Айбсизлик презумциясига қачон амал қиламиз?

 

ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти прокуратураси томонидан Тошкент туманининг 26-ўрта умумтаълим мактаби директори ҳамда бир вақтнинг ўзида туман Кенгаши депутати этиб сайланган ҳамюртимиз Саида Ҳошимова бюджет пулларини ўзлаштиришда гумон қилиниб, унга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақида маълумот тарқалди.

Тажрибадан маълум, пул ўзлаштиришда ёки бошқа турдаги жиноят қилинишида гумонланиши ҳақидаги хабар тарқалдими, демак, бу хабарни ўқиган ҳар қандай одамда бу гумонланувчи жиноятчи эканлиги аниқ, деган хулоса юзага келиши муқаррар. Чунки доимо биринчи эшитилган, ўқилган хабар инсон онги шуурида сақланиб қолади.

Аслида республикамизда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади. Лекин нима сабабдан ушбу ҳолатда туман прокуратураси ва хабарни тарқатган ОАВ вакиллари айбсизлик презумциясига оид тартиб-қоидага амал қилишмади?

Очиғини айтсам, ўзим ҳам кўп йиллик раҳбарлик фаолиятим мобайнида шунга ўхшаш ҳолатларга тушганман. Биласизми, баъзи прокуратура ходимлари ишни хоҳласа жиноятга, хоҳласа адолатга буриб юборади, тақдирини белгилаб қўяди гўё.

Бу билан ҳамма жойда тизим вакиллари шундай ишлайди дейишдан йироқман. Албатта, тизим ходимлари орасида адолат, касбига масъулият билан ёндашаётганлар кўпчиликни ташкил этади.

Саида Ҳошимова 20 йил ўқитувчи, 8 йилдан буён мактаб директори лавозимида ишлаган экан. С.Ҳошимова текширувчилар хулосаси ва далолатномасида келтирилган ҳар бир важни изоҳлашга интилар экан, мактаб директори бўладими, бошқа соҳа вакилими, хуллас, ҳаммамизга иш ҳужжатларини юритишга кўмаклашувчи ҳуқуқшунослар, мутахассисларга эҳтиёж катталигича қолаётганига яна бир амин бўлдим. Сабаби, Саида Ҳошимова тушунтиришича, у ўзи томонидан амалга оширилган ишларнинг хат-ҳужжатини расмийлаштириш, уларни рисоладагидек юритишга етарлича эътибор қаратмаган. Эҳтимол, бу борада унда малака, тажриба етишмагандир. Оддий мисол, қўшимча машғулотлар учун ота-оналар томонидан тўланган маблағларга махсус ҳисобрақам очишдек кичик масала бир неча ойлаб пайсалга солингани, бу масалада ҳеч ким мактаб директорига ёрдам бермаганини оқлаб бўлмайди.

Агар прокуратура ходимлари тергов суриштирув жараёнларида тоталитар режимдан қолган қоғозбозликка муккасидан кетиб қарор қабул қилса, фуқароларнинг қонун ҳимоячиларига, қолаверса, давлатга ишончига путур етиши мумкин.

Зиёлилар, ўқитувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга бел боғлаган Халқ демократик партиясидан сайланган депутат сифатида айтадиганим шуки, Саида Ҳошимова иши ва тақдири билан боғлиқ воқеалар тафсилотига томошабин бўлиб қараб турмаслигимиз керак. Партиямиз ўқитувчи ва педагогларнинг ўқувчиларга таълим-тарбия беришдек хайрли фаолиятига асоссиз аралашувларни қоралайди.

Биз ҳар қандай ҳолатда қонун устуворлиги таъминланиши тарафдоримиз. Қонунни бузган, ўз фаолиятида қонунни четлаб ўтишга интилган ҳар ким тегишли жазо чораси қўлланилиши лозим.

Лекин қонун ҳимоячилари ҳам қонунда белгиланган тарзда хатти-ҳаракат қилиши лозим, айни ҳолатда аёл кишига нисбатан айбсизлик презумцияси бузилган, деб ҳисоблайман.

 

Қизилгул Қосимова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш