«Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастурининг 2021 йил биринчи чорагида бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботида ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишида бир қатор ишлар амалга оширилгани кўрсатилган.
Хусусан, халқ таълими тизимида бугунги кунга қадар 9 114 та (91%) умумтаълим мактабларига юқори тезликдаги оптик толали интернет тармоғи тортилди ҳамда 4715 та умумтаълим муассасалари ички локал тармоқ ускуналари, Wi-Fi қурилмалари билан таъминланди, дейилган.
Депутатлар томониданн ҳудудларда назорат-таҳлил тартибидаги ўрганишларда умумтаълим мактабларидаги таълим жараёнлари, яратилган шарт-шароитлар таҳлилига алоҳида эътибор қаратилади.
Халқ таълими тизимига ахборот коммуникация технологияларини жорий қилишдаги реал ҳолат эса юқорида келтирилган рақамларга мос эмасдек кўринмоқда.
Сабаби, сайлов округим ҳисобланган Денов туманида 4 та мактаб (47, 94, 95, 96) умуман компьютер билан таъминланмаган. Ўтган йили Халқ таълими вазирлигига бу борада юборилган депутатлик сўровига йил якунига қадар масала ҳал этилиши ҳақида жавоб берилган бўлса-да, ҳалигача натижа бўлмаган. (Ҳатто вазир ўринбосарига масала юзасидан телефон орқали билдирилган ҳам).
Ёки тумандаги 18 та мактабдаги компьютерлар эскирган. Тумандаги 103 та мактабдан 44 таси (42,7 %) оптик толали интернет тармоғига уланган холос.
Энди ўйлаб кўринг, комьпютери бўлмаган, ундан фойдаланиш кўрсатгичи паст бўлган мактабларда “бир миллион дастурчи”, оптик толали интернет, ривожлантиришимиз керак бўлган информатика фанининг натижадорлиги ҳақида қандай сўз юритиш мумкин?
Биргина туманда шундай аҳвол бўлганда, Халқ таълими вазирлиги 91 фоизлик кўрсаткични қаердан олди экан?..
Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.