Шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилишнинг охири вой

Мустақиллик даврида халқимиз ижтимоий хаётида, ижтимоий-сиёсий қарашларида туб ўзгаришлар содир бўлди. Лекин, афсуски, тўй расм-русумларида ижобий силжишдан кўра, салбий – номақбул одатлар кўпроқ кўзга ташланмоқда.

Никоҳнинг муқаддаслигини англаш, уни пок сақлаш, ҳаром-харишдан асраш ўрнига латта-путтага берилиш, молу дунёга, дабдабага, ҳою-ҳавасга ҳирс қўйиш тобора авжига чиқмоқда. Ижтимоий ҳаётдаги иқтисодий тақчилликка қарамай, тўйларни дабдабага айлантириш, дастурхонга, сарпо ва либосларга ҳашам бериш, кайф-сафо, маишатга муккасидан кетиш камайиш ўрнига кучаймоқда. Бундай тўйлар жуда кўпчиликнинг жонига теккан бўлса-да, тўйларни бошқача тартибда ўтказиш учун ҳеч кимда ирода, қаътият етишмаяпти.

Миллатимизга хос бўлган тутумлар, удум ва урф-одатларни кўпни кўрган кексаларимиз жуда яхши биладилар. Чунки улар тўйга тадорик кўришда меъёрга риоя этганлар, исрофгарчиликдан тийилганлар. Айниқса, келин туширишда меъёр, тежамкорлик кекса авлод вакиллари учун энг мақбул таомил ҳисобланади. Ана шу таомил асосида файзли ўтган тўй ниҳоятда бадастир, гўзал удумларимиз, мумтоз маънавий қадриятларимизнинг намойишига айланади. Икки ёш кексаларнинг оқ фотиҳаси билан оила остонасига қадам қўядилар. Дунёдаги кўп халқлар қатори биз – ўзбекларда ҳам азалдан оила ва никоҳ муқаддас саналиб, эъзозланган. Шу боис ўзбеклар доимо тўйларига алоҳида эътибор берганлар. Аждодларимиз никоҳни Оллоҳ буюрган шариат қоидаларига қаттиқ риоя қилган ҳолда ўтказишга интилганлар. Тўй расм-русмлари ҳам никоҳни, оилани мустаҳкамлашга қаратилган.

Кексаларимиз ҳар доим дуога қўл очганида «Топган-тутганинг тўйга буюрсин, ҳар кимни тўйларга етказсин», дея ният қилишади. Бунинг замирида халқимизнинг энг ширин орзу-умидлари, миллий қадриятларимиз мужассам. Энг яхши неъматларни тўй дастурхонига қўямиз, энг чиройли либосларимизни ҳам шу куни — тўйда киямиз. Меҳмонлар қадамига жонлиқ сўйилиб, ширин таомлар пиширилади, шу қутлуғ кунга атаб янги жиҳозлар сотиб олинади, уйларимизга янги гиламлар тўшалади. Хуллас, тўй куни жамики эзгу орзу-ҳавасларимиз тантана қилади. Лекин, тан олиш керакки, кейинги пайтларда тўйларимизда янги-янги “одатлар” кўпайиб бормоқда. Яқин-яқинларгача ортиқча дабдабаларсиз, овоз кучайтиргичларсиз, қудаларнинг келишуви асосида ўтган тўйлардан олам-олам таассурот қоларди қалбимизда. Бундай тўйларни катталаримиз ҳамон соғинч билан эслайди. Бугунги тўйларимиз-чи? Бугунги тўйларимиз отчопарда от сураётган чавандозларнинг пойгасини эслатмайдими? Афсуски, бугун кўпчиликнинг дилини хуфтон қилиб, асабини эговлайдиган ҳолатлар одат тусига кирмоқда.

Айрим тўйларимизда замонавий ва ҳашамдор машиналарнинг тўйхонага шовқин билан келаётганини кўриб, ажабланасан киши. Уларнинг сони 10-15 тагача етаяпти. Эшитишимча, бу машиналарнинг ҳар бирига икки-уч соатлик хизмати учун тўй эгаси 100-150 долларгача пул тўлар экан. Бу дабдаба учун беш-олти одамдан қарз олиб, сўнг уни узаман дегунча кўнгилсиз ҳолатларга тушаётган оилалар ҳам йўқ эмас. Ёр-ёр, ўлан, айтишувлар миллий қадриятларимизнинг гўзал намуналаридир. Афсуски, сўнгги йилларда ортиқча дабдаба билан ўтказилаётган базмлар кўпайиб, баъзи тўйчилар қуюшқондан чиқиб кетмоқда. Бу иллат тобора чуқур томир отаётгани анча хавотирли ҳолат. Натижада, никоҳланувчи ёшлардан “Мен айтган машина келмаса, тўйхонага бормайман”, “Мебелни чет элникидан олиб берсангизгина турмушга чиқаман”, “Тўйимга фалон давлатдан келтирилган келин кўйлакни киймоқчиман” қабилидаги гап-сўзларни эшитиб қоляпмиз.

Касб тақозоси билан сафарларга тез-тез бориб тураман. Ҳар хил оилаларни кўришга тўғри келган. Бирида беш нафар еярмон бир гўдакнинг нафақаси ҳисобига кун кечирса, бошқасида ота вояга етган уч ўғилдан биронтасини ҳам уйлантиришга қурби етмайди, яна кимдир ногирон фарзандини даволатиш учун маблағ топа олмай одамлар эшигига бош уришга мажбур. Ўйлаб қоласан киши: бировларнинг қозони базўр қайнаб турганда, қўшни хонадон эгалари тўйда намойиш этилажак келин-куёвнинг “Севги тарихи” ролиги учун 4-5 миллион сўм сарфласа, келин дугоналарига қимматбаҳо кўйлаклар олиб берса, бунақада ҳаётдан норози одамлар кўпаяди-да! Халқимиз “Қўшнинг тинч — сен тинч”, деган нақлни бекорга айтмаган. Бу бизни, аввало, диёнатли, ўзаро меҳр-оқибатли бўлишга чорлайдиган даъватдир. Тўй-маросимлар ва бошқа оилавий тадбирларни меъёрида, исрофгарчиликсиз, шовқин-суронсиз, ортиқча дабдабабозликларсиз ўтказиш борасида ўзини-ўзи бошқариш органлари раҳбарларига қачонгача юқоридаги каби йўл-йўриқ ва кўрсатмалар берилиши керак? Ахир халқ орасида, маҳаллада айнан шу раҳбарларнинг ўзлари ҳам яшашади-ку! Ўзлари раҳбарлик қилаётган фуқаролар йиғинлари ҳудудларида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, халқ орасида миллий урф-одат ва удумларнинг замонага мос, ҳар қандай дилхираликлардан холи, ихчам тарзда ўтказилишига нега фуқаролар йиғинлари оқсоқоллари бош-қош бўлишмаётир? Ижтимоий ҳаётимизга бозор муносабатларининг кириб келиши – биз ҳоҳлаймизми, йўқми – бугун бўлмаса эртага тўй ўтказиш тартибларига ҳам таъсир этади. Тўйлар бундан буён тобора ихчанлашиб, соддалашиб бориши эҳтимолдан холи эмас.

Негаки, бозор муносабатларининг ўзига хос қонунлари, яъни нархларнинг ўсиши, кундалик истеъмол молларига бўлган эҳтиёжларнинг тобора ошиб бориши бу эҳтиёжларни қондириш учун кўпроқ меҳнат қилишга мажбур этади. Бу эса, бозор иқтисодиётининг қонун-қоидаларини, ижтимоий ҳаётнинг моҳиятини терангроқ англаб етиш учун имкон туғдиради, одамларда меҳнат ва машаққат билан топган пулни тўйларда беҳуда совуришга йўл қўймайди.Тўйларда янгича тартиб, янгича расм-русумларни жорий қилишда маҳалла қўмиталари, хотин-қизлар фаолларининг таъсири кучли бўлмоғи зарур. Ҳар бир маҳаллада иқтидорли аёллардан лапарчилар, мусиқачилар гуруҳини ташкил этиш, тўйни қизиқарли, бир умр эсда қоладиган қилиш учун турли-туман дастурлар тайёрлаш, тўй иштирокчиларининг фаоллигини ошириш йўлларини ўйлаб топиш лозим.

Менимча, ҳар бир оила тўйга даромадларига яраша харажат қилса, нур устига нур бўларди. Ахир, қиз узатиш ёки ўғил уйлантириш учун фарзандларидан қисиниб, йиллар давомида мол-дунё йиғишнинг кимга кераги бор?! Яхшиси, ихчам тўйларни оммалаштирайлик, оила аъзоларимизнинг саломатлиги, таълим-тарбияси ҳақида қайғурайлик.

Боймурод Юсупов

← Рўйхатга қайтиш