Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари ҳамда ЎзХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳамкорлигида "Маҳаллада камбағал оилалар сонини камайтириш" лойиҳаси доирасида Амударё туманида тадбир ўтказилди. Тумани ҳокими С.Йўлдошев ҳамда партия фаоллари иштирок этган тадбирда "Темир дафтар"га киритилган ёшларга "Дурмон" овул фуқаролар йиғини ҳудудида ажратиб берилган ерлардан фойдаланиш ҳолати, шунингдек, тумандаги "Ёшлар дафтари"га киритилган ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш мактаби фаолияти ўрганилди.
Мазкур 2-сон касб-ҳунар мактаби халқаро таълим дастурлари асосида 9-синф битирувчиларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган бошланғич таълим босқичида кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасаси сифатида янгидан ташкил қилинган. Кадрлар тайёрлаш умумтаълим муассасаларининг 9-синф битирувчилари ҳисобидан шакллантирилган гуруҳларда 2 йиллик умумтаълим ва мутахассислик фанларининг интеграциялашган дастурлари асосида кундузги таълим шаклида амалга оширилади. Ҳозирда мактабда жами 175 нафар ўқувчи автомобилларни таъмирлаш чилангари, тикувчи, пайвандловчи, сув ва газ истеъмоли назоратчиси, ошпаз-қандолатчи каби 5 та йўналиш бўйича касб сирларини ўрганмоқда.
Мактабда таълим-тарбия бериш, ҳунар ўргатиш учун барча шароитлар мавжуд. Жумладан, 28723 китоб фондига эга ахборот-кутубхона, интернет тармоғига уланган 12 та компьютердан иборат электрон кутубхона ҳамда компьютер синфи ўқувчилар ихтиёрида. Кимё, физика, биология фанлари лаборатория хоналари ҳам барча зарур жиҳозлар билан таъминланган. Ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш мақсадида фан ва спорт тўгараклари ташкил этилган бўлиб, тўгаракларга 80 фоиз ўқувчилар қамраб олинган.
Эътиборли жиҳати, ёшлар касб-ҳунар сирларини пухта эгаллаш баробарида, ишлаб чиқариш амалиётида тайёрланган кийим-кечаклар, уй-рўзғор буюмлари, қурилиш буюмлари, қандолатчик маҳсулотларини бозорга чиқариб, оилаларига моддий томондан кўмаклашмоқдалар. Бу ўз навбатида ўқувчиларда тадбиркорлик кўникмалари шаклланишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Касб-ҳунарга ўргатиш, ишсизлар сонини қисқартириш бўйича туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган ёшлар, хотин-қизлар учун қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курслари ташкил этилган. Бугунги кунгача марказда тикувчилик, ошпазлик, электрик мутахассисликлари бўйича 136 нафар ёшлар касб-ҳунарга ўқитилди.
Республикамизнинг энг олис ва чекка ҳудудида ташкил этилган ушбу таълим масканида таълим олаётган ёшлар ва аёллар билан суҳбатлашар эканмиз, уларнинг кўзида келажакка бўлган ишонч ва ўрганаётган касб-ҳунарлари уларга бениҳоя шодлик улашаётгани гувоҳи бўлдик.
Дилбархон Мамаджанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.