Глобал иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг ва иқтисодиёт тармоқларининг ўсиши натижасида сувга бўлган талаб йил сайин ошиб бориши туфайли сув ресурсларининг тақчиллиги йилдан-йилга кучайиб бормоқда. Бундай шароитда оби-ҳаётни тежаб-тергаш, исроф қилмаслик, унинг ҳар бир томчисидан оқилона фойдаланиш талаб этилади.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони, жорий йилнинг 22 апрелида имзолаган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу мақсадларда қабул қилинди. Мазкур қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, назоратини қилиш, сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ҳамда ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқади.
Юқорида номи келтирилган фармон билан мамлакатимизда сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси ҳамда концепцияда белгиланган вазифаларни 2020-2022 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”, Президент қарори билан эса сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси тузилмаси тасдиқланди. Инспекция бошлиғи Президент томонидан лавозимга тайинланади.
Қарорда белгиланганидек, инспекция ходимларига:
— сув хўжалиги объектларида инспекторлик текширувларини ўтказиш;
— хавф даражаси юқори бўлган сув хўжалиги объектларига монеликсиз кириш, уларнинг хавфсизлиги ва ишончли ишлаши юзасидан техник назоратни ташкил этиш масалаларига, уларнинг хавфсизлиги ва ишончли ишлаши юзасидан техник назоратни ташкил этиш масалаларига, уларнинг қўриқланиши ҳамда муҳофаза зоналари ва соҳилбўйи минтақалари ўрнатилганлигига доир материаллар билан танишиш;
— сув хўжалиги объектларини техник соз ҳолатда сақлаш ва муҳофаза қилиш, уларнинг хавфсизлигини ва ишончли ишлашини таъминлаш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома ҳамда кўрсатмалар киритиш каби ваколатлар бериляпти.
Ўрни келганда айтиш лозим, яқин қўшничилик ва ўзаро биродарлик алоқаларини ривожлантириш, минтақадаги мавжуд муаммоларни ҳамкорликда ҳал этиш борасида давлатимиз юритаётган сиёсат туфайли сув ресурсларидан ҳамкорликдан фойдаланиш борасида чегарадош республикалар билан бир қатор келишувлар имзоланди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2018 йилда Тожикистон Республикасига амалга оширган давлат ташрифи давомида расмий Душанбе билан бу борада таъбир жоиз бўлса, тарихий келишувга эришилди. Унга кўра Тожикистондан “Катта Ҳисор” канали орқали Сурхондарё воҳасига оби-ҳаёт олиб келинади. Бу билан воҳадаги экин майдонларида юзага келиши мумкин бўлган сув танқислигини юмшатиш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларидан янада мўл ҳосил олишга замин яратилади. Бу айниқса, менинг сайлов округим ҳисобланган Узун тумани сайловчиларини чексиз қувонтирди.
Бинобарин, сувсиз ҳаёт йўқ, табиатнинг бу бебаҳо неъматидан оқилона, тежаб-тергаб фойдаланиш барчамизнинг бурчимиздир.
Мавжуда ҲАСАНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси аъзоси.