Тил ва унинг воситасида ирода этиладиган нутқ — Аллоҳнинг инсонга насиб этган улуғ неъматларидан биридир. Айнан у орқали инсон бошқа жонзотлардан ажралиб туради ҳамда унинг воситасида халқлар бир-бирлари билан мулоқот қиладилар. Тилнинг тиббий, маиший таърифларидан ташқари ижтимоий қудрати ҳам жамият ҳаётида беқиёс. “Тил воситаи робитаи оламиёндир” деганда маърифатпарвар бобомиз Аваз Ўтар нақадар ҳақ эди. Яъни, тил инсон ва оламни боғлаб турувчи кўприкдир.
Дунёда 1600 миллат ва элат истиқомат қилса, ҳар бирининг ўз тили мавжуд. Ҳар бир инсонга ўз она тили энг суюкли энг ардоқли эканига изоҳ шарт эмас. Ўзбек тили ҳам асрлар силсиласида такомиллашиб, бугунги кунда бой тиллар қаторида эътироф этилмоқда. Ҳаммамизга маълум сабабларга кўра, бир неча ўн йиллар давомида она тилимиз маиший тил мақомида қолди ва расмий тил сифатида жуда тор доирада қўлланилди. 1989 йилда Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилиши ўзбек тилининг қонуний ўрнини эгаллашига имкон яратди.
Бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган “Давлат тили тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Таклиф этилаётган лойиҳада давлат идоралари ходимлари лавозим вазифалари даражасида давлат тилини билишлари шартлиги, иш юритиш давлат тилида олиб борилиши, давлат органларига барча ҳисоботлар давлат тилида тайёрлаб топширилиши белгилаб қўйилмоқда. Бунинг учун ҳар бир ташкилот ва муассасалар ходимларга давлат тилини ўрганишлари учун шароит яратишлари зарур деб кўрсатилган.
Менимча, ўзбек тилини давлат тили сифатида ривожлантириш учун аввало, ана шу шартлар бажарилиши керак. Баъзи сиёсатчиларимиз талаб қилаётганидек, давлат идораларига фуқаролар томонидан мурожаатлар фақат давлат тилида бўлиши шартлиги совет тузуми даврида ҳар қандай расмий ҳужжат ва фуқаро мурожаатлари рус тилида бўлиши кераклигини эслатмоқда. Бу эса, инсон ҳуқуқларининг чекланишига сабаб бўлади. Худди шунингдек, ўзбек оилалалари фарзандлари учун фақат она тилида таълим олиш шартлигини таклиф этиш халқаро меъёрий ҳужжатлар, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни каби бир қатор фундаментал ҳужжатларга мутлақо зиддир.
Ҳар қандай қонун жамиятдаги муаммо келиб чиқишининг олдини олишга, мавжудларини ҳал қилишга хизмат қилиши зарур. Ҳеч бир қонун фуқаролар ўртасида зиддиятлар келтириб чиқармаслиги керак. Агар юқорида келдтирилган бизнингча ноўрин деб баҳоланган таклифлар қабул қилинса, албатта, турли норозиликлар юзага келиши аниқ. Бу фуқароларнинг давлат тилини ўрганишни истамаслиги ёки уни менсимаслигидан эмас, балки бугунги шароитда бу талабларни бажаришнинг имкони йўқлигидандир.
Тан олиб айтиш керак, ўзбек тилини давлат тили сифатида ривожлантириш учун деректив ҳужжатлар мавжуд бўлишига қарамай кўп йиллар давомида уларнинг ижроси таъминланмади. Сиёсий, тиббий, кимё, физика, геология ва деярли барча соҳаларда ихтисосий атамалар базаси шакллантирилмади. Илмий адабиётларнинг давлат тилидаги нашрлари жуда кам. Оммавий ахборот воситалари орқали ўзбек тилини ишлатишда тил қоидаларига эътибор берилмайди. Рус тилидан таржималар маъно жиҳатидан эмас, сўзма-сўз, ҳатто гап тузилиши қоидасига ҳам риоя қилмай бажарилади.
Фарзандларини рус синфларида таълим олдиришга ота-оналарни нима мажбур қилади? Менимча, агар ўқув дастурлари солиштириб кўрилса, ёки рус ва ўзбек синфлари битирувчиларининг билим даражаси солиштирилса, ҳолат аниқ бўлади.
Ўзбекистонни жадал ривожлантириш учун бизга замонавий билимларни эгаллаган етук мутахассислар сув ва ҳаводек зарур. Интернет тармоғидаги илмий манбалар ўзбек ёшлари томонидан рус ва инглиз тиллари орқали ўрганилаётганини инобатга олсак, билим олиш тилини чеклаш салбий оқибатларга олиб келишига амин бўламиз.
Мен она тилим ўзбек тилини жуда севаман ва қадрлайман, унинг буюк тилга айланиши, давлат тили сифатида тўла тўкис намоён бўлиши менинг ҳам орзуим. Лекин бу орзуни амалга ошириш шошма-шошарлик, жамиятда юзага келиши мумкин бўлган нохуш ҳолатларни инобатга олмаслик билан эмас, балки халқи учун, миллати учун доимий фарвонликни истовчи фуқаро сифатида қадам бақадам амалга оширилиши керак, деб ҳисоблайман.
Тил инсонларни бир-бирига қарши қўйувчи қурол эмас, балки боғловчи восита бўлиб қолсин.
Мақсуда ВОРИСОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.