Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Табиийки, ушбу қатламнинг ўй-фикри, муаммо ва орзу-умидларига алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади.
Қувонарлиси, кейинги пайтларда ёшларга эътибор, уларнинг келажагига ғамхўрлик, дахлдорлик ҳисси ҳар қачонгидан-да ортди. Ислоҳотлар мазмунига эртамиз эгаларига доир муҳим масалалар киритилиши доимий жараёнга айланди. Давлатимиз раҳбари ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида узоқ йиллар ёшлар билан ишлашга юзаки қаралгани, улар билан ҳамнафас яшашга интилиш етарли бўлмагани туфайли бугун ҳал этишимиз зарур бўлган масалалар йиғилиб қолганини таъкидлаб ўтди.
Шу боисдан, ҳаммамиз якдил, ҳамжиҳат ҳаракат қилсак, ёшларнинг ҳаётий қийинчиликлар, мақсади йўлидаги тўсиқларни енгиб ўтишига кўмаклашган бўламиз. Йиғилишда ҳам айнан шу масалалар хусусида сўз борди. Хусусан, ёшлар билан ишлайдиган муассасалар имконияти кенгайтириладиган бўлди. Жумладан, ёшларни ишга қабул қилган корхона ёки компанияларга ушбу ходимлар учун тўланадиган ижтимоий солиқ қайтариб берилади. Бу механизм йўлга қўйилиши натижасида тадбиркорлар ҳам, ёшлар ҳам манфаатдор бўлади.
Одатда “Ёшлар дафтари”га 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ижтимоий ҳимояга, иқтисодий ва психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож, ишсиз ёшлар киритилади. Мазкур платформага киритилган йигит-қизларга амалий ёрдам бериш борасида ҳам тизимли ишларни бажариш кўзда тутилган. Жумладан, рўйхатга киритилган талабалар корхона ва компанияларда амалиёт ўтаса, уларга 500 минг сўмгача субсидия ажратилади. Бу эса ёшларнинг касб-ҳунар ўрганишга қизиқишини ошириш учун яна бир рағбатдир.
Бугун ёшлар бандиги масаласи кун тартибида турибди. Давлатимиз раҳбари бу муаммонинг ечимини ҳам ўзи таклиф этди. Мисол учун, “Ёшлар дафтари”га кирган беш нафардан ортиқ ишсизнинг бандлигини таъминлаган тадбиркорларга давлат мулки ижараси учун эллик фоизгача имтиёз қўлланилади. Натижада тадбиркорлар ижара ҳақидан тежаб қолган маблағлари эвазига ўз фаолиятини янада кенгайтириш имконига эга бўлади.
Бугунги тезкор ва глобаллашган давр юқори малакали дастурчи ва мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришни талаб этмоқда. Шу маънода ҳар бир ҳудудда “Бир миллион дастурчи” лойиҳасининг амалиётга татбиқ этилиши ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очади. Дейлик, лойиҳани муваффақиятли тамомлаган ва қўлида сертификати бор ёшлар ўз фаолиятини мустақил бошлаши учун етарли маблағи бўлмаса, компьютер харид қилиш учун тегишли банклардан кредитлар ажратилади. Ээтиборга молик жиҳати, ушбу кредитларнинг фоиз ставкалари давлат бюджети томонидан тўлиқ қопланади.
Хусусий корхоналарда янги иш бошлаган ходимларни қайта тайёрлаш харажатининг бир миллион сўмгача бўлган қисмига субсидия берилиши ҳам сифатли кадрлар тайёрлашга хизмат қилади. Янги билим ва ғояларга бой бўлган ходим ўзи ишлаётган корхонанинг обрўси, мавқеини ошириш учун сидқидилдан меҳнат қилади. Бундай жойда ўз-ўзидан юксалиш, ўсиш бўлади.
Ёшларнинг профессионал таълим мактаблари, техникумларда ўқиши учун тўланадиган контракт суммасининг даромад солиғидан озод этилиши кўпчилик ота-оналарни, йигит-қизларни қувонтирди. Икки ва ундан ортиқ фарзанди таълим оладиган оилалар рўзғори учун қанча маблағ тежалишини бир тасаввур қилиб кўринг. Шунинг билан бирга, талабалар ижара тўловининг ярми давлат томонидан қоплаб берилади.
Йиғилишда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга ҳам эътибор қаратилиб, бу борада “Баркамол авлод” болалар маркази фаолиятига тўхталиб ўтилди. Республикадаги мавжуд 215 та ана шундай марказнинг имкониятларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Тўгараклар очиш, тармоқ филиалларини ташкил этиш орқали ёшлар қамрови оширилади. Бундан ташқари, ёшларда спорт, маданият ва санъатга қизиқиш уйғотиш учун маҳалла, туман, вилоят, қолаверса, республика даражасидаги кўрик-танлов ва мусобақа ўтказилади. Албатта, йигит-қизларнинг нуфузли халқаро спорт, маданият, санъат ва фан танловларида иштироки билан боғлиқ харажатларни қоплаш тизими йўлга қўйилиши ҳам қувонарлидир.
Олий таълим муассасалари атрофидаги маҳаллаларда яшайдиган, уюшмаган ёшларни хорижий тиллар, компьютер саводхонлиги, спорт, маданият ва китобхонлик тўгаракларига жалб этиш, уларнинг маънавий дунёқарашини шакллантиришга кўмаклашиш ҳамда “Ёшлар дафтари”га кирган ёшлар учун олий ўқув юртларига бепул тайёрлов курсларининг очилиши яна бир қулай имкониятдир. Умуман олганда, Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши ёшларимиз ҳаётида янги саҳифа очилишига хизмат қилади. Муҳими, берилган топшириқларни масъулият билан бажариш, ислоҳотлар мазмун-моҳиятидан ҳар бир ёш баҳраманд бўлишини таъминлашдир.
Исломбек УМИРОВ,
ЎзХДП Самарқанд вилоят кенгаши Ёшлар билан ишлаш сектори мудири.