Илм-фан — инсон камолотига пойдевор. Маърифат ва маънавият эса баркамоллик устунларидир. Зеро, қадим Шарқда таълим ва тарбия ҳеч вақт айро ёки бири иккинчисидан устун баҳоланмаган. Буни дунё тамаддунига тамал тошларини қўйган Имом Бухорий, Хоразмий, Имом Насафий, Фарғоний каби не-не довруғи дунёга достон улуғ қомусий алломаларнинг бебаҳо меросида ҳам кўриш мумкин.
Улуғ аждодларнинг анъанасида собит бўлган Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида ҳам ички ва ташқи сиёсатидан тортиб, иқтисодий-ижтимоий, маданий ҳамда диний-маърифий соҳаларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси ва халқимиз бирдамлигида қабул қилинган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси” асосидаги янгиланишлар том маънода халқимиз ҳаётидаги фаровонликни, мамлакат тараққиётида бўй-бастини кўрсата бошлади.
Барча жабҳалар қатори диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар нафақат минтақа, халқаро ҳамжамиятнинг ҳам муносиб эътирофига сазовор бўлмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг олий минбаридан Ўзбекистон томонидан илгари сурилган глобал ва минтақавий ташаббуслар дунё ҳамжамияти томонидан катта қизиқиш билан қабул қилиниб, қўллаб-қувватланяпти. Жумладан, 2017 йил 19 сентябрда Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқаро миқёсдаги нуфузли анжуманда буюк бобокалонимиз Имом Бухорий номини илк бор тилга олиб, шундай деган эди: “Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман. Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган “Саҳиҳи Бухорий”нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган”.
Дарҳақиқат, Имом Бухорийнинг башарият учун қолдирган бой маънавий-илмий мероси юксак эътирофга лойиқ. Шу мақсадда давлатимиз раҳбари яқинда Самарқанд вилоятига ташрифи давомида аллома номига муносиб маҳобат касб этадиган ёдгорлик мажмуасининг қурилиш ишларини бошлаб берди. Шубҳасиз, бу маскан юртимиз, хусусан, Самарқанднинг, қолаверса бутун дунёнинг энг гўзал гўшаси, минтақанинг Тож Маҳали бўлишига ишончимиз комил.
Бу, ўз навбатида, ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни, хусусан, буюк аллома ва уламоларимиз, айниқса, Имом Бухорийнинг бебаҳо меросини кенг кўламда оммалаштириш ва тарғиб қилиш тенденциясини янги босқичга олиб чиқишда асосий омил бўлади.
Маълумки, Ўзбекистон тарихий қадамжолари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи ўнта мамлакатдан бири ҳисобланади. Ана шу жиҳатдан, юртимизда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича кенг имкониятлар мавжуд. Ишонаманки, мазкур мажмуага дунёнинг турли мамлакатларидан минглаб, миллионлаб сайёҳлар ташриф буюради, том маънода улуғ бобомизнинг маънавий қувватлари мусулмон мамлакатлари зиёратчиларини доимо ўзига тортиб туради.
Имом Бухорий мажмуасини кенгайтириш бўйича бошланган бу қадамлар соҳадаги ислоҳотларнинг узвий давомидир. Таъкидланганидек, мажмуа атрофи ободонлаштирилади, бу ерга ташриф буюрувчи зиёратчиларга барча қулайликлар яратилади. Ишга тушгач, шубҳасиз, Имом Бухорий бобомизнинг меросларини халқимиз, айниқса, ёшларимизга етказишда мажмуанинг ўрни ғоят катта бўлади. Президентимиз: “Бугун бу тўғри таълимотни ёшлар ўрганса, адашганлар бўлмайди, нотўғри йўлга кириб кетмайди. Шунинг учун Имом Бухорий бобомиз тўғрисида оммабоп, кичик ҳажмли китоблар ёзиб, элга, айниқса, ёшларга тарқатиш керак”, дея бу борадаги ишларни янада жадаллаштириш лозимлигини алоҳида қайд этди.
Бугунги глобаллашув даврида илм-маърифат барча масалага ягона ечимдир. Зеро, аждодларимиз ҳам илм билан нажот топдилар, жаҳолатга қарши маърифат билан курашди, илмни нажот билиб, барчани унга даъват қилди. Шундай экан, олдимизда турган энг асосий вазифалардан бири — улуғ аждодимизнинг бой илмий меросини содда, тушунарли, халқчил тарзда ёзилган китоблар орқали аҳоли, хусусан, ёшларга етказишдир.
Исломбек УМИРОВ,
ЎзХДП Самарқанд вилоят кенгаши
Ёшлар билан ишлаш сектори мудири.