Бугун Халқ демократик партияси фракцияси жорий йилги Давлат дастурининг 1-чорак ижроси тўғрисидаги ҳукумат ҳисоботини муҳокама қилди.
Аввал хабар берилганидек, йиғилишда аҳолининг минимал истеъмол ҳаражатларини эълон қилиш масаласи кўтарилди.
Фракция аъзоси Шербек Бўронов Давлат дастурининг 145-бандида белгиланган аҳолининг минимал истеъмол ҳаражатларини эълон қилиш вазифаси ханузгача ижро этилмагани, ҳисоботда ҳар хил важлар кўрсатиб ўтилганини таъкидлади.
Айтиш жоизки, Халқ демократик партияси учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу масала ижроси ҳукумат томонидан мунтазам равишда орқага сурилиб келинмоқда. Яшаш минимумини эълон қилиш масаласи биринчи марта ўтган йил 1 октябрга қадар вазифа қилиб қўйилган эди. Ижроси таъминланмади. Кейин эса 2020 йил декабрь ойидаги Президент Мурожаатномасида ҳам яшаш минимумини ишлаб чиқиб, жорий қилиш вазифаси белгиланганди. Аммо, бу сафар ҳам вазифа бажарилмаган. Шунинг учун фракция йиғилишида мутасаддилардан қатъий изоҳ сўралди.
Лекин, Камбағалликни қисқартириш ва иқтисодиётни ривожлантириш вазирлиги мутасаддилари “йил охиригача ишлаб чиқилади” деган мазмунда, муддат бўйича яна мавҳум жавоб беришди.
Халқ демократик партияси фракцияси халқимиз анча вақтдан бери кутаётган ушбу долзарб ижтимоий масала бўйича Ҳукумат жамоатчиликка очиқ-ойдин маълумот бериши, кечикиш сабабларини аниқ-равшан тушунтириши ҳамда реал муддатни белгилаши зарур, деб ҳисоблайди.