор доирадаги мутахассислар сони кескин қисқартирилган рўйхатда болалар невропатологи, болалар отоларингологи, болалар эндокринологи, болалар офтальмологи, болалар ортопед-травматологи каби бир қатор мутахассислар кўрсатилмаган, педиатр учун муассасага 1,0 иш ўрни ажратилган.
Демак, педиатр 6 соат ишлайди ва соат 14:00 дан сўнг поликлиникада педиатр шифокор қабули бўлмайди. Педиатр меҳнат таътилида ёки касаллик варақасида бўлган вақтда ҳам шу ҳолат бўлади.
Амалдаги тартибга кўра чақалоқларда эмлаш ишларини хавфсиз амалга ошириш учун, албатта, невропатолог кўриги зарур. Бола ривожланишининг назорати тўғри олиб борилиши учун ҳам маълум муддатларда тор доирадаги мутахассислар кўриги талаб қилинади. Таклиф қилинган штатлар жадвалига кўра, бу ишни амалга оширишнинг умуман иложи йўқ. Худди, шунингдек, муассасага 1,0 иш ўрнига хирург ва акушер-гинеколог штатлари ажратилиши белгиланган.
Шу ўринда айтиб ўтиш керак, мамлакатимизда олиб борилаётган хатлов натижасида аниқланган беморлар марказий поликлиника тор доирадаги мутахассислари томонидан ҳисобга олиниб, даволаш ишлари олиб борилиши лозим. Амалдаги тартибга кўра барча ҳомиладорлар ҳомиладорликнинг 1-триместрида кордиолог, эндокринолог, офтальмолог, невропатолог кўригидан ўтишлари керак. Таклиф қилинган штатлар жадвали асосида бу вазифаларни амалга оширишнинг имкони йўқ.
Шунингдек, оилавий поликлиникалар учун муассасага 1,0 иш ўрнида акушер-гинеколог штати таклиф қилинмоқда. Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Қизлар ва фертил ёшидаги аёлларга кўрсатиладиган акушер-гинекологик ва тиббий ёрдам хизматлари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида марказий ҳамда оилавий поликлиникалар, қишлоқ шифокорлик пунктларида “аёллар маслаҳатхоналари” ташкил этиш кўзда тутилган.
Оилавий поликлиникага 40-50 минг аҳоли бириктирилган бўлса, унинг тенг ярми аёллардан иборат, албатта. Акушер-гинеколог зиммасига фақат ҳомиладорлар назорати эмас, балки барча ёшдаги қизлар ва аёллардаги гинекологик касалликларни аниқлаш ва даволаш юклатилгани ҳисобга олинса, бу меъёрни поликлиника тизимидан мутлақо бехабар одам таклиф қилгани маълум бўлади.
Мутасаддилардан изоҳ сўралганда, бу ўринлар барибир вакант, шунинг учун қисқартирилади, деган жавобни олдик. Соғлиқни сақлаш тизими вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, жорий этилган бундай мутахассис ўринлари сонини қисқартиришни шундай юзаки жавоб билан изоҳлаш мумкинми?..
Қолаверса, оилавий шифокорлик пунктлари учун мудир штати киритилмаган. Бу муассасалар ҚВП тизимида ташкил этилганда ҳам мудир штати йўқ эди. Мудирлик, яъни маълум ҳудудда истиқомот қилаётган аҳолининг саломатлиги учун масъул бўлган ташкилотни бошқариш врачлардан бирига юклатиб қўйилган. Бу ҳолда шифокор аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш, беморларни аниқлаш ва даволаш билан шуғуллансинми ёки битмас-туганмас ташкилий ишлар биланми?..
Соҳага оид қабул қилинаётган қарорлар, йилимизнинг номланиши аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини оширишни тақозо қилар экан, аҳолига тааллуқли бўлган меъёрий ҳужжатлар, албатта, аҳоли, қуйи бўғин мутахассислари фикри, депутатлар муҳокамасини ҳисобга олмасдан қабул қилиниши мумкин эмас, деб ҳисоблаймиз. Соғлиқни сақлашдек муҳим соҳани кабинетда ўтириб ёзилган ҳужжатлар билан ривожлантира олмаймиз.
Юқорида келтирилган ҳолатларни таҳлил қилиш, тизимда яна муаммолар пайдо бўлишининг олдини олиш мақсадида қуйидаги таклифларни билдирамиз:
- Амбулатор-поликлиника тизимидаги барча муассасаларни бириктирилган аҳоли сонига қараб категорияларга ажратиш;
- Ҳар бир тиббий муассаса категориясига мувофиқ давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмини аниқлаш;
- Аҳоли эҳтиёжидан, тиббиёт муассасасининг марказдан узоқлиги, аҳоли сони инобатга олинган ҳолда муассасада ташкил этилиши мумкин бўлган пулли тиббий хизмат турларини аниқлаш;
- Штатлар жадвалини муассасанинг категориясига мувофиқ шакллантириш;
- Штат бирликларини муассаса низомида кўрсатилган тиббий ёрдам ҳажми ва таркиби, амалдаги қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар асосида қайта кўриб чиқиш;
- Штатлар жадвалини тузишда тизимда фаолият юритаётган тажрибали мутахассислар иштирокини таъминлаш.
Ушбу таклифлар давлат раҳбари тиббиёт тизими олдига қўйган вазифаларнинг тўлақонли ижро этилишига, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатилишига хизмат қилади, деб ўйлаймиз.
Мақсуда Ворисова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси аъзоси