Қурилиш-ободонлаштириш ишларида хавфсизликка риоя этиш шарт

 

Кўплаб ОАВ ва ижтимоий тармоқларда 17 апрель санасида содир бўлган фожиа ҳақидаги хабарлар тарқалди. Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани Водник-1 даҳасида ободонлаштириш хизмати ходимларининг майдонни тегишли меъёрлар асосида тўсмаганлиги ва техника хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаганлиги оқибатида 8 ёшли Никита исмли бола устига арғимчоқ устуни қулаши натижасида вафот этди.

Ҳалок бўлган боланинг отасининг айтишича, маҳалла қўмитаси вакиллари тегишли тадбирларни олиб бормаган. Шунингдек, атрофи ўралмаган таъмирлаш жойида хавфсизлик ва тартибни назорат қилиб турувчи шахс бўлмаган. Натижада исталган бола таъмирлаш ишлари олиб борилаётган майдончага кириши мумкин бўлган. Қурилиш-ободонлаштиришга масъул ходимларнинг малакасизлиги оқибатида бундай фожиа рўй бергани хавотирга солмоқда.

Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида яна қанча ҳудудларда аҳоли яшаш жойларида қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари амалга ошириляпти. Уларда хавфсизлик талабларига қай даражада риоя этиляпти, деган савол кун тартибига яна чиқмоқда.

Қурилиш вазирлиги ва ташкилотлари, бошқа мутасадди идоралардан бу масалада назоратни кучайтиришини сўраймиз. Ходимларни ишга олишда малакаларини синовдан ўтказиш, улар ишлаши учун зарур техник ва бошқа воситалар билан тўлиқ таъминлаш шарт. Акс ҳолда, Бектемир туманида бўлгани каби ҳолат мамлакатимизда бошқа содир бўлмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Тошкент шаҳар ИИББ маълумотига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган. Айбдорлар, масъулиятсиз мутасаддилар ўз жазосини олиши шарт.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Щенов Никита Андреевич вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Қурилиш-ободонлаштириш ташкилотларини белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилишга, инсон хавфсизлиги ва ҳаёти масаласига жиддий ёндашишга чақирамиз.


Малика Рашидова,

ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходими.

← Рўйхатга қайтиш