Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда жиноятчилик, зўравонлик, ҳуқуқбузарлик ёки минг афсуски, ўлим билан якунлаган воқеаларда ички ишлар ходимларининг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги бўйича эътирозлар кўпайиб бормоқда. Менинг назаримда, жамоатчилик эътибор қаратган кўнгилсизликларда натижа бўлиб, ижтимоий тармоқларда эътибор қаратилмаган воқеаларда эса натижадорлик бироз сусайгандек.
Ички ишлар вазирлигининг матбуот хизматини мамлакатимиздаги энг юқори даражада жамоатчилик билан ишлайдиган матбуот хизматларидан бири, деб ҳисоблайман. Тизим катта, ходимлар кўп, у ёки бу воқеа бўйича барибир эътирозлар бўлиб туриши табиий. Лекин жамоатчилик назоратини фаоллашгани қанчалар ижобий баҳолансада, тизимда ходимлар фаолиятига баҳо бериш бўйича назорат ҳам етарли бўлиши керакку.
Ички ишлар вазирлиги тизимидаги ходимлар фаолиятига баҳо беришдан йироқман, агар иш хажми ва масъулияти бўйича баҳоланса, ички ишлар ходимларининг зиммасидаги юк энг оғир юк, буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Фақат мени ўйлантирган баъзи масалалар бўйича фикр билдирмоқчиман.
Биринчидан, нега профилактика инспекторига ҳудудида жиноят содир қилинмаса ижобий баҳо берилади? Бундай фаолиятга баҳо бериш жиноятларни яширишга олиб келмайдими?
Менинг фикримча жиноят кўп аниқланган профилактика инспекторининг иш фаолияти, умуман жиноят аниқланмаган профилактика инспекторидан кўпроқ меҳнат қилишига тўғри келади, аксинча жиноят рўйхатга олинмаган ҳудудда хизмат текшируви ўтказиш тўғрироқдир.
Иккинчидан, нега бир фуқаро бошқа ҳудудга бориб жиноят содир қилса, жиноят содир бўлган ҳудуддаги профилактика инспектори кўпроқ жавобгар бўлади. Масалан, бундан 4-5 йил аввал шундай йиғилишларнинг бирида иштирок этдим, Чортоқ туман марказидаги “Навоий” МФЙда жуда кўп кўнгилочар мажмуалар, ресторанлар бўлганлиги учун жиноят кўп содир бўлган. Туман марказидаги профилактика инспекторига жуда кўп эътирозлар бўлди, мен шу профилактика инспекторининг яхши фидойи ходимлигини билганим боис, ажабландим. Кейин ҳудуддаги ресторанлардаги жиноят ҳақида гап кетаётганини англадим. Туман марказидан 55 км. узоқ масофадаги ҳудудда яшовчи, марказга бир соатга келган инсонларни назорат қилиш имконсизку.
Учинчидан, статистика ортидан қувиш авж олган. Бу бўйича ҳам эътироз бўлмаслиги учун ўзим дуч келган воқеа ҳақида айтиб ўтишни жоиз, деб топдим. Мактаб ўқувчиси опаси билан ёз ойларида бозорга келади ҳамда опаси растадан бир нарсани ўғирлаб олади. Бу воқеа бўйича маълумотга эга бўлмадик, келгуси йилнинг февраль ойида ҳокимиятга йиғилишга кирсам, чекка қишлоқда жойлашган мактабнинг 9-ўқувчи жиноят содир этгани тўғрисида маълумот ўқиб эшиттирилди, ажабландим. Бир йил аввал содир бўлган воқеа статистикани тўғрилаш учун ҳисобга олинмаган. Бу орада опа турмушга чиқиб кетгани боис, қудалар орасида янги келинни обрўсизлантирмаслик учун мактаб ўқувчисини ҳисобга олишибди. Бир йил давомида содир этмаган иши учун ўқувчи билан тарғибот ишларини олиб бордик, бир оилани бузилиб кетмаслиги учун мактаб жамоаси билан асл воқеани билсакда, билиб-билмаганга олдик.
Ички ишлар вазирлиги тизимида бир қатор ўзгаришлар, ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Президентнинг “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида ҳар бир маҳалла, оила ва шахс кесимида ҳуқуқбузарликлар олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишга оид муаммолар бевосита жойларнинг ўзида ҳал этилиши белгиланди.
Тошкент ва Самарқанд вилоятларида 2021 йил 1 июнгача профилактика инспекторига масофадан туриб мурожаат юбориш ва уни кўриб чиқиш жараёнини кузатиб бориш имконини берувчи “Smart маҳалла” ахборот дастури ишга туширилади.
Мазкур ахборот дастури 2021 йил якунигача республика бошқа ҳудудларида ишга туширилади. Глобалашув даврида тизимга бундай имкониятлар яратилиши соҳада ижобий ишларга хизмат қилишига умид қиламиз.
Бош прокуратуранинг Жиноий-ҳуқуқий статистика бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари тугатилиб, Ҳуқуқий статистика ва тезкор-ҳисоб маълумотлар маркази ташкил этилди. Бу юқори ишончи белгис. Ишончни оқлаш керак, акс ҳолда, у омонат бўлади.
Шоҳиста ТУРҒУНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.
“Ўзбекистон овози”