Коррупцияга қарши курашда қонунчилик нормаларини кучайтириш лозим

 

Коррупция дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган глобал муаммолардан биридир. Ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Шу боис унга қарши кураш халқаро аҳамият касб этиб, жаҳон сиёсатининг муҳим масалалари қаторидан жой олган.

Дарҳақиқат, коррупция ҳар қандай жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий, маънавий ҳаётига хавф соладиган, қолаверса, мамлакат тараққиётига тўсиқ бўладиган иллатдир. Ҳақиқатан ҳам, хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш орқали ноҳалол даромад кўриш бугунги кунда кўплаб давлат ва жамиятларни издан чиқармоқда.

Сўнгги кунларда ОАВда берилаётган маълумотларни ўқир экансиз, бюджет маблағларини талон-тарож қилиш орқали бойлик орттираётган мансабдорларнинг хатти-ҳаракатларидан ёқангизни ушлаб қоласиз. Жиззах вилоят ҳокими ўринбосарининг қилмишлари, Андижон вилоятидаги бўлиб ўтган ҳолатлар одамни чуқур ўйга толдиради. Бундай қилмишлар бошқа вилоят, туман ёки шаҳарларида содир этилмаган деб ҳеч ким кафолат беролмайди. Айниқса, бюджет маблағларининг ноқонуний, мақсадсиз сарфланиши йилдан йилга ўсиб бораётгани барчада жиддий хавотир уйғотмоқда. Жумладан, 2019 йилда 1,1 трлн. сўм, 2020 йилда эса 2,7 трлн. сўм бюджет маблағлари талон тарож қилингани бу иллат нақдар кенг тарқалганидан далолат беради. Ваҳоланки, бюджет қанчалик қийинчилик билан шакллантирилаётгани, уни тақсимлаш жараёнида ҳар бир сўм тортишувларга сабаб бўлаётганидан жамоатчилик яхши хабардор, деб ўйлаймиз. Ана шундай бир шароитда уйсизларга бошпана қуришга, йиллар давомида ичимлик сувига зор бўлиб келган аҳолини оби-ҳаёт билан таъминлашга, келажагимиз эгаларининг муносиб таълим олишларига, халқ саломатлигини муҳофаза этишга йўналтирилган маблағларни инсофсизларча ўзлаштириш, талон-тарож қилиш давлатимизга, халқимизга, болажонларимизга хиёнат эмасми?!

Қурилишдаги талон-тарожликлар натижасида қанчадан қанча иморат ва иншоотлар сифатсиз барпо этилди. Ўтган йилнинг йирик фожиаси – Сардоба сув омборидаги ҳалокатга ҳам айнан ушбу омил сабаб бўлгани сир эмас. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин ва уларнинг сабабларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Албатта, бу иллатлардан кўз юмилаётгани, томошабин бўлиб турилгани йўқ. Коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилмоқда, унинг илдизига болта уриш учун тегишли чора-тадбирлар кўриляпти. Бироқ, афсуски, кутилган натижа, самарага эришилгани йўқ. Шу боисдан, жамоатчилик томонидан коррупцияга қарши курашда кескин чораларни қўллаш, қонунчиликда ушбу турдаги жиноятлар учун жазони кучайтириш борасида таклифллар билдирилмоқда. Юқоридагиларга кўра, биз ҳам коррупцияга қарши курашда қонунчиликдаги мавжуд нормаларни янада кучайтириш, бу борада ягона назорат-текширув органи тузиш тарафдоримиз. Бу хусусда билдирилаётган таклиф ва ташаббуслар коррупцияга қарши олиб борилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади, деб ўйлаймиз.

 

Дилбархон Мамаджанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш