Бугунги кунда мамлакатимизда меҳнат ҳавфсизлиги чоралари кўрилаётганига қарамай, ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан азият чекаётган инсонлар сони камаяётгани йўқ.
Бунга корхона ва ташкилотларда, айниқса, кон металлургия ва қурилиш соҳаларида техника хавфсизлиги талабларига риоя қилинмаётгани, “риск-анализ” тизими ва назорат йўқлиги сабаб бўлмоқда.
Халқаро Меҳнат ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳар йили иш жойидаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан 2,3 млн. киши вафот этмоқда, бу рақамлар кунга тақсимланганда, ўртача 6000 кишидан тўғри келади.
Бутун дунё бўйича йилиги тахминан 340 млн. ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳолда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва 160 млн. касб касалликлари қайд этилмоқда.
Республикамизда ҳам 2020 йилда ишлаб чиқариш жараёнларида бахтсиз ҳодисалар 607 тани ташкил этган, бу эса 2019 йилга нисбатан 107 тага кўп. Оқибатда 693 нафар ходим жабрланган. Шундан 201 нафар ходим ҳалок бўлган, 457 нафари оғир ва 35 нафари енгил тан жароҳати олган.
Юқоридаги таҳлиллардан содир бўлаётган ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг сони кўпайиб бораётганини кўрамиз.
Ҳудди шундай бахтсиз ходисалардан яна бири кеча – 21 апрель куни Навоий кон-металлургия комбинатининг Самарқанд вилоят, Пахтачи туманидаги ГМЗ-1 Кон бошқармасига қарашли бўлган Қорақўтон конида, 17-сонли ер ости шахтасида содир бўлган. Конда уч нафар ишчини тош босиб қолган, 2 таси қочиб қолишга улгурган бўлса, ишга кирганига эндигина 3 ой бўлган Пахтачи тумани “Тома” маҳалласида яшовчи 42 яшар Улуғбек Нуралиев воқеа жойида ҳалок бўлган.
Ижтимоий тармоқларда воқеага хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмаганлиги сабаб бўлгани иддао қилинмоқда.
Хабарларга кўра, марҳум ишлаган 17-сонли ер ости шахтасини сув босган. Қоида бўйича, аввал сувни насослар орқали тортиб олиниши, сўнгра проходниклар ишлаши керак бўлган. Лекин шахтадаги эскирган насослар ишга ярамаганлиги сабабли, кончилар сувга кириб ишлашга мажбур бўлишган.
Аслида рудаси бўш бўлган бу шахта стойка қўйиб бўлмайдиган жой бўлиб, инструкция бўйича лаҳм ўтувчи комбайн ишлатилиши керак бўлган. Лекин Қорақўтон конида бунақа техника йўлигидан кончилар ишлатилиб келинган.
Бутун дунёдаги меҳнат қонунчилигига мувофиқ ишчиларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш – бу иш берувчининг мажбурияти. Инсон ҳуқуқларига риоя қилиш нафақат қонуний талаб, бу соғлом бизнес амалиётидир.
Ўзбекистон Республикасида ҳам ўз навбатида ушбу мақсадларни амалга ошириш борасида меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида кўплаб ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, 2016 йилда “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни янги таҳрирда қабул қилинган. Натижада меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида давлат ва жамоат назорати кучайтирилган.
Шунга қарамай бу каби ҳолатлар камайгани йўқ. Энг ачинарлиси, бугунги кунда бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари содир бўлгандан кейин унга муносабат билдириш билан чегараланиб қолинмоқда.
Афсус, воқеа тафсилотлари ҳақидаги турли фикрлар ва ҳулосалар энди қанча гапирилса ҳам 3 нафар фарзанднинг отаси бўлган Улуғбек энди ҳаётга қайтмайди.
Кўпчилигимиз оналаримиз ва оталаримизни, фарзандларимизни қучиб уларга яхши сўзларни айтишимиз мумкину, аммо Улуғбек бундай бахтдан энди бебаҳра. У энди орамизда йўқ. Умид излаб умидсизликка қурбон бўлган фарзандларига, яқинларига сабр тилаб қоламиз.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси ишлаб чиқаришда меҳнат муҳофазасига масъуллар келгусида бу каби ҳолатлар содир бўлишини олдини олишга, хавфсизлик чораларини кучайтириш масалаларига масъулият билан ёндашишини сўрайди. Ҳар бир ҳолатда инсон саломатлиги ва унинг хавфсизлиги муҳофаза қилиниши шарт.
Шу боисдан, ҳодиса юзасидан тергов-суриштирув ишларини олиб бораётган Пахтачи туман прокуратураси ходимларидан, шунингдек давлат меҳнат инспекциясидан расмий муносабат кутиб қоламиз.
Аброр Қурбонов,
ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи