Меҳнат хавфсизлигига риоя қилмаганлик учун жавобгарликни кучайтириш зарур

 

24 апрель куни яна бир бахтсиз ҳодиса хабари кенг тарқалди. Наманган вилояти прокуратураси ахборот хизмати хабарига кўра, қурилиши тугалланмаган кўп қаватли уйларга канализация тармоғини тортиш учун “траншея” ковлаш ишлари олиб борилаётган вақтда, тупроқ қатламининг ўпирилиб кетиши натижасида ер сатҳидан 4,5 метр пастликдаги траншея ичида ишлаётган икки нафар ёлланма ишчи тупроқ остида қолиб, ҳодиса жойида вафот этишган.

Олиб борилган терговга қадар текширув натижасида қурилиши тугалланмаган кўп қаватли турар жой объектлари қурилиши ва канализация тармоғи тортиш ишлари Наманган шаҳрида фаолият олиб борувчи “Azizbek Avtogaz Servis” МЧЖ томонидан амалга оширилаётганлиги, жамиятга турар жой объектларини қуриш учун Наманган шаҳар ҳокимининг 20.06.2018 йилдаги 913-сонли қарорига асосан рухсат берилганлиги, бироқ канализация тармоғи тортиш учун ер участкасида қазиш ишларини амалга оширишга шаҳар ҳокимининг тегишли рухсатномаси олинмаганлиги аниқланган.

Энг аввало, Ўзбекистон Халқ демократик партияси вафот этган юртдошларимизнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Икки инсоннинг бевақт ўлими учун ким жавоб беради?

Қачонгача меҳнат хавфсизлиги масалаларига кўз юмилади?

Аксарият ташкилотларда меҳнат хавфсизлигини таъминлаш тизими қониқарли йўлга қўйилмаган. Айниқса, қурилиш соҳасида меҳнат жараёнида инсоннинг хавфсизлигини, ҳаёти ва соғлиғи, иш қобилияти сақланишини таъминлашга доир талабларга кўп ҳолларда риоя этилмайди. Меҳнатни муҳофаза қилишга масъул ташкилотлар эса бино қулаб тушса ёки кимдир вафот этсагина ҳаракатга тушиб қолади. Шунда ҳам фақат муносабат билдириш, ахборот бериш билангина чекланиб қолмоқда. Бундай фожеалар такрорланмаслиги учун, барча соҳаларда, айниқса, қурилиш соҳасида меҳнат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига эътибор ва жавобгарликни ошириш вақти келди.

Ушбу нохуш ҳодиса юзасидан ишчи ходимларга тегишли меҳнат шароитлари ва меҳнат хавфсизлигини таъминламаган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда қатъий жавобгарликка тортилиши зарур, деб ҳисоблаймиз.

Шунингдек, ишлаб чиқаришда меҳнат муҳофазасига масъуллар келгусида бу каби ҳолатлар содир бўлишининг олдини олиши, хавфсизлик чораларини кучайтириш масалаларига масъулият билан ёндашишлари, ўз лавозим мажбуриятларини сидқидилдан бажаришларини сўраймиз.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг меҳнат муҳофазасига масъул тузилмаси фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилиши зарур.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

← Рўйхатга қайтиш