“Давлат тили тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама жараёнидан

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Давлат тили ҳақида”ги қонун лойиҳаси кескин баҳс-муҳокамаларни келтириб чиқармоқда. Икки кун давом этган мунозаралардан сўнг қонун лойиҳасини фракциялараро дебат шаклида муҳокама қилиб, кейин иккинчи ўқишни қайта давом эттириш маъқулланди.

Тилимиз келажагини белгилаб берадиган қонун лойиҳасида давлат тили нуфузини янги босқичга олиб чиқадиган муҳим янги меъёрларни жорий этиш назарда тутилган. Давлат тилида иш юритишни тартибга солиш бўйича қонунчилик тизими, давлат ташкилотлари ходимларининг давлат тилини билиши шартлиги белгиланмоқда. Давлат тилини ўқитиш тизимини такомиллаштириш масаласи ҳам қўйилмоқда, бу давлат тилининг илм-фан тили сифатидаги нуфузини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Халқ демократик партияси фракцияси бу меъёрларни қўллаб-қувватлайди.

Қонун лойиҳаси қарийб бир йил давомида ишчи гуруҳ, масъул қўмита, фракцияларда муҳокама этилган, ҳеч бир партия фракцияси давлат тилини ривожлантириш, унинг нуфузини ошириш масаласига бефарқ эмас. “Миллий тикланиш” партияси фракциясининг айрим аъзолари қонун лойиҳаси мазмун-моҳиятини тўлиқ ўрганмасдан, шошма-шошарлик билан ўз консерватив ғояларига ўралашиб қолган холда қарамоқдалар.

Уларнинг бундай қарашлари давлат тилини замонга ҳамнафас ривожлантиришда энг олий қадрият саналган инсон ҳуқуқларининг камситилишига олиб келади.

Қодиров жаноблари қонун лойиҳасининг 4-моддасида қайд этилган “фуқарони давлат тилини билмаганлиги учун хуқуқини чекламаслик ҳақидаги норма кўпчилик овоз билан қабул қилингани”да гўё ХДП фракциясини айбдордек кўрсатибди.

Биринчидан, бу модданинг мазмуни Қодиров талқинидан анча кенг: Ўзбекистон Республикасида тил бўйича камситишга ва давлат тилини билмаслиги муносабати билан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари чекланишига йўл қўймаслиги, фуқаролар ўзаро муомала тилини ўз хоҳишларига кўра танлаш ҳуқуқига эга экани қайд этилган.

Мамлакатимизда кейинги йилларда соҳа ва тармоқларни илғор тажриба ва стандартлар асосида ривожлантириш мақсадида давлат идораларига, қолаверса, хусусий секторга минглаб чет эллик мутахассислар ишга жалб этилди. Давлат тилини ўрганишлари учун аввал уларга шароит, имконият яратилиши ҳар томонлама тўғри бўлади.

Давлат тилини ривожлантириш, нуфузини оширишга рағбатлантириш билан эришамиз, эркинликни таъқиқлаш ёки ҳуқуқни чеклаш билан эмас. Давлат тилини билмайдиганларга уни ўрганиш учун давлат ташкилоти шароит яратиши натижасида давлат тилини ривожини янги босқичга олиб чиқиш имконияти бўлади.

“Миллий тикланиш” партияси фракцияси аъзолари қонун лойиҳаси муҳокамасида иккига бўлиниб, илғор фикр юритувчи аъзолари “Бирмиз! Қўлни қўлга берамиз!”, деб ХДП нуқтаи назарида тўғри ғояларни қўллаб овоз берди.

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси раҳбари.

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш