Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида ҳукумат ҳисоботи муҳокамаси жараёнида ишсизликни қисқартириш, янги иш ўринлари ташкил этиш борасида жойларда амалга оширилаётган ишлар танқид қилинди.
Бу борада маҳаллий ҳокимиятлар томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар кутилган натижаларни бермаётгани таъкидланди. Қайд этилишича, ҳозир юртимизда 1 миллион 600 минг аҳоли ишсиз бўлиб, уларнинг 805 мингдан ортиғи 16-30 ёшдагилардир.
Агар жорий йилда меҳнат бозорига яна 560 минг битирувчи кириб келишини эътиборга олсак, бандлиги таъминланиши лозим бўлган ёшлар сони 1 миллион 365 мингдан ортиқни ташкил қилади. Шу боисдан 2021 йилдаги давлат дастурида ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилган.
Аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18 миллиондан зиёд бўлган, аҳолисининг қарийб 55 фоизини ташкил этувчи мамлакатимиз учун ниҳоятда долзарбдир. Шундай экан, бу муаммо билан шуғулланиш ижроия ҳокимиятнинг барча бўғиндаги раҳбарларининг ҳар кунлик вазифасига айланиши керак.
Бироқ, афсуски, аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсизлар тақдирига куюнчаклик билан муносабатда бўлиш ҳолатларига ҳамма жойда ҳам дуч келинавермайди. Ҳатто ҳудудида қанча ишсиз борлиги, улар ниманинг орқасидан тирикчилик қилаётгани ва нима билан бандлигидан бехабар раҳбарлар бор, десак адашмаймиз.
Даромад манбаига эга бўлмаган аҳоли қатламини ишсизликдан ҳимоялаш, давлат ресурслари ва имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳукумат олдидаги асосий вазифа, деб ҳисоблаймиз.
Жойларда аҳолининг ўзини ўзи банд қилиши учун ажратилган бюджет маблағлари мутасаддилар лоқайдлиги натижасида самарасиз сарфланмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партиямиз фракцияси аъзолари ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари мунтазам равишда бандлик бўйича белгиланган вазифалар ижросини назорат қилмоқда. Афсуски, натижалар кутилганидек эмас.
Мамлакатда аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсизликни камайтириш, аҳоли даромадларини ошириш, турмуш даражасини кўтариш борасида тизимли чора-тадбирлар кўриш зарур. Давлатнинг ишсизликни камайтириш ва бандлик сиёсати ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, стратегик ва тактик мақсадлар асосида ишлаб чиқилиши лозим.
Ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий вазият бири-биридан фарқ қилади. Бандлик ва янги иш ўринларини яратиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишда шу нуқтаи назардан ёндашиш керак. Акс ҳолда, иш ўринлари қоғозда яратилади, сохта статистика шаклланади. Иш ўрни ҳақидаги ёлғон рақамлар кўпайиши ишсизлик муаммосини янада оғирлаштиради. Боиси, иш ўринлари учун йўналтирилган ресурслар беҳуда кетади.
Яна бир муҳим йўналиш борки, узоқ йиллардан буён гапириб келинаётгани билан салмоқли натижаларга эришилмади. Гап ҳудудларда саноатни ривожлантириш, муносиб ҳақ тўланадиган иш ўринлари яратиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳақида бормоқда. Афсуски, ўтган даврда бу борада қабул қилинган айрим қарорлар, дастурлар фақат қоғозда қолиб кетмоқда.
Банд бўлмаган аҳоли сонининг асосий қисми чет ҳудудларга тўғри келиши, хорижга иш излаб кетаётганларнинг асосий қисми чет ҳудудларда яшовчи фуқаролар экани афсусланарлидир. Ҳозир бу мақсадлар учун илгарилари тасаввурга ҳам келмаган маблағлар ажратилмоқда, зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Раҳбарлардан, мутасаддилардан талаб этиладигани фидойилик, тиниб-тинчимаслик, изланиш, холос. Бу хусусиятларга эга раҳбарлар ишлаётган жойларда қандай ўзгаришлар бўлаётгани ҳаммага кўриниб, билиниб турибди.
Халқ демократик партияси ҳукумат фаолиятига ишсизлик масаласи қандай ҳал этилаётганига қараб, баҳо берилиши зарур, деб ҳисоблайди. Шунинг учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари билан ҳамкорликда республикадаги иш ўринлари яратилиши билан боғлиқ реал вазиятни танқидий таҳлил қилмоқда.
Янги иш ўринлари яратилиши мамлакат иқтисодиёти ўсаётганининг энг муҳим белгиларидан биридир. Ҳукумат бу масалага ижтимоий барқарорликнинг муҳим шарти сифатида ёндашиши зарур бўлмоқда.
Афсуски, республикамизда ишсизлик ҳамон юқори даражада сақланиб қолмоқда. Бугунги куннинг ўткир, оғриқли муаммоси хусусида жиддий бош қотириб, аниқ, самарали чора-тадбирлар кўриш тақозо этилаяпти.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси