Оммавий ахборот воситаларида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан ишга юборилган 500 га яқин юртдошларимизнинг норозилик намойиши ўтказганлиги тўғрисидаги хабарлар тарқалди.
Уч ойдан бери карантинда, шахсини тасдиқловчи ҳужжатисиз, на ейишида ва на дам олишида ҳаловати йўқ, шароитсиз қийналаётган юртдошларимизни кўз олдингизга келтирсангиз, ҳам раҳмингиз келади, ҳам қаҳрингиз.
Самимий, меҳнаткаш, бағрикенг халқимиз ўғлонларининг ўзга юртларда иш излаб, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишга мажбур бўлишига ким айбдор?..
Нима учун Ўзбекистон арзон ишчи кучи етказиб берувчи давлатга айланиб қоляпти?..
Ташқи миграция агентлиги вазият бўйича баёнот берди, бу вазият юзага келганлиги учун, энг аввало, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва агентлик масъуллари айбдор эмасмилар?
Баёнотда ўрганиш ишлари олиб борилиб, ушбу вазият назоратга олинганлиги, муаммоларни бартараф бўйича «АНТЭК» МЧЖ раҳбарияти билан музокаралар олиб борилаётганлиги айтиб ўтилган.
Юртдошларимизнинг ҳужжатлари олиб қўйилиб, эркинликлари чекланган ҳолатда мажбуран ушлаб турилиши - инсон ҳуқуқларига зид эканини инобатга олсак, давлат ҳимоясида эканлигига ишонч билан кетган фуқароларимизнинг ҳуқуқлари поймол бўлишига Агентлик ёки вазирлик масъулларида жавоб борми?..
Биз юртдошларимиз дунёнинг қайси манзилида бўлишса ҳам уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоя қилиниши шарт.
Норозилик намойиши келиб чиқиш сабаблари атрофлича ўрганилиб, юртдошларимизни ҳуқуқлари тикланиши, масалани тинч йўл билан ҳал қилиш ва ушбу вазият юзага келишига айбдор барча шахслар тегишли тартибда жазоланиши шарт, деб ҳисоблаймиз.
Мамлакатимизда бандлик масаласи жуда долзарб бўлиб бораётган вақтда, масъул вазирликнинг бунга нисбатан аниқ мақсадли, натижали режалари, стратгеияси борлиги сезилмаяпти. Шу боис ҳукумат аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ сиёсатини тубдан қайтадан кўриб чиқиши, бу борада сусткашлик қилаётган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги раҳбариятининг фаолиятига қатъий баҳо бериши зарур, деб ҳисоблаймиз.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси