ЎзХДП фракцияси ҳукумат ҳисоботини маъқулладими?

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг бугунги йиғилишида Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2021 йил  биринчи чоракдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Давлат дастури 273 та банддан иборат бўлиб, унда 117 та бандида норматив-ҳуқуқий ҳужжат, 156 та чора-тадбирлар дастурлари ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Хусусан, жорий йилнинг биринчи чорагида 41 та топшириқнинг ижросини таъминлаш белгиланган бўлиб, ҳисобот даврида улардан 32 таси тўлиқ бажарилган, 8 та банднинг ижроси юзасидан тегишли ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилган, 1 та банд белгиланган муддатда бажарилмаган.

Ҳисоботда қайд этилишича, коронавирус пандемиясининг республикадаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга таъсирини юмшатиш борасида ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида 2021 йилнинг биринчи чорагида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 103,0 фоизни ташкил қилган. Жумладан, савдо айланмаси ҳажми 46,7 трлн. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 102,8 фоизга ўсиш кузатилган. Жами хизматлар ҳажми 61,0 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,8 фоизга ўсган, давлат бюджети даромадлари 33,9 трлн. сўмга ижро этилган.

Фракция аъзолари Давлат дастури асосида ижтимоий соҳада амалга оширилган ишлар, эришилган натижаларга алоҳида эътибор қаратди.

Аҳоли мақсадли скрининги ва патронажи ҳамда уларнинг саломатлигини тиклаш ишлари юзасидан жорий йил 31 март ҳолатига 21 та оилавий шифокор пункти ва 6 та оилавий поликлиника, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.  “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари янги тузилган Агентлик тизимига ўтказилиб, уларда яшовчи ёлғиз пенсионерларга шахсий сарф-харажатлари учун камида тўланадиган ойлик пенсия миқдори 10 фоиздан 20 фоизга оширилгани депутатлар томонидан эътироф этилди.

Депутатлар Давлат дастурида белгиланган айрим вазифалар ижроси бўйича ҳисоботда етарлича маълумотлар акс этмаганини таъкидлаб, вазирлик-идоралар мутасаддиларидан изоҳ сўради. Шунингдек, депутат сўровларига бир хил мазмунда, юзаки жавоблар бериш ҳолатлари кузатилаётганига эътироз билдирилди.

Муҳокамалар жараёнида коронавирус билан боғлиқ мураккаб вазият бутун дунё иқтисодиётига, жуда кўплаб соҳалардаги ўсишга жиддий салбий таъсир кўрсатаётгани, Президентимизнинг кўрсатма ва топшириқлари асосида мамлакатимизда умумий вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш учун барча зарурий чоралар кўрилаётгани, Халқ демократик партияси пандемияга қарши кураш бўйича амалга оширилаётган ишларни тўлиқ қўллаб-қувватлаётгани маълум қилинди.

Депутатлар фикр-мулоҳазалари асосида фракция ҳукуматнинг Давлат дастурининг биринчи чоракдаги ижросига оид ҳисоботини маъқуллади.

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш