Мамлакатимизда 2018-2019 йилларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун 1412 та давлат-хусусий шериклик тўғрисида битимлар имзоланиб, улардан 1097 таси бўйича имтиёзли кредитлар ажратилган. 74 таси бўйича битимлар бекор қилинган, 241 таси бўйича молиявий манбалар мавжуд бўлмаганлиги сабабли кередитлар ажратилмаган. Бу рақамлар давлатимиз раҳбарининг яқинда қабул қилинган “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги келтириб ўтилган. Мазкур ҳужжат давлат-хусусий шериклик шаклидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш ишларини жонлантириш, соҳага хусусий секторни кенгроқ жалб этиш орқали мактабгача таълим қамровини оширишга хизмат қилади.
Ўрни келганда таъкидлаб ўтиш керак, юртимизда ёшларга эътибор, мактабгача таълимга болалар қамровини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида ҳам ушбу йўналишда кенг кўламдаги чора-тадбирларни амалга ошириш белгилаб берилди. Жумладан, мактабгача тайёрлов тизими билан 560 минг нафар 6 ёшли болаларнии ёки уларнинг 82 фоизини қамраб олиш, болаларнинг илк ривожланишига хизмат қиладиган мактабгача таълимнинг мақбул шаклларни янада кенгайтириш, мактабгача таълим тизимига хусусий сектор маблағларини кўпроқ жалб қилиш ва бюджетдан субсидия бериш ҳисобидан нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган болалар улушини 25 фоизга етаказиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, дастурда республикамизниннг барча ҳудудларида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида 40 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти қуриш, олис ва аҳолиси тарқоқ жойлашган ҳудудларда 2000 та оилавий мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш, нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини ривожлантириш орқали 54000 минг қўшимча қувват ҳамда 4400 янги иш ўрни яратиш назарда тутилган.
Шунингдек, бугунги кунгача молиялаштирилмасдан қолган 241 та давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларга кредит маблағларини босқичма-босқич ажратиш, қурилиши режалаштирилаётган боғчаларни молиялаштириш учун уларни тоифалаб маблағ бериш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, боғчаларда қурилиш ишлари бошланган битимлар бўйича – Саудия тараққиёт жамғармасидан жалб этилаётган 10,9 АҚШ доллари ҳамда тижорат банкларининг, қурилиш ишлари бошланмаган битимлар бўйича жорий йилнинг 2 ярмида ушбу мақсадлар учун жалб қилинадиган умумий қиймати 70 миллион АҚШ доллари миқдоридаги ташқи қарз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Қарорда 241 та давлат хусусий шериклик тўғрисидаги битимларни молиялаштириш учун кредитлар 7 йил муддатга 2 йиллик имтиёзли давр билан берилиши белгилаб берилган.
Ушбу маблағлар ҳисобидан амалга ошириладиган янги лойиҳаларни ҳар бир ҳудуддаги мавжуд мактабгача таълим ташкилотлари, мактабгача ёшдаги болалар сони ҳамда уларнинг қамрови даражасини таҳлил қилган ҳолда одиллик ва шаффофлик тамойиллари асосида танлаш ва уларни амалга ошириш бўйича битимлар имзолаш вазифаси қўйилган.
Биз депутатлар ҳар ойнинг охирида ўз округларимизга борганимизда, ҳудудларда битим имзоланган лекин маблағи ҳал бўлмай турган давлат-хусусий шериклик асосида қурилиш қилаётган тадбиркорлар томонидан муаммолар кўтарилади. Бу борада вазирликларга депутатлик сўрови ва хатлар билан мурожаатлар ҳам қилганимиз ва ўтган йили 2 та шундай мурожаатимиз ижобий ҳал этилди.
Давлат раҳбари ушбу соҳага алоҳида эътибор қаратаётгани бежиз эмас. Чунки бола кичик ёшидан таълим ва тарбияни дидкатик ўйинлар орқали олса, унинг онггига умрбод муҳрланади. “Ёшликда олган билим, тошга ўйилган нақш” деб боболаримиз бежизга айтишмаган. Узоқ йиллар бошланғич синф ўқувчиларига чекка бир ҳуддудда таҳсил берган ўқитувчи сифатида айтмоқчиманки, боғчага борган бола билан боғчага бормаган бола ўртасида осмон билан ерча фарқ бор. Чунки, бу даврда бола ўйинқароқ бўлади. Боғчага борган бола ўтиришни, диққат қилишни, санашни, шеър ва эртаклар айтиб беришни билади. Бу эса бошланғич синф ўқитувчиларига дарс ўтишни анча осонлаштиради.
Ҳудудларда мактабгача таълим ташкилотлари директорлари билан гаплашганимизда, улар ўзаро ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини билдиришди. Яқинда округга борганимда чекка ҳудудларда ҳам уй боғчалари очилиб, 25-30 нафар болаларни қамраб олганлигининг гувоҳи бўлдим. Айниқса, мактабгача таълим йўналишида олий маълумотли бўлиб, қишлоқларда боғча йўқлиги учун ишсиз ўтирган қизларимиз, келинларимиз хурсандчилигининг чеки йўқ.
Тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларни янада шаффоф бўлиши, маблағларнинг адолатли ишлатилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз зарур. Жойлардаги маҳаллий Кенгаш депутатлари билан биргаликда бу ишларни тизимли олиб бориш зарур. Бу билан мамлакат, миллат келажаги учун ажратилаётган маблағларнинг ҳар бир тийини мақсадли сарфланишига эришишимиз лозим.
Мавжуда Ҳасанова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ХДП фракцияси аъзоси.