Дунёдаги ҳозирги юксак илмий-технологик тараққиёт асосида инсоннинг ақл-заковати натижасида яратилган ютуқлар турибди. Шу маънода инсон ҳар қандай давлатдаги энг қимматли капитал ҳисобланади. Қайси давлатлар бу капитални ривожлантириш бўйича тўғри стратегия белгилаган бўлса, ўз халқининг турмуш фаровонлигини оширишга эришмоқда.
Мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган изчил ва кенг қамровли ислоҳотларнинг бош ғояси мана шу эзгу мақсадга қаратилган. Бу ислоҳотлар ўз меваларини бера бошлади, десак, ҳеч муболаға бўлмайди.
Кеча Буюк Британиянинг олий таълим соҳасига оид муҳим масалаларни ёритувчи ва университетлар фаолиятини баҳолаб борувчи Times Higher Education ташкилоти ўзининг навбатдаги THE Impact Ranking рейтинги натижаларини эълон қилди. Ушбу рейтингда Тошкент давлат юридик университети дунёнинг 94 та минтақа ва давлатларидан қатнашган минглаб университетлар орасида 401-ўринни эгаллади. ТДЮУ мазкур рейтингда Ўзбекистондаги ОТМлар орасида энг юқори натижани қайд этди.
Халқаро рейтингларга кириш шунинг учун муҳимки, биринчидан, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўси ошишига хизмат қилса, иккинчидан, мамлакатда илмий салоҳият юксалаётганининг амалий белгисидир.
Халқ демократик демократик партияси олий таълим тизимида мазкур йўналишда бошланган ислоҳотларни жадал давом эттириш муҳим, деб ҳисоблайди. Бу юртимизда илғор таълим стандартлари жорий қилинишига, етук мутахассислар тайёрланишига шароит яратади.
Партиямизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси олий таълим тизими бўйича белгиланган стратегик вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан таъсирчан парламент ва депутатлик назоратини амалга ошириб боради.
Ишонамизки, дунёнинг энг нуфузли рейтингларидан ўрин олган олий таълим муассасаларимиз сафи яна кенгаяди. Бунинг натижасида эса илғор фикрловчи кадрлар етишиб чиқиб, мамлакатимиз янада равнақ топишига хизмат қилади.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси