Хотира абадий – қадр муқаддас

 

Биз меҳнат қилган, ватан учун жонини аямаган инсонлар қадр топган юртда умргузаронлик қиляпмиз. Давлатимиз раҳбарининг куни кеча эълон қилинган мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами – “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори ҳамда “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантиш тўғрисида”ги Фармони фикримизнинг яққол исботидир.

Фармонда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронлари 12 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилиши, уларга пул мукофотлари тантанали равишда топширилиши вазифаси белгилаб қўйилган. Шунингдек, жойларда карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда ватанимиз озодлиги ҳимоячиларига бағишланган махсус учрашувлар, маданий-маърифий кечалар ўтказиш кўзда тутилган.

Юртимизда 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни ҳар йили ўзгача руҳда нишонланади. Нуроний отахону онахонларимиз, уруш ортида меҳнат қилган ва ҳозирги кунда ҳам ўз меҳнати билан Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшиб келаётганларга иззат-ҳурмат, эътибор кўрсатилади. Пойтахтимизнинг Олмазор туманида бунёд этилган “Ғалаба” боғи ҳам Иккинчи жаҳон уруш қатнашчилари ва фронт орти қаҳрамонларига давлатимиз томонидан чексиз ҳурмат ва эҳтиромнинг амалий ифодасидир.

Бундан ташқари, улар учун бир йилда бир марта сиҳатгоҳларда имтиёзли дам олишлар ташкил этилиши, тиббиёт ходимлари бириктирилиб, соғликлари кунлик назорат қилиниши ҳам давлатимизнинг бу инсонларга кўрсатаётган ғамхўрлиги, эътибори дейиш мумкин.

Мухтасар қилиб айтганда, халқимизнинг бугунги тинч-хотиржам, осойишта ҳаёти учун курашган инсонларни доимо хотирлашимиз, уларнинг қадрига етишимиз лозим. Бу бугунги авлод вакилларининг ҳам бурчи, ҳам мажбурияти, деб биламан.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш