Демократик сайловлар — халқаро ва хорижий экспертлар нигоҳида

2019 йил 3 октябрь куни “Ўзбекистоннинг янгиланган сайлов қонунчилиги — демократик сайловлар ўтказишнинг асоси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда халқаро ва хорижий экспертлар иштирокида янгиланган сайлов қонунчилиги асосида сайловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

Мазкур тадбир Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ташаббуси билан Марказий сайлов комиссияси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Конференцияда парламент қуйи палатаси депутатлари, Сенати аъзолари, Марказий сайлов комисcияси, ЕХҲТ ва БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари, хорижий давлатлар ва мамлакатимиз экспертлари ҳамда журналистлар иштирок этишди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидов сайлов қонунчилигидаги янгиликларга батафсил тўхталиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов ўз нутқида бўлажак сайловлар халқаро нормалар ва стандартларга тўла жавоб берадиган янги Сайлов кодекси асосида ўтишини қайд этиб ўтди. Бу йилги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатлигига сайловларда 16 мингдан зиёд сайлов округлари ва сайлов участкалари тузилиши режалаштирилган.

Конференция ишида сайловлар бўйича халқаро эксперт Рената Левовски маъруза билан иштирок этди. Халқаро экспертлар ўз чиқишларида сайловларни ўтказиш бўйича халқаро тажриба ва амалиёт тўғрисида маълумот бериб ўтдилар.

Шундан сўнг, халқаро анжуман ўз ишини сессияларга бўлинган холда давом эттирди. Биринчи сессия “Сайлов кодекси — партиялараро рақобатни таъминлашнинг кафолати” мавзуига бағишланди. Унда янгиланган сайлов қонунчилиги талаблари асосида партияларнинг сайловлардаги иштироки ва партиялараро рақобат масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Иккинчи — “Сайлов кодекси — сайлов очиқлигини таъминлашнинг кафолати” мавзусидаги йўналишда эса, сайловлар жараёнларини ёритишда ОАВнинг иштироки ҳамда мазкур жараёнларни ёритишда сайлов ва ахборот қонунчилиги талабларига риоя қилиш масалалари бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш