Ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича жорий йилда амалга ошириладиган устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари коронавирус пандемияси туфайли энг катта қийинчиликларга тўқнаш келган соҳа бу — иқтисодиётнинг хизматлар сектори бўлганини таъкидлар экан, унинг мана шундай мураккаб бир даврда ҳам одамлар дардига дармон бўла олишини ўзининг ҳаётбахш фикрлари, ташаббуслари билан тўлиқ асослаб берди ва мутасадди вазирликлар, идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимият вакиллари олдига бир қатор долзарб вазифаларни қўйди.
Дарҳақиқат, мазкур соҳа шунчалик кенг қамровлики, у кириб бормаган бирор бир жабҳа йўқ. Таълим, соғлиқни сақлаш, саёҳат, дам олиш, овқатланиш, инсонларнинг ўзаро мулоқоти ва ҳоказо. Буни узоқ давом эттириш мумкин. Шунингдек, нисбатан кам инвестиция эвазига иш ўринларини тез ярата олиш имконияти ҳам соҳанинг муҳим жиҳати ҳисобланади. Яна бир аҳамиятли томони, аксарият иш ўринлари катта малака ва билим талаб қилмайди. Мана шу томонлама ҳам камбағал аҳоли қатлами мавжуд мамлакатлар учун ишсизлик ва камдаромадлик муаммосини тезроқ бартараф этишда ушбу соҳани ривожлантириш катта имкониятлар эшигини очади.
Масаланинг долзарблиги нимада?
Ҳозирги вақтда дунё мамлакатлари ичида хизматлар соҳасини ривожлантиришдан нафақат камбағал ёки ночор давлатлар, балки миллий иқтисодиётининг ўзагини йирик ва замонавий саноат қувватлари ташкил қилган АҚШ, Япония, Жанубий Корея ва бошқа кўплаб ривожланган ҳамда тез суръатларда ривожланиб бораётган мамлакатлар ҳам манфаатдорлигини кузатиш мумкин. Масалан, 2020 йил якуни бўйича АҚШда хизматлар секторининг ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)даги улуши— 78,9 фоизни, соҳада банд бўлган аҳоли сони эса 79 фоизни ташкил қилган. Бў кўрсаткичлар мос равишда Буюк Британияда — 71,0 фоиз ва 81 фоизни, Кореяда — 56 фоиз ва 70 фоизни ташкил қилади.
Постиндустриал даврни кечираётган Германияда хизматлар 78 фоиздан ортиқ бўлиб, унинг каттагина қисми (40 фоиздан зиёди) бевосита саноат ишлаб чиқариши билан боғлиқ хизмат турларини ташкил қилади. Бошқача айтганда, бугунги Германия иқтисодиёти хизматлар ва илмга асосланган иқтисодиёт соҳаларидан иборат, десак хато бўлмайди. Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, иқтисодиёт қанчалик самарали фаолият олиб боргани сари хизматларга бўлган талаб ҳам ортиб боради.
МДҲ давлатларида эса хизматлар соҳасининг ривожланиши бироз бошқача хусусиятга эга. Ушбу мамлакатлар айни пайтда рақобатга ўрин бўлмаган, “режали” социалистик тузумнинг асоратларидан холос бўлиш жараёнида хизматлар соҳасининг мутлақо мавжуд бўлмаган ёки ўта ортда қолиб кетган турларини ривожлантириш даврини ҳанузгача бошидан кечириб келмоқда. Мисол учун, хизматлар соҳасининг ЯИМдаги улуши бугунги кунда Қозоғистонда 55,5 фоизни, соҳада банд бўлганлар сони эса — 64 фоизни, Қирғизистонда мос равишда — 50,2 фоиз ва 55 фоизни, Беларусда — 48,8 фоиз ва 58 фоизни ташкил қилмоқда. Кўриниб турибдики, деярли барча МДҲ давлатларида нафақат ишсизлик ва камдаромадликни қисқартириш, шунингдек, иқтисодиётнинг замонавий соҳаларини шакллантириш ва ривожлантиришда хизматлар соҳасини жадал суръатларда ўсишини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистонда ҳам бу кўрсаткич кўнгилдагидек эмас: хизматлар соҳасининг ЯИМдаги улуши 36,3 фоизга, соҳада банд бўлганлар сони эса 50,1 фоизга тенг. Шундан келиб чиқиб куни кеча бўлиб ўтган селектор йиғилишида Президентимиз олға сурган ташаббус, таклиф ва ғоялар негизида Ўзбекистоннинг ўз олдига қўйган стратегик мақсадларга эришишига қаратилган бир қанча муҳим вазифалар турганлигини кўришимиз мумкин.
Камчиликни англаш имконият эшигини очади
Селектор йиғилишида давлат раҳбари таъкидлаганидек, бугунги кунда Ўзбекистон учун энг долзарб масалалардан бири бу — хизматлар ҳажмини кескин ошириш эвазига аҳолининг ишсиз қатламини банд қилиш ва уларга барқарор даромад манбаини яратиб бериш.
Айни пайтда ушбу соҳада аҳоли жон бошига кўрсатилган хизматлар ҳажми 6,4 миллион сўмни ташкил этмоқда. Бозор хизматлари таркибида энг катта улушни савдо (25,8 фоиз), транспорт (24,6 фоиз) ва молиявий хизматлар (20,9 фоиз) эгаллайди. Ахборотлаштириш, консалтинг, таълим, соғломлаштириш, тиббиёт хизматлари эса ушбу анъанавий хизмат турларига нисбатан анча ортда қолмоқда.
Бундан ташқари, хизматлар соҳасининг ривожланишида ҳудудий табақаланиш юқорилигича қолмоқда. Яъни кўрсатилган бозор хизматлари умумий ҳажмидаги энг катта улуш Тошкент шаҳри (36,9 фоиз), шунингдек, Тошкент (7,5 фоиз), Самарқанд (6,6 фоиз) ва Фарғона (6,1 фоиз) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. Хизмат кўрсатиш соҳасининг энг паст улуши Hавоий (2,6 фоиз), Жиззах (2,3 фоиз) ва Сирдарё (1,5 фоиз) вилоятларида қайд этилмоқда. Аҳоли жон бошига хизматлар ҳажмида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида (8 308,2 минг сўм) ва энг паст кўрсаткич Қашқадарё вилоятида (824,9 минг сўм) кузатилди.
Бундай ҳудудий табақаланиш нафақат мавжуд камчиликларни кўрсатади, айни чоғда, мамлакатимиз ҳудудларида хизматлар соҳасини ривожлантиришда жуда катта имкониятлар мавжудлигидан дарак беради.
Берилган имтиёзлар самара беряптими?
Мамлакатимизда коронавирус пандемиясининг тадбиркорлик субъектлари, хусусан, хизматлар соҳасида фаолият кўрсатаётган субъектларга бўлган таъсирини камайтириш мақсадида ўндан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, улар орқали бир қатор имтиёз ва енгилликлар тақдим қилинди. Хусусан,
— умумий овқатланиш ва ижарага беришга ихтисослашган корхоналар айланмасидан олинадиган солиқни тўлашдан озод этилди;
— кичик тадбиркорлик субъектлари, бозорлар, савдо ва умумий овқатланиш фаолияти билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектлари мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилинди;
— туроператорлар, турагентлар ва жойлаштириш воситалари, ҳаво йўллари транспорти субъектлари ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада 1 фоиз миқдорида тўлаши белгиланди;
— туроператорлар, турагентлар, шунингдек, жойлаштириш воситалари учун фойда солиғи ставкаси белгиланган ставкага нисбатан 50 фоизга камайтирилди;
— умумий овқатланиш корхоналари учун белгиланган ходимларнинг йиллик ўртача сони 25 нафардан 50 нафарга оширилди (кичик тадбиркорлик субъектлари учун).
Йиғилишда ушбу соҳадаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун солиқ имтиёзлари, субсидия ва бошқа преференциялар тақдим этиш орқали 35 триллион сўмлик кўмак берилгани таъкидланди. Жумладан, 2020 йилда деярли 12 триллион сўмлик солиқ имтиёзлари берилди, шу билан бирга, 75 мингга яқин кредитларнинг 10 триллион сўмлик кредит фоизлари муддатлари кечиктирилди. Маълумот учун: 2021 йил 1 апрель ҳолатига кўра тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан 5,9 триллион сўмлик банк кредитига 1,3 триллион сўмлик кафиллик ва компенсация маблағлари ажратилган.
Юқорида келтирилган чоралар кўрилганига қарамасдан, хизматлар соҳасини янада ривожлантириш учун қўшимча вазифалар белгиланиши лозимлиги таъкидланди.
Янги ташаббус ва лойиҳалар амалга оширилади
Яна бир аҳамиятли жиҳати — ҳудудларда хизматлар кўламини кенгайтириш, янги хизмат турларини жорий этиш орқали соҳада ижобий муҳитни яратиш ҳамда унинг мамлакат иқтисодиётидаги улушини кескин ошириш йиғилишда устувор вазифа этиб белгиланди. Бунинг учун хизматлар соҳасининг самарадорлигини янада ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича мақсад кўрсаткичларига эришиш учун тижорат хизматларини ривожлантириш, ҳар бир туман ва шаҳарларда хизматлар соҳасини драйверга айлантириш бўйича маҳаллий хокимият ва бошқарув органлари ўз иш режаларини қайта кўриб чиқиши кераклиги уқтирилди.
Бундан ташқари, ҳар бир туман ва шаҳарларда хизмат кўрсатишни ривожлантириш ва бу борада янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун махсус марказлар ташкил этилади. Миллий банк қошида эса ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда бизнес лойиҳалар ишлаб чиқариш бўйича махсус тузилма ташкил этилиши маъқулланди.
Жорий йилда транспорт ва логистика хизматларини ривожлантириш, чекка ҳудудларнинг интернет билан таъминланганлик даражасини ошириш ва сифат кўрсаткичларини яхшилаш, йўл бўйи хизмат кўрсатиш инфратузилмаларини замонавий талабларга мослаштириш, соғлиқни сақлаш тизимида бўш турган бино ва ерлардан самарали фойдаланиш мақсадида ушбу соҳага хусусий секторни кенг жалб қилиш ҳамда улар фаолиятини кенгайтириш асосий вазифалардан бири этиб белгиланди.
Электрон тижорат фаолиятини ривожлантириш, қишлоқ жойларда хизматлар соҳасини ривожлантириш ва сифатини яхшилаш, маиший хизмат соҳасини фаоллаштириш, ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш ҳамда норасмий операциялар ҳажмини кескин қисқартиришнинг амалий чораларини кўриш ҳар бир ҳудуднинг муҳим вазифаларидан бири бўлиши қайд этилди.
Жойларда ташкил этилган кластерлар билан хизматлар соҳасини боғлиқ ҳолда ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилди. Пахтачилик ва агрокластерлар мажмуасига кирувчи қишлоқ хўжалигига сервис ва бошқа хизматларни кўрсатувчи соҳаларни ривожлантириш, тиббиёт олийгоҳларига яқин ҳудудларда тиббиёт кластерларини ташкил этиш, олий таълим муассасаларига туташ бўлган ўқув-консалтинг марказларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Давлат статистика қўмитасига хизматларни ҳисобга олишнинг методологияси ва методикаларини қайта кўриб чиқиш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда бюджет ва банк маблағлари ҳисобидан хизматлар соҳасига оид лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида ажратиладиган 500 миллион АҚШ доллари ёки 5,5 триллион сўм маблағдан жойларда мақсадли ва самарали фойдаланиш устидан тегишли назорат органлари томонидан тизимли равишда мониторинг олиб борилиши айтилди.
Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифаларнинг жойлардаги ижроси хизматлар соҳасини ривожлантиришда концептуал жиҳатдан мутлақо янги тизимни жорий этиш имконини беради. Ушбу тизим, энг аввало, иқтисодиётда эркинликни ҳис қилган тадбиркорлар учун хизматлар соҳасига ўз капиталини тикишга қаратилган позитив “сигналларни” бера бошлади. Бу, ўз навбатида, жойларда янги ташаббус ва лойиҳаларни амалга оширишга туртки беради. Ижобий натижалар эса узоқ куттирмайди, чунки соҳанинг хусусияти шундай — киритилган сармоя тез самара беради.
Шарофиддин НАЗАРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси